Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Қанча тез бўлса, шунча соз». Евроиттифоқ Ўзбекистонга ёрдам беришни истайди

«Қанча тез бўлса, шунча соз». Евроиттифоқ Ўзбекистонга ёрдам беришни истайди

ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс.

Фото: «Спутник»

Европа иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) тезроқ аъзо бўлишини истайди ва бу йўлда изчил кўмак кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс «Дунё» ахборот агентлигига интервьюсида маълум қилган.

Қолипларни бузиш осон кечмайди

«Ўйлайманки, Ўзбекистон эртами-кечми ЖСТга аъзо бўлиб киради. Инчунин, бу қанча барвақт бўлса, шунча яхши. ЕИ бошқа халқаро ҳамкорлар билан бир сафда нафақат музокаралар ўтказиш, балки ЖСТга аъзоликдан кейинги жараёнларга тайёргарликка ҳам кўмаклашади», – деди Евроиттифоқ дипломати. 

ЖСТ биринчи навбатда халқаро савдони эркинлаштириш, маҳсулотлар ва хизматларнинг тўсиқсиз ҳаракатланишига эътибор қаратади. Бу эса экспортга ихтисослашган мамлакатлар учун айни муддаодир. Ички бозор билан иҳоталаниб қолган мамлакатлар учун бу ҳол мураккаблик туғдиради.

«Ўзбекистонга яқин вақтгача ички бозор билан чекланиб қолгани сир эмас. Мамлакатингиз бирламчи ва чуқурлаштирилган қайта ишлашга таяниб экспорт бозорларига чиқишга шайлигини билдираётган бугунги кунда ЖСТ тамойилларига ҳамнафаслик муҳим аҳамият касб этади. Таъбир жоиз бўлса, улар янги бозорларга йўл очади», – дея мулоҳазаларини давом эттирди элчи Эдуардс Стипрайс.

Дипломат иқтисодий жабҳада илдиз отган қолипларни бузиш осон кечмаслигини қайд этар экан, Ўзбекистон иқтисодиёти намояндалари дунё аҳли билан муштарак тамойиллар асосида ишлаш малакасига эга бўлиши муҳимлигини таъкидлади.

Дунё геосиёсати ва иқтисодиётининг йирик иштирокчиси саналган Евроиттифоқ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига хайрихоҳлик билдириб, бу борада молиявий кўмак ҳам кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йил январда расмий Брюссель Ўзбекистоннинг «глобал савдо уйи»га киришини қўллаб-қувватлаш лойиҳасига 5 миллион евро ажратгани маълум қилинган.

ЖСТга аъзоликдан Ўзбекистонга нима наф?

ЖСТ мамлакатлар ўртасидаги савдо муносабатларини тартибга солувчи, «ўйин қоидалари»ни белгиловчи глобал уюшма саналади. Ташкилот аъзо мамлакатлар миллий савдо сиёсатини мониторинг қилиш билан бирга, низо ва зиддиятларга ҳакамлик ҳам қилади.

Қулай тартибот, очиқ ва ҳалол рақобат, иқтисодий ислоҳотларни ривожлантиришга кўмак, ҳақ-ҳуқуқ чекланмаган савдо, бу борадаги расмиятчиликларни камайтириш кабилар ЖСТнинг асосий талаб-тамойиллари ҳисобланади.

Айни пайтда глобал савдонинг 96 фоизи ЖСТга аъзо 164 давлат ҳиссасига тўғри келади.  Собиқ Иттифоқ давлатларидан 12 таси (Арманистон, Эстония, Латвия, Литва, Украина, Молдова, Россия, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистан) халқаро ташкилотга кирган, Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбойжон ҳали аъзо бўлганича йўқ.

Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш учун 1994 йилда ариза берган ва ишчи гуруҳнинг учта учрашувида қатнашган. Аммо айрим сабабларга кўра бу жараён тўхтаб қолган. 2017 йилда ЖСТга қўшилиш бўйича саъй-ҳаракатлар қайта бошланган.

2018 йил октябрда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) эксперти Йован Йекич Ўзбекистон Ташқи савдо вазирининг ЖСТга қўшилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Кейинроқ мазкур идорада вазирнинг ЖСТга қўшилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди ва бу жараённи назорат қиладиган махсус бошқарма тузилди.

Жорий йил 23 июлда мамлакатимизнинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ЖСТ бош директори Роберто Азаведо билан учрашиб, унга Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо тартиби ҳақидаги меморандуми янгиланган вариантини топширди. Бу ҳужжат Ўзбекистон халқаро ташкилотга кириш бўйича расмий музокараларга киришганини англатади.

Мутахассисларга кўра, ЖСТга аъзолик Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётга туртки беради. Аввало, янги сармоялар асосида қўшимча иш ўринлари яратилади, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулот сифатини ошириб, дунё бозорида рақобатлашишни ўрганади. Ўз навбатида, истеъмолчилар арзон ва сифатли товарлар ҳамда хизматларни танлаш имконига эга бўлади.

Мамлакат жаҳон миқёсидаги савдо сиёсати бўйича муҳим қарорларни қабул қилишда иштирок этади.

Халқаро ташкилотга аъзолик, шунингдек, божхона маъмуриятчилиги ва қонунчилик бўйича институционал ислоҳотларни амалга ошириш, тизимдаги коррупция даражасини камайтиришга кўмак беради, дунё миқёсидаги илмий-техник ривожланиш жараёнига интеграциялашувни тезлаштиради.

Собир Салим

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг