Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пайвандчиликдан олий даражадаги таржимонликкача... Хитойликларга дарс берадиган ўзбек йигити билан суҳбат

Пайвандчиликдан олий даражадаги таржимонликкача...  Хитойликларга дарс берадиган ўзбек йигити билан суҳбат

Фото: «Xabar.uz»

Хитой Халқ Республикаси жаҳон иқтисодиётида етакчи мамлакатлардан бирига айланган. Айни шу сабабли ҳам юртимизда мазкур давлат тили ва маданиятига қизиқувчилар сони ортиб бормоқда.

Ана шундай кўп сонли муштарийларимиз истакларига биноан «Хориждаги ватандошлар» лойиҳамиз доирасида бир неча йиллардан буён Чин юртида илмий изланишлар қилаётган шарқшунос ва таржимон ҳамюртимиз Зуҳриддин Ширинбоев билан интервью ташкил этдик. Суҳбатдошимиз Хитойнинг Чунцин шаҳридаги Жанубий ғарбий университетида PhD босқичида таҳсил олади.

 — Зуҳриддин, аввало, ўқувчиларимизга ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз?

1992 йили Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилганман. 1999-2010 йилларда туманимиздаги 4-сонли ўрта мактабда ўқидим. Бир муддат яъни, 2009-2010 йиллар ёзги таътил даври Навоий эркин иқтисодий зонаси қурилишида пайвандчи ёрдамчиси сифатида ишлаганман. Ўша пайтда кореялик муҳандисларга таржимонлик қилиб юрган қиз билан танишиб, қисқа суҳбат қилганмиз. Суҳбатимиз чет тилини ўрганишнинг аҳамияти ва у орқали келгусида яхши мутахассис бўлиш мавзусида кечган эди.

Аввало, ота-онамнинг тўғри йўналиш беришгани ва ана шу суҳбат хулосаси натижасида 2010 йили Тошкент давлат шарқшунослик институти «Марказий Осиё халқлари тарихи (хитой-инглиз гуруҳи)» йўналишига ўқишга кирдим. Институтда мутахассислигим қатори хитой, инглиз тилларини пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. Шу боис, 2013-2014 йиллар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги талабалар алмашинуви бўйича ҳозир докторантурада ўқиётган Sothwest университетидаги бир йиллик хитой тили малака ошириш курсида ўқидим. Ушбу олийгоҳдаги бир йиллик ўқиш даври дунёқарашим бойишида муҳим бўлди, десам муболаға бўлмайди.

Фото: «Xabar.uz»

Айни шу вақтда энг юқори HSK-6 – хитой тилини билиш даражасини белгиловчи имтиҳонни муваффақиятли топширдим. Шу билан бирга, «Хитой тили юлдузи» нотиқлик санъати мусобақасида ҳам ғолибликни қўлга киритдим. Бир йиллик таҳсилдан кейин Ўзбекистонга қайтиб бакалавр босқичини тамомлагач, 2015 йил «Жаҳон сиёсати» йўналиши бўйича магистратура босқичи учун яна Хитойга қайтдим.

2018 йилдан буён PhD босқичи талабасиман. Ҳозирда «Хитой-Ўзбекистон муносабатларининг янги тарихи унда «Бир макон – бир йўл дастурининг ўрни» мавзусида илмий изланиш қиляпман.

 — Хитойшунос мутахассис сифатида Хитой тараққиёти омилларини нималарда кўрасиз?

Тарихдан маълумки, илк уйғониш даврини Шарқ давлатлари бошлаб берган. Кейинчалик Европада бу жарён бошланиб, ривожланишда пешқадамлик улар томонига ўтиб кетди. Ўйлашимча, яқин йилларда Осиё ривожланишда Европани ортда қолдира олади. Хусусан, Хитой ҳам мазкур ривожланишда алоҳида ўринга эга.

Саволингизга тўхталадиган бўлсам, Хитойнинг ривожланишдаги асосий омиллардан бири ўз вақтида, Дэн Сяопин томонидан Хитойнинг иқтисодий янгиланиши, яъни дунё ҳамжамиятига кенг очилиши бўлган.

Шунингдек, мамлакат ташкил этилганидан бошлаб таълим самарадорлигини босқичма-босқич яхшилаш йўлидан борди. Бу ўтган аср охирларида ўз самарасини кўрсатиб, Хитой тараққиётини таъминлади.

Қолаверса, Хитойнинг энг улкан бойлиги ҳисобланган бир ярим миллиард аҳолиси ва уларнинг меҳнатсеварлиги, шу билан бирга давлатнинг ҳам қуруқлик, ҳам денгиздан бирдек фойдалана олиши ҳам тараққиёт омиллардан дейиш мумкин.

Фото: «Xabar.uz»

— Хитой таълим тизимидаги ўзига хосликларни нималарда кўриш мумкин?

Билишимча, Хитойда таълим кичик синфлардан бошлаб соҳаларга ажратилади. Яъни гуманитар, аниқ ёки табиий фанларга. Ёшлар кичиклигидан ўзи танлаган соҳани чуқурлаштирилган тарзда ўрганади. Бу учун давлат барча шароитлар яратиб бермоқда. Қолаверса, бу ерда ҳар бир иш ўрни учун кучли рақобат мавжуд. Айни шу нарса ҳам хитойликларнинг етук мутахассис бўлишига хизмат қилмоқда, деб ўйлайман.

Эътиборлиси, мамлакатдаги таълим муассасаларида 24 соат хизмат кўрсатувчи кутубхоналар бўлиб, эрталаб 8:00 дан кеч 22:00 га қадар бўш ўрин топиш жуда қийин.

Очиғи, яна бир муҳим жиҳатлардан бу – Ўзбекистондан фарқли равишда Хитойдаги ҳар қандай илмий ишларингиз, ҳатто бакалавр, магистр ишларингиз албатта ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Содда қилиб айтганда, шунчаки қоғозбозлик учун илмий иш қилмайсиз. Тайёрланган ишингизда янгилик бўлиши ва ҳаётга татбиқ этилиши лозим.

 — Биламизки, хитойликларнинг иероглифлари катта миқдорни ташкил этади. Ва буларни ўзлаштириш статистик жиҳатдан энг мураккаб ёзув ва тил деб топилган. Бу хитойликларнинг ўзларига ҳам қийинчилик туғдиради, менимча.

Ҳақиқатда, уларнинг иероглифлари катта миқдорни ташкил этади. Иероглифлар сони турли манбаларга кўра 60 мингга яқин. Тан олиб айтиш керакки, мамлакатдаги энг кучли профессорлар ҳам бунча кўп ёзувларни ёддан билишмайди. Аммо, шундай бўлса-да, Хитойда иероглифларни билиш талаби қатъий қўйилган.

Мутахассис сифатида айта оламанки, хитой тили мураккаб бўлишига қарамай, ушбу тилни билиш ҳар томонлама фойдали. Маълумки, БМТнинг 6 та иш тили мавжуд. Хитой тили ҳам мазкур 6 тилнинг бири. Қолаверса, Ўзбекистон-Хитой муносабатлари йилдан йилга ривожланиб боряпти. Демоқчиманки, ушбу тилни ўрганиб, келажакда даромадли соҳаларда ишлаш мумкин.

Соҳа қизиқувчиларга маълумот сифатида айта оламанки, илмий йўналишдан бошқа вакиллар 2 мингдан зиёд хитой иероглифларини билиши, хитой тилида сўзлашиш учун етарли бўла олади.

Фото: «Xabar.uz»

— Хитойликлар Ўзбекистон ҳақида қандай таъсаввурга эга?

Қарийб олти йилдан буён яшаб гувоҳ бўлганим, хитойликлар ҳанузгача Ўзбекистон ҳақида кўп ҳам билишавермайди. Аммо, илк 2013 йилда келган пайтларимдан кўра, Ўзбекистонни таниб бораётганлар кўпайган. Бунга сўнгги йилларда давлатимизнинг жаҳон ҳамжамияти учун тобора кенг очилиб бораётгани ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги фаоллиги сабаб бўлди, деб ҳисоблайман.

 — Суҳбатимиз сўнггида келажакдаги мақсадларингиз ҳақида тўхталсангиз.

Бугунги кунда, хитой, инглиз, рус ва туркман тилларида эркин сўзлаша оламан. Хорижий тилларни билишим бу ерга мослашишим ва ўқишдан ташқари пул ишлашимга ёрдам берган. Мисол учун, 2015 йилдан буён хитойлик ўқувчиларга инглиз тилини ўргатиб келаман. Шу билан бирга, 2016 йилдан бери Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги турли йирик тадбирларда таржимонлик вазифасини бажаришга муваффақ бўлдим. Шунингдек, ШҲТнинг Ёшлар лигаси аъзоси сифатида Хитойда мамлакатимиз салоҳиятини фаол тарғиб қилишга ҳаракат қиляпман.

Келгусида эса, иккала давлат ҳамкорлигини янада ривожлантирадиган дипломат бўлиш ниятидаман.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистондаги барча юртдошларимизни ва «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали ўқувчиларини кириб келаётган Янги йил билан табриклайман!

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг