Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пенсия ёшидагилар нега сарсон бўлишмоқда?

Пенсия ёшидагилар нега сарсон бўлишмоқда?

Фото: «Advokat» журнали

Пенсия ёшидаги юзлаб фуқароларимиз қонун ҳужжатлари орасидаги номувофиқликлар туфайли ўз иш стажларини тасдиқлата олмай сарсон бўлишмоқда. Бу ҳақда «Advokat» журналида чоп этилаётган мақолада сўз боради.

Бу ҳақда аниқ фактлар борми?

Тўғриси, таҳририятимизга мақола йўллаган адвокат Н.Ҳайдаровнинг («Adolat chashmasi» адвокатлик бюроси раҳбари, юридик фанлар номзоди) фуқаролар ўз иш стажларини тасдиқлата олмай сарсон бўлаётгани ҳақидаги маълумотларини шубҳа билан қабул қилдик. Зеро, у бундай фуқаролар сони биргина Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида 200 нафардан ошиқ эканини ёзган эди. Агар, адвокат таъкидлаганидек, Республика бўйлаб бундай муаммога учраётганлар сонини мазкур рақамдан келиб чиқиб тасаввур қилинадиган бўлса, ҳар қандай одамнинг капалаги бошидан учиб кетиши турган гап...

Шунга кўра аниқ факт билан ишлашни маъқул кўриб, энг аввало, ўша сарсон бўлаётган фуқаролардан бир неча нафарини адвокат Н.Ҳайдаров ёрдамида излаб топдик.

«Менинг ёшга доир пенсияга чиқариш тўғрисидаги аризамни Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Шайхонтоҳур туман бўлими кўриб чиқиб, 1979-1997 йилларда ишлаган даврларим учун суғурта бадаллари ушланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмаганлиги сабабли бу йиллардаги (18 йиллик) иш стажим инобатга олинмаслиги тўғрисида 2018 йилнинг май ойида қарор чиқариб берди, — дейди фуқаро Маҳмуджон Толипов. — Шундан бери сарсонман. Бу даврда мен ишлаган корхоналар аллақачон тугаб кетган бўлиб, архивда ҳам уларнинг ҳужжатлари йўқ экан. Шу боис қарорда кўрсатилган тавсияга кўра иш стажимни тасдиқлаб беришларини сўраб фуқаролик судига борсам, бу ишни биз кўрмаймиз деб аризамни қабул қилишмади. Уларнинг гапига ишониб маъмурий судга ариза бердим. Маъмурий суд эса фуқаролик судига мурожаат қилишни тушунтириб ажрим чиқариб берди. Қайтиб яна фуқаролик судига келдим, аммо улар барибир аризамни қабул қилишмади...»

Пенсия жамғармаси Шайхонтоҳур туман бўлимининг пенсия ва нафақалар тайинлаш комиссияси яна бир фуқаро — Абдубасит Сафаевнинг ёшга доир пенсия белгилаш тўғрисидаги аризаси бўйича ҳам худди шунга ўхшаш қарор чиқарган. «Меҳнат дафтарчамда 32 йиллик меҳнат стажим қайд этилган, — дейди фуқаро. — Бироқ улардан 7 йили (1996-2003 йиллар) суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги маълумот йўқлиги сабаб иш стажимга киритилмади. Корхоналар тугатилиб кетган, архивда ҳам уларнинг ҳужжатлари мавжуд эмас. Давлат солиқ инспекцияси эса маълумотлар базаси 2001 йилдан бошлаб юритилгани боис ундан олдинги маълумотларни бера олмаслигини айтмоқда...»

Худди шундай ташвиш фуқаро Нигматджан Джураевда ҳам бор экан. Унинг 22 йиллик (1978 йилдан 2000 йилгача) ишлаган даври учун суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар топилмаганлиги сабабли 5 йил ками билан — 20 йиллик иш стажи асосида пенсия белгиланган...

Бу икки фуқаронинг ҳам сарсонгарчилик тарихи Маҳмуджон Толиповники билан деярли бир хил экан. Улар ҳам бой берилаётган иш стажларини қандай тасдиқлатишни, қайси идорага мурожаат қилишни билолмай 2018 йил бошидан буён овора — Пенсия жамғармаси бўлими фуқаролик суди орқали ҳал қилиб кел дейди, фуқаролик суди аризани қабул қилмасдан, бунақа ишлар энди маъмурий судда кўрилади дейди, маъмурий суд эса Пенсия жамғармаси қарорини тўғри деб топади...

Фото: «Advokat» журнали

Пенсия жамғармаси нимага асосланади?

Албатта, бу муаммони кўргач, энг аввало, Пенсия жамғармаси фуқароларнинг иш стажларини қайси ҳужжатга асосан рад этаяпти деган савол туғилади. Шунга кўра фуқароларнинг қўлидаги қарорларга кўз ташлаймиз ва унда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуни 37-моддасининг «а» банди асос қилиб келтирилганини кўрамиз. Мана ўша банднинг тегишли қисми:

Қуйидагилар иш стажига қўшиб ҳисобланади:

а) 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса...

Шунингдек, Пенсия жамғармаси туман бўлимининг қарорида бундай ҳолатларда «иш стажи суд тартибида белгиланади» деб ҳам кўрсатилган ва унга асос қилиб «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом1нинг 74-банди кўрсатиб ўтилган. Мана ўша банд:

«Авариялар ва маҳаллий кўламдаги бошқа фавқулодда вазиятлар (ёнғин, сув босиши), ташкилотнинг тўлиқ тугатилиши ёхуд ушбу Низомнинг 58-бандида назарда тутилгандан бошқа сабаблар бўйича архив маълумотларининг мавжуд эмаслиги муносабати билан мавжуд иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда ва уларни олиш имкони бўлмаганда иш стажи суд тартибида белгиланади».

58-банд «Иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар ҳарбий ҳаракатлар, табиий офатлар, авариялар, ҳалокатлар ёки бошқа фавқулодда вазиятлар натижасида тўлиқ сақланмаган ёки қисман сақланган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш» ҳақида.

Маъмурий суддан натижа чиқмади...

Юқоридаги ҳолатга кўра ҳозирча ҳаммаси рисоладагидек. Яъни фуқаролик суди масалани кўриб чиқиб, тегишли даврда фуқаронинг кўрсатилган корхоналарда ишлаган-ишламаганлигини аниқлаб, иш стажини белгилаб берса бўлди. Аммо... биз суҳбатлашган ҳар учала фуқаронинг айтишича, улар Пенсия жамғармаси бўлими қароридаги маслаҳатга асосан фуқаролик судига ариза кўтариб боришган. Бироқ у ерда аризаларини қабул қилишмасдан, бу каби ишлар эндиликда маъмурий судларда кўрилишини тушунтиришган. Шунга кўра А.Сафаев ва Н.Джураевлар Шайхонтоҳур туман маъмурий судига мурожаат қилиб, ўзларининг умумий иш стажига қўшилмай қолган иш стажларини инобатга олишни Пенсия жамғармасининг Шайхонтоҳур туман бўлимига юклаб беришни сўраган. Аммо суд ҳар учала ҳолатда ҳам Пенсия жамғармаси бўлимининг қарорларида келтирилган асосларни ўринли деб топиб, аризаларни қаноатлантиришни  рад этган.

М.Толиповнинг мурожаати эса сал бошқачароқ кўринишда бўлган. Яъни у маъмурий суддан иш стажини тасдиқлаб беришларини сўраган. Шунга кўра Шайхонтоҳур туман маъмурий суди бу мазмундаги ишни кўриб чиқиш маъмурий судга тааллуқли эмаслиги сабабли аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради ва аризачига келгусида “шу мазмундаги талаб билан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши мумкинлиги” тушунтирилади...

Шундай қилиб, маъмурий суддан натижа чиқмаслигига кўзи етган фуқаролар яна фуқаролик судига боришади. Маъмурий суд чиқазиб берган қарор ва ажримларни кўрсатишади. Қани уларга бу зорланишлар таъсир қилса...

Фуқаролик судида нима муаммо?

Тўғриси, фуқаролик судлари томонидан фуқаролар аризаларининг қабул қилинмаётганига ишонишимиз осон кечмади. Зеро, процессуал қонунчилигимизда судлар томонидан аризаларни қабул қилмаслик деган тушунчанинг ўзи йўқ. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал Кодексида «аризани кўрмасдан қолдириш» ҳақида нормалар мавжуд бўлса-да, шунда ҳам суд Кодекснинг 123-моддасига кўра аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқариши керак. Қолаверса, бунга асос бўлувчи ҳолатлар 122-моддада аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилган. Демак, ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқаронинг аризаси аввалига қабул қилиб олиниши лозим...

Шуларни инобатга олган ҳолда вазиятни ўз кўзимиз билан кўриш учун А.Сафаев ва Н.Джураевлардан яна бир бор фуқаролик судига ариза бериш учун боришларини илтимос қилдик ва уларга ўзимиз ҳам шерик бўлдик.

2018 йилнинг 10 декабрь куни. Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди биносига яқинлашдик. Мабодо фуқароларнинг аризаларини яна қабул қилишмаса, ҳужжат учун жараёнини видеотасвирга олиш мақсадида видеокамера ҳам кўтариб олганмиз. Аммо... ҳали бинони ташқи томондан суратга тушириб улгурмасимиздан тақиққа учрадик. Ҳатто шахсан суд раиси Салима Ишонкуловага учрашиб, мақсадимизни тушунтирсак ҳам, барибир, на видео, на аудиоёзувга рухсат ололмадик. Шу боис бу мақоламизда фуқаролар ариза топшириш жараёнида дуч келган қаршиликларни батафсил ёза олмаймиз (Зеро, бунақа бўлгани йўқ эди деб туриб олишса гапларимизни асослайдиган ҳужжатимиз йўқ, ариза бераётган гувоҳларимиз эса манфаатдор томон сифатида баҳоланиши мумкин).

Хуллас, фуқароларнинг аризалари бу сафар ҳам қабул қилинмади. Яъни таҳририятимизга бу борада келиб тушган шикоят кўз ўнгимизда ўз исботини топди. Шунингдек, суддагилар ўзларининг бу хатти-ҳаракатлари қонуний эканлигини бизга асослаб ҳам бера олмадилар. Биз эса бу ҳақда бизга ёзма тушунтириш беришларини қаттиқ туриб талаб қилавердик. Шундан сўнггина улар ўз «иш услублари»ни бузиб, яхшиси, шу икки нафар фуқаронинг аризасини қабул қилиб қўяқолишни маъқул кўришди...

Фуқаролик судининг рад этиши асоси нимада?

Воқеалар ривожидан келиб чиққан ҳолда, бу икки фуқаромизнинг аризаси ҳали-вери кўриб чиқилишидан умид узиб, шу мазмундаги кўрилган бошқа ишларни топишга ҳаракат қилдик. Мана, ниҳоят, қўлимизда Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси З.Тўраева томонидан худди юқорида қайд этилганга ўхшаш аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида 2018 йилнинг 30 январида чиқарилган ажрим.

Ушбу ажримда аризани қабул қилишни рад этиш сабаблари кўрсатилган. Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 2017 йил 29 ноябрдаги 44-сонли қарорининг 5-бандига кўра, иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврларини белгилаш ҳақидаги ишлар судда кўрилиши мумкин» дейилади. Мана ўша банд:

«Давлат пенсия таъминотига оид ҳуқуқни амалга ошириш билан боғлиқ қуйидаги ишлар судда кўрилиши мумкин:

  • иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврларини белгилаш ҳақидаги;
  • иш стажини тасдиқловчи ҳужжатнинг тегишлилик фактини белгилаш ҳақидаги;
  • иш ўринларининг аттестация қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик фактини белгилаш ҳақидаги;
  • фаолиятнинг суғурта бадаллари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги асоси бўйича Пенсия жамғармасининг пенсия тайинлаш бўйича комиссиясининг фаолият даврларини меҳнат стажига қўшишни рад этиш ҳақидаги қарорлари устидан шикоят бериш;
  • Пенсия жамғармасининг пенсия тайинлаш бўйича комиссиясининг пенсия тайинлашни рад этиш, пенсияни бир турдан бошқа турга ўтказишни рад этиш, пенсиядан чегирмалар қилиш тўғрисидаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги.

Судлар шуни назарда тутиши лозимки, ушбу рўйхат тугал ҳисобланмайди ва аризани иш юритувига қабул қилиш масаласини ҳал қилиш вақтида ҳар қандай ҳуқуқ бузилиши суд орқали тикланиши мумкинлигидан, шунингдек, фуқароларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқларининг вужудга келиши, ўзгариши ва бекор бўлиши билан боғлиқ ҳар қандай факт белгиланиши мумкинлигидан келиб чиқиш лозим.

Судлар шуни назарда тутиши лозимки, иш ҳақи миқдори ҳамда суғурта бадали тўланганлиги тегишли ҳужжатлар (штат жадвали, тўлов ведомости, тўлов топшириқномаси ва бошқалар) билан тасдиқланиши сабабли бундай юридик фактларни суд томонидан белгилашга йўл қўйилмайди».

Шунингдек, суд ажримида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 81-моддаси 1-қисми ҳам эслатилади:

Меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир.

Шунга кўра суд меҳнат фаолияти даврларининг меҳнат дафтарчасида кўрсатилганлиги фактини иш стажининг тасдиқланганлиги деб ҳисоблайди. Яъни бундай ҳолатда иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд. Юқорида қайд этилган Олий суд Пленуми қарори талабига кўра эса иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолдагина меҳнат фаолияти даврларини белгилаш ҳақидаги ишлар судда кўрилиши мумкин.

Хуллас, фуқаролик суди аризани рад этар экан, «Аризачига пенсия расмийлаштириш масаласида ўзининг яшаш манзили бўйича Пенсия жамғармасининг туман бўлимига мурожаат қилиш ҳуқуқи»ни тушунтиради...

Калаванинг учи йўқми?

Хуллас, тўп айланиб яна Пенсия жамғармасига қайтарилди. Энг қизиғи эса, ҳар томон ўзи учун қонундан қолқон ясаб олган. Ҳар бир томоннинг ўзига яраша асоси бор. Афсуски, ушбу қонун ҳужжатларини шарҳлаш, улардан қайси бири ноўрин экани тўғрисида хулоса қилиш ваколатига эга эмасмиз.

Шунга кўра ўзимизча томонларнинг фикрларини олишга, соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда масалага ечим излашга уриниб кўрдик. Афсуски, калаванинг учи кўринмади. Зеро, Пенсия жамғармасидагилар зўр бериб суддан, айниқса, Олий суд Пленумининг юқорида қайд этилган қароридан нолийди. Уларнинг айтишларича, ҳамма муаммо ана шу ҳужжат чиққанидан кейин бошланган. Чунки авваллари бунақа ишлар ҳамиша фуқаролик судида кўриб келинган экан.

Судьялар эса Пенсия жамғармаси мутасаддиларини соҳага доир қонунчиликни чалкаштириб ташлаганликда, Меҳнат Кодекси ва пенсия белгилаш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ўртасида чалкашликлар юзага келишига йўл қўйганликда айблашади. Жумладан, меҳнат стажини белгилашда суғурта бадали тўланганлигини асос қилиб олиш Кодексга зид эканлигини, қолаверса, мантиқсиз ҳам эканлигини айтишади.

Хўш, бундай ҳолатда бечора фуқаро нима қилсин? Яна ўша «енгилмас» айлана ичида бошини у девордан бу деворга уриб юраверсинми ёки умрини сарфлаб қонуний меҳнат қилган давридаги иш стажларидан воз кечиб қўя қолсинми?

Умид қиламизки, бу саволлар шу ҳолатда очиқ қолиб кетмайди. Зеро, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ҳаракатида эканмиз, ҳеч бир идора ўз қобиғига ўраниб олганича фуқароларни бу тарзда сарсон қилиб қўйишга ва вазиятга томошабин бўлиб туришга ҳақли эмас! Демак, мутасадди идоралар бирлашиб, қонунчилигимизда юзага келган бундай номувофиқликларни бартараф этиш бўйича бир хулосага келиб олса ва шу асосда тегишли чоралар кўрилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Хонбуви Махамова ва «Advokat» журнали мухбирлари жамоаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг