Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туркия элчиси: «Ота юртда элчи бўлиш мен учун шараф» (видео)

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали Ўзбекистондаги хорижий давлатларнинг элчилари билан суҳбатларини давом эттиради. Галдаги меҳмон Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Олган Бекар бўлди.

— Ассалом алайкум, жаноб элчи. Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланганингизга узоқ вақт бўлмади. Мана шу давргача, айнан сизнинг элчилик миссиянгиз бошланган кунгача ҳам икки қардош мамлакат ўртасидаги иқтисодий, сиёсий ва таълим жиҳатдан алоқаларимиз бор эди ва сиз бу ҳамкорликни қай даражада баҳолаган бўлар эдингиз?

— Саволингизга жавоб беришдан аввал, бир нарсани айтиб ўтишим жоиз. Турк-ўзбек халқлари битта оилага мансуб, қардошлар. Бу жуда муҳим ҳақиқат. Буни ҳеч қанақасига унутмаслик лозим. Икки қардош халқ сифатида бизлар битта миллат, маданият, дин, тил илдизларининг ўтмишини ўртоқлашганмиз. Бир халқ, бир оиланинг аъзоларимиз. Бир илдизли тарихга мансублигимиз боис бир-биримизга қандай баҳо беришимизни баллар билан ўлчаш ножоиз. Ўртамиздаги мавжуд муносабатларга алоҳида ўрин берганмиз. Қардошимиз билан алоқаларимизга баллар билан баҳо бериш тўғри ёндашув эмас, деб ҳисоблайман. Шунинг учун биз Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларга, айниқса, сўнгги 4 йилда, мукаммал деб баҳо берамиз. Муносабатларнинг ўтмиши эмас, келажагига бутун саъй-ҳаракатларимизни йўналтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Муносабатларни сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, маданий деб ажратиш мумкин, айниқса, кейинги йилларда муҳтарам Президент Мирзиёев етакчилигида Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган ислоҳотлар билан параллел равишда муносабатларимиз ҳар соҳада жадаллаб бормоқда. Бунда ғайрат кўрсатишда давом этяпмиз.

Мен бу ерга келганимга 3 ой бўлди, 1 март куни ўз ишимни бошладим. Аввало, шуни алоҳида айтиб ўтишим лозим: Туркия элчиси, турк дипломати ўлароқ бизларнинг, яъни туркларнинг «Ота юрт» деб атаганлари бу заминда элчи бўлиш мен учун буюк шараф. Каттадан-катта шараф. Мен келганимда муносабатлар зотан мукаммал даражада ривожланаётганди, айниқса, иккала давлат раҳбарлари ўртасидаги шахсий муносабатлар, ўзаро дўстлик ва ишонч, бизларнинг бу муносабатларни пойдеворини ташкил этмоқда. Етакчиларимиз ўртасидаги бу муносабатга таянган ҳолда, икки мамлакат ўртасида стратегик шерикликни ривожлантириш йўлида шижоат кўрсатишда давом этяпмиз.

— Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги Туркия билан муносабатларини шартли уч даврга бўлса бўлади. Биринчиси, 1991-2005 йиллар: бу даврда қатор ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди, турк ишбилармонлари учун республикада кенг имкониятлар яратиб берилди, маданий ва таълим йўналишида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Иккинчиси 2005-2016 йилларни ўз ичига олади ва турғунлик даври сифатида баҳоланади: бунда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар деярли узилиб қолди. Учинчи давр, 2016 йили Самарқандда Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасидаги учрашувдан сўнг бошланди. Айнан шу вақтдан бошлаб алоқаларимиз яна ўз кучига қайта бошлади. Шу уч даврнинг ютуқ, хато ва хулосалари қандай?

— Аввало, яна бояги гапни айтиб ўтишим лозим бўлади. Турк ва ўзбек халқлари битта оиланинг аъзолари. Узоқ муштарак тарихий ўтмишга эгамиз. Бу заминдан кўчиб кетиб Онадўлида ўрнашганмиз. 1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришди, муайян чегараларда ўз мавжудлигини давом эттирмоқда. Энди эса бундай узоқ ўтмишга эга икки халқ муносабатларига кейинги 10 йил, 20 йилдан қараш унча тўғри бўлмайди. Чунки жаҳонда халқлараро муносабатларнинг пойдеворлари узоқ асрларга бўй чўзган.

Бугунги Франция-Германия алоқалари, Россия-Туркияни олайлик. Уларни даврларга бўлсак, турли натижалар келиб чиқади. Бу ерда муҳими муносабатларимизнинг бугунги ҳолати, улар келиб етган нуқта. Шуниси муҳим. Биз 2016 йилдан бошлаб, сиз ҳам айтиб ўтганингиздек, муҳтарам Президент Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан икки етакчи ўртасидаги муносабатларда жиддий илғорлашга эришилди. Биз ҳам қардош Ўзбекистоннинг сиёсатига мос равишда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилмоқдамиз. Муносабатларни 1992-2005, 2005-2016 йил даврларига бўлиш... Табиийки, биз аввалги ҳолатлардан сабоқ чиқарамиз.

Ақлимизнинг бир чеккасида доимо буларни ёдда тутмоқ керак, лекин шуни айтиб ўтишим керакки, сиз санаб ўтган бу даврлардан буён, мисол учун, Ўзбекистонда тадбиркорлик қилаётган кўплаб турк фуқаролари ҳам бор. Улар доимо ривожланиб бордилар. Бу ердаги турк мактабимиз ўз фаолиятини давом эттириб борди. Тобора кенгайиб, ўз фаолиятини давом эттирди. Мисол сифатида Ўзбекистонда кейинги 20 йилга келиб, тўқимачилик соҳасида ўз фаолиятини юритган турк тадбиркорларини келтириш мумкин. Улар бу 20 йил мобайнида бирон муаммосиз ўз савдоларини юритдилар, ўзбекистонликларнинг аҳоли бандлигига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Жами 10 000 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаганлар.

Ўзбекистон тўқимачилик экспортининг 3/1 қисмини амалга ошираяпти. Буларни барчаси кейинги 4 йилда эмас, аввалдан бу ерда бўлган, ўша пайтлардаёқ ўз бизнесларини ташкиллаштирганлар. Тизим ичра ўзбек фуқаросидек ишлаб, ўз фаолиятларини юритганлар. Муҳими, бизнинг бугун бу муносабатларни ривожлантиришимиз, бунинг учун саъй-ҳаракат қилишимиздир. Энг йирик муваффақиятимиз эса бу бизнинг давлат раҳбарларимиз ва улар юритаётган сиёсатдир. Бу сиёсат йўлимизни ёритади.

Шу асосда биз алоқаларимизни қатор соҳаларда чуқурлаштириш учун ҳаракат қиляпмиз. Кейинги 4 йилда ишониш қийин бўлган ишлар амалга оширилди. Ҳар соҳада катта қадамлар ташланди, механизмлар барпо этилди. Мисол учун булар орасида энг муҳими икки давлат етакчиси раислигида тузилган Стратегик шериклик олий кенгашини айтиш мумкин. Бу кенгаш бир йилда бир маротаба йиғилади. Икки томонлама муносабатларнинг ҳамма томони муҳокама қилиб олинади ва нималар қилиш кераклиги ҳақида қарорлар қабул қилинади. Биз икки томонлама муносабатларнинг истиқболидан катта умидларимиз бор, катта шижоат билан шу умид сари ҳаракат қилишда давом этяпмиз.

— Тан олиб айтишимиз керакки, Ўзбекистон ва Туркия, икки қардош мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик имкониятларидан биз тўла фойдалана олмадик. Бу даврда кўплаб хатоларга ҳам йўл қўйдик. Бу хатоларни қайта такрорламаслик учун қандай йўл тутишимиз лозим?

֫— Агарда биз икки томонлама муносабатларни ҳар соҳада ривожлантира олсак, ҳар соҳада мулоқотлар сонини кўпайтира олсак, ўзаро манфаатлар муҳофаза қилиниб, юқори натижаларга эришилади. Бунинг учун мулоқот керак. Икки давлат ўртасида ҳар савияда: сиёсатчилар, мулозимлар, маданий-гуманитар соҳа вакиллари, санъаткорлар, оддий халқ вакиллари дейсизми, барча даражада мулоқотни кўпайтириш лозим. Ҳозир буларни амалга оширяпмиз. Сал аввал айтганимдек, Стратегик шериклик олий кенгаши доирасида икки мамлакат етакчилари, икки давлатнинг вазирлари икки томонлама муносабатларни ҳар томондан муҳокама қилади.

Шу билан бирга, вазирликлараро учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Мисол учун, ҳозир Ўзбекистон Ички ишлар вазири Туркияда ташриф билан бўлди. Яна бошқа қатор ўзаро мулоқотлар амалга ошади. Бу эса бизларга муносабатларда келиб чиқиши мумкин бўлган англашилмовчиликларнинг олдини олишга имконият яратади. Қанчалик кўп алоқалар механизмини барпо эта олсак, шунчалик кўп муносабатларда келиб чиқиши мумкин бўлган тушунмовчиликларни барвақт илғашни, олдини олишни, тўғри йўлдан оғишмаслигимизни таъминлай оламиз, деб ўйлайман.

— Туркия ва Ўзбекистон, умуман, туркий давлатлар ўртасидаги алоқалар кучайиб бормоқда. Туркий давлатлар бир-бирларига нима бера олиши мумкин? Ўзаро алоқаларда бирламчи жиҳат нима?

— Туркий давлатларнинг етакчилари Туркий Кенгаш остида мунтазам йиғилиб турадилар. Бу кенгаш ҳузурида ҳам ташкилотлар бор, яъни ҳам турли хил идоралараро, ҳам парламентлараро даражада муносабатларни ривожлантириш учун саъй-ҳаракат қилинмоқда. Бунда муҳими шуки, Ўзбекистон ёки Туркия ёхуд Озарбайжон, Қозоғистон ҳар бир мустақил туркий мамлакат кучайиши лозим. Ўзбекистон қанчалик кучайса, қанчалик тараққий этса, фаровонлашса шунчалик хурсанд бўламиз.

Бунда бир-биримизни ҳам халқаро платформада қўллаш, мисол учун БМТда, бошқа ташкилотларда қўллаб-қувватлаш, бир-биримизни ҳимоялаш, агарда шуни амалга ошира олсак, зотан қардош бўлиш шартларини халқаро миқёсда ўз ўрнига келтирган бўламиз, бунинг учун аввало, ўзаро муносабатларимизни юксак савияларга олиб чиқишимиз лозим.

— Туркияда кўплаб ўзбекистонлик муҳожирлар меҳнат қилишмоқда. Миграция масаласида ечимини кутаётган қандай муаммолар бор?

— Биз бундан жуда хурсандмиз. Икки мамлакат ўртасида ўзаро алоқалар ривожланган сайин, иккала давлатга ташриф буюрувчи ҳам турк, ҳам ўзбек фуқаролар сони ҳам ортиб бораверади. Ҳозир бизда (Туркия назарда тутилмоқда – таҳрир) расмий рақамлар 60 000 атрофида, норасмий рақамларга кўра эса 250 минг ўзбек фуқароси яшамоқда.

Бундан ташқари, туризм мақсадида борган, Туркияга тадбиркорлик учун бориб, иш юритаётган ўзбек фуқаролари ҳам кўп. У ерда корхона очган ўзбеклар бор, шунингдек, Ўзбекистонга келган турк фуқаролари ҳам талайгина, дейлик ишлаш учун, кичик корхоналар юритаётган ва ҳоказо. Биз учун бу ўзгаришлар жуда муҳим. Биз бундан хурсандмиз.

 Фақатгина буларни назорат остида ривожлантиришимиз керак, чунки миграция масаласи, сиз ҳам таъкидлаб ўтганингиздек, муҳим. Миграция масаласи, Туркияда ишловчи ўзбек фуқаролари, Ўзбекистонда ишловчи турк фуқаролари кундалик ҳаётда дуч келишлари мумкин бўлган муаммоларни муҳокама қилиш учун икки томонлама механизмларга зарурат бор. Булар ҳам амалга оширилаяпти. Турк ва ўзбек алоқадор томонларини учраштириб масалаларни кўтаришда давом этамиз.

Миграция масаласининг шунингдек, халқаро жиҳати ҳам бор. Халқаро миқёсда ҳам Туркия ва Ўзбекистон биргаликда ҳаракат қилишимиз, ўз манфаатларимиз йўлида сиёсат юритишга саъй-ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Бу борада биз катта тажрибага эгамиз.

Туркия ҳозирда дунё бўйича энг кўп мигрант қабул қилган давлат мавқеига эга. Хабарингиз бор, Сурия мигрантлари Туркияда. Жами 5 миллионга яқин инсон Туркияда мигрант бўлиб яшамоқда. Бу бой тажрибамизни, албатта, ўзбек қардошларимиз билан баҳам кўришимиз ва уларнинг манфаатлари асосида турли сиёсатларни ишлаб чиқишимиз лозим.

— Туркия таълим, фан, техника, инновациялар, соғлиқни сақлаш ҳамда сайёҳлик хизматларини кўрсатиш борасида улкан тажрибага эга. Ўзбекистон Туркиядан қайси соҳаларда янада кўпроқ нарсалар ўрганиши мумкин ва Туркия қайси соҳаларда бизга ёрдам бера олади?

— Туркия ва Ўзбекистон бир-бирини бойита олувчи икки мамлакатдир. Чунки бизларнинг қатор умумий хусусиятларимиз бор. Қанчалик бир-биримизни яхши танисак, муносабатларимизнинг мазмун-моҳиятини шунчалик бойитишимиз мумкин. Туркиянинг қатор соҳаларда тажрибаси, узоқ ўтмиши бор.

Туризм дейсизми, фан, қишлоқ хўжалиги, саноат соҳасидаги ўз тажрибаларини Ўзбекистонга етказиши лозим. Бу борада саъй-ҳаракатларимиз ҳам йўқ эмас. Бу нафақат икки давлат ўртасида кадрлар алмашинуви йўлга қўйилган. Мисол учун, Туризм вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги туркиялик маслаҳатчиларни тайинланган. Қишлоқ хўжалиги ва Ўрмон хўжалиги соҳаларида ҳам турк маслаҳатчилари бор. Бундан ташқари, Ўзбекистон идораларининг ўзлари ҳам Туркиядан мутахассисларни ёллашаяпти, таклиф қилишяпти. Шу тариқа Туркиянинг тажрибаларидан мана шу айтиб ўтилган соҳаларда фойдаланиляпти.

Тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги мутахассисларига Ўзбекистонда эҳтиёж бор. Қурилиш соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Тошкент ҳам кейинги 4-5 йилда йириклашиб бормоқда. Бу соҳалардаги мавжуд ижобий тажрибаларимизни Ўзбекистон билан баҳам кўришимиз, уларга хизмат йўлида фойдаланишимиз керак. Бу борада саъй-ҳаракатларимиз давом этмоқда.

— Туркия деганда, кўз олдимизга туризм келади. Истанбул, Анқара, Қора денгиз бизнинг Туркия ҳақидаги тасаввуримизни шакллантирган ва аксарият ўзбекистонликлар Туркия деганда шу жойларни тушунади. Умуман олганда Туркия-Ўзбекистон туризм соҳасида қандай лойиҳалар кўзда тутилмоқда.

— Ҳа, туризм мавзуси ҳам Туркия, ҳам Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга. Иккала давлат ҳамкорлик қилиши лозим бўлган муҳим тармоқ. Узоқ йиллардан буён Туркия туризм соҳасида жаҳонда илғор давлатлардан орасидан ўрин олиб келмоқда. Бу борада катта тажрибага эгамиз.

Туризм Туркия иқтисодиёти учун муҳим даромад манбаи. Инфратузилма сармоялари, туризм тармоғини қандай қилиб янада ривожлантириш мумкин, бу масалаларда катта тажрибага эгамиз. Бу жиҳатдан ўзбекистонлик мутасаддиларга кўмак беряпмиз, фикр-мулоҳазаларимизни етказяпмиз.

Туризм соҳасида муҳтарам Президент Мирзиёев етакчилигида Ўзбекистонда катта ишлар амалга оширилди. Айниқса, 2016 йилдан сўнг 2017-2019 йилларда Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони жуда ортди. 2017 йилда – 2,5 миллиондан, 2019 йилда – 6,5 миллион сайёҳларни кутиб олдингиз.

Ҳар йили сайёҳлар сони деярли бир баробардан ўсиб борганини кузатишимиз мумкин. Бу тўлиғича бир истиқбол. Истиқболнинг пойдевори эса муҳтарам Мирзиёевнинг туризм соҳасида амалга оширган ислоҳотлари. Ислоҳотлар, қонунлар, лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Инфратузилмани такомиллаштиришга ҳаракат қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг салоҳияти баланд. Бухоро, Самарқанд, Хивани Туркияда ҳамманинг кўргиси келади. Бизлар томонимиздан «ота юрт» деб номланувчи замин, ҳақиқатдан жуда чиройли шаҳарлардир. Менинг ўзим бориб у ерларни айландим, ҳали ҳам давом этяпман. Бир марта кўриш билан кифояланиб бўлмайди.

Зиёрат туризми жиҳатидан ҳам муҳим. Ҳам тарихий туризм, ҳам зиёрат туризми. Нақшбандий мақбараси Бухорода... Туркияликларнинг кўпи ҳам ўтмишни кўриш, ҳам диний нуқтаи-назардан зиёратлар қилиш, шу билан бирга, маданиятни ўз кўзи билан кўришни ҳоҳлайди. Ўзбекистоннинг таомлари ҳам бизда машҳур ва ёқимли. Ўзбек таомларини татиб кўриш учун Туркиядан келишади.

Худди шундай Туркияга кетаётган ўзбек фуқароларининг сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда. 2019 йил, пандемиядан аввал, 250 минг атрофида ўзбек фуқаролари туризм бўйича мамлакатимизга ташриф буюрди. Афсуски, пандемия бутун дунёга, айниқса, туризм соҳасига ўз салбий таъсирини кўрсатди.

Насиб бўлса, бу йил пандемия яратган шарт-шароитини бартараф этишда давом этамиз. Мисол учун биз пандемия шароитида «Хавфсиз туризм» шиорини ишлаб чиқдик, унинг концепциясини бу ерда ҳам жорий этилишига кўмаклашдик. Ўзбекистон туризм соҳасида ҳам ўз минтақасида, ҳам дунё миқёсида интеграциялашиш учун қаттиқ ҳаракат қиляпти. Бунинг яққол далилларидан биттаси тобора кўпаяётган парвозлардир. Мисол учун аввал фақатгина Тошкент-Истанбул парвозлари бўлган бўлса, ҳозир Фарғонадан, Самарқанддан парвозлар бор. Урганчдан ҳам рейслар бошланди. Яъни, биз муҳим деб ўйлаган барча йўналишлардан мамлакатимизга парвоз қўйдик. Бу ҳам мамлакатлараро бориб-келишни қулайлаштиради, буни катта ўзгариш, олдинга қадам деб аташ мумкин.

Пандемия таъсири камайиб боргани сари, ҳам Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятидан яхши фойдаланилади, ҳам икки давлат ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик ривожланади, деб айтсам бўлади.

— Пандемиянинг Туркия учун салбий ва ижобий оқибатлари қай даражада бўлди? Уни енгиш учун қандай чоралар кўриляпти? Ўзбекистонда биз қайси жиҳатларини қўлласак бўлади?

— Пандемия — башарият бошига Иккинчи Жаҳон урушидан кейин тушган энг катта фалокат. Пандемия фақатгина Туркияга ёки Ўзбекистонга таъсир ўтказмади, бутун мамлакатларга, халқларга, минтақаларга салбий таъсир кўрсатди. Иқтисодиётларни мураккаб вазиятга келтириб қўйди.

Туризмни, транспортни, одамларнинг кундалик турмушда юз келувчи барча соҳаларни ўз назорати остига олди, албатта, бу катта фалокат, унинг қаршисида мамлакатлар чора-тадбир кўришни бошлади. Туркия ҳақида гапирадиган бўлсам, Туркияда мустаҳкам Соғлиқни сақлаш тизими мавжуд. Шифохона инфратузилмаларимиз жуда ривожлангани учун, пандемия таъсирларини ҳеч бўлмаса шифохоналарда ушлаб қола олдик. Вақт ўтиши билан пандемияга қарши кураш чораларини ишлаб чиқдик. Вакцина масаласида ҳамкорлик қилишимиз лозим. Пандемия бошларида Туркия Ўзбекистонга касалликка қарши кураш учун турли ёрдамлар юборди.

Ўзбекистон ҳам кейинроқ Туркияга ёрдамлар юборди.  Ўзбекистонда эса ўз вақтида муҳтарам Президент томонидан тезкор чоралар кўрилди.  Ана шу чоралар ёрдамида мен Тошкентда пандемиядан умуман хавотирда эмасман. Кафелар, ресторанлар очиқ, ҳамма билан учрашишингиз мумкин, таом ейишингиз мумкин, жаҳоннинг бошқа давлатларидан фарқли ўлароқ, бу ҳам кўрилган чораларнинг нақадар таъсирчанлигини намойиш этмоқда.

— Жаноб элчи, сизни китобхон дипломат, деб эшитганмиз. Ҳозир қандай китоблар ўқияпсиз ва энг яхши кўрган китобингиз қайси?

— Китоб ўқиш зарур. Нафақат дипломат сифатида, инсон сифатида ҳам, инсониятни, тарихни тушуниш, мавжуд муносабатларни тушуниш учун ҳам, ўз устимизда ишлаш учун ҳам китоб ўқиш зарур. Менда бу одат. Одатни тарк этмаслик учун доим ҳаракат қиламан.

Бу ерга келишдан аввал, Ҳамид Зиёевнинг Туркистонда рус ҳокимиятига қарши кураш ҳақидаги китобини ўқигандим. Бу китоб 2012-2013 йилларда Туркияда таржима қилинганди. Кенг қамровли, жуда яхши китоб. XIX асрда русларнинг Ўрта Осиёга, Туркистонга қандай қилиб юриб борганини, Туркистон хонликларининг русларга қарши қандай қилиб кураш олиб борганларини архив хужжатларига асосланиб ёритиб берувчи, муҳим тадқиқот. Жуда кўп фойдаландим. Юрий Маликовнинг китоби ҳам бор. «Modern Central Asia» номли. Шу китобни мутолаа қилишни бошладим. Тарихни билиш керак. Уни билмай туриб келажакка қараб бўлмайди. Бизнинг касбда биздан аввал ишлаган катталаримиздан Ҳасан Гёушнинг (ўз вақтида ТИВ вазир ўринбосари бўлган) «Мураккаб пойтахтларда дипломатия» номли китоби бор. Уни ҳам ўқиб чиқдим. Хотираларга, тарихларга асосланган китобларни муттасил ўқиб бораман.

— Бугунги суҳбатга рози бўлганингиз учун миннатдормиз. 

— Соғ бўлинг, эътиборингиз учун раҳмат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг