Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Пандемия жараённи тезлаштириб юборди» — Абдували Ҳайдаров (видео)

«Инновация, технология ва стратегия маркази» давлат унитар корхонаси бош директори Абдували Ҳайдаров билан суҳбат.

— Халқ таълими тизимида яратилаётган электрон платформалар, веб-ресурслар, дастурий маҳсулотлар ва ахборот тизимларини жорий қилиниши таълим жараёнини енгиллаштириш билан бир қаторда, замон талабига мос равишда билим олишга сабаб бўлмоқда. Уларни яратишнинг зарурати нимада ва қандай қулайликлари мавжуд?

— Бизнинг марказимиз 2018 йилда 5 киши билан ўз фаолиятини бошлаган. Айни пайтда 100 дан ортиқ ходимимиз бор. Ҳозирги кунда дунёнинг турли мамлакатларида одамларни оғирини енгил қилиш, вақтини тежаш, бир қатор қулайликлар яратиш мақсадида халқ таълими тизимида рақамлаштириш ишлари олиб бирилмоқда. Бизда ҳам шунга ўхшаш 25 га яқин лойиҳалар устида ишланяпти.

Айтингчи, maktab.uz масофавий таълим платформаси ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига қандай имкониятларни тақдим этади? Унинг афзалликлари нимада?

— Maktab.uz платформаси ҳозирги кунда яратиб бўлиниш арафасида. Мактабларда синовдан ўтказиб, текшириш ишларини якунлаяпмиз. Ўқувчиларга ўтган йили пандемия шароитида анча қийин бўлди. Онлайн ўқиш видеодарслар ёрдамида амалга оширилди. Лекин чекка ҳудудларда яшовчи ўқувчиларда видеодарсларни кўришга етарлича имконият бўлмагани, свет ўчиб қолиши каби муаммолар сабабли дарслар қолиб кетган вазиятлар ҳам учради.

Шундан келиб чиқиб, maktab.uz платформасининг лойиҳасини туздик. Бу лойиҳа «flipped classroom» тамойили асосида ишлайди. Яъни, асосан ўқувчининг ўзи ўқитувчи билан бирга чуқурроқ изланишига қаратилган. Ўқувчи платформа орқали видеодарсни кўради. Дарсларни ўзига маъқул вақтда қайта кўриш имконияти ҳам мавжуд. Платформага кирганда ҳар бир ўқувчининг ўз аккаунти (саҳифаси) бўлади. Унда ўзига тегишли дарс ва уй вазифаларини кўриши мумкин. Кейин мавзуга боғлиқ бўлган тест саволлари бўлади. Агарда бола тест ечишда қийналса, платформа болага қўшимча билим ва кўникма бериш учун уни бошқа ресурсларга ҳам боғлаб беради. Агар бола тестни яхши ишлай олса, ривожланиши учун ундан яхши бўлган ресурсга йўналтиради.

Платформанинг яна бир қулай томони, ўқитувчи ҳар бир ўқувчини кузатиб бориш имкониятига эга бўлади. Платформанинг dashboard қисмида ҳар бир ўқувчининг қайси фандан яхши ўзлаштираётганлиги, қайси мавзуни яхши ўзлаштира олмаётганлиги бўйича маълумотлар чиқади.

Мисол учун, Бобур математика фанидан тенгламани яхши ечди. Содиқ тенгламани яхши еча олмади, касрларни яхши ечди. Ҳар бир болани аналитикаси бўлади. Ўқитувчида шу каби умумий маълумотлар жамланади. Шундан келиб чиқиб, яхши ўзлаштира олмаётган болаларга мавзуни янаям чуқурроқ ўтиб беради. Агар битта синфда 30 та бола ўқийдиган бўлса, бу дегани 45 дақиқада бир болага 1,5 дақиқа вақт ажратилади. Албатта, бу кам.

Ота-онага ҳам боласи ўқитувчидан қандай топшириқ олди, уни бажардими-йўқми, ўзлаштириш даражаси кўриниб туради. Бунинг яна бир муҳим жиҳати бор. Масалан, бола инглиз тили ва математикани яхши ўзлаштиряпти. Шунга қараб касбга йўналтириш осон бўлади.

Платформанинг дизайнига ҳам алоҳида эътибор берилган. 1-4-синф ўқувчилари учун қизиқарли, рангли, ёш болага хос бўлган графикалар ишлатилган. Юқори синф ўқувчилари учун сал жиддийроқ, ўзининг ёшига мос графикалардан фойдаланилган.

Болаларни интерфаол ўйинлар ёрдамида таълимга қизиқтириш ва билим даражасини оширишга кўмаклашувчи «Виртуал таълим интерактив лойиҳаси» ҳақида маълумот берсангиз.

— «Виртуал таълим платформалари» 2020 йилдан бошланган. Интерактив виртуал таълим лойиҳасининг мақсади болага дарсликлардан келиб чиқиб, ўйин мисолида фанни қизиқроқ қилиб тушунтиришдир. Ёш болага эртадан-кечгача ўқи, деган билан фанга қизиқтириш қийин. Ушбу лойиҳа мавзу бўйича тасаввур уйғонишига ёрдам беради.

Лойиҳани янада такомиллаштириш ишлари амалга ошириляптими?

— Ҳозирда лойиҳа устида ишлаяпмиз. Қўшимча фунционал имкониятлар қўшиб боряпмиз. Тўлиқ ишга тушганидан кейин оммага эълон қилиб, синов тариқасида йўлга қўямиз.

—Инновация, технология ва стратегия маркази ҳозирда таълим тизимини рақамлаштириш борасидаги яна қандай лойиҳалар устида иш олиб бормоқда?

— 25 га яқин амалга оширилаётган лойиҳаларнинг 15 га яқини рақамлаштириш борасида. Қолганлари методалогик, халқаро йўналишда ишланяпти. Рақамлаштириш борасидаги лойиҳалардан бири бу «Рақамли кутубхона».

Олдин эсингизда бўлса кутубхоначилар картотека, журнал тўлдиришарди. Бунга анча вақт кетиб, журналларнинг йўқолиш ҳолатлари учрар эди. Ҳозирги кунда «Рақамли кутубхона» лойиҳасида кутубхонага кираётган болага китоб бериш жараёни автоматлаштирилади. Бола келади, кутубхоначи сканер қилиб тизим орқали китобни болага бириктиради. Бу икки томонлама ҳам ўқувчи, ҳам кутубхоначига китоб ўз вақтида қайтарилишини кўрсатиб турадиган тизим бўлади.

Мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш борасида ҳам кўзланган лойиҳалар борми?

— Бор. Бу октябрь-ноябрь ойларида эълон қилиниши кутилаётган VR-TURIZM лойиҳасидир. Билсангиз, республика бўйлаб 214 га яқин Баркамол авлод болалар мактаблари бор. Ҳар бирида тўгараклар мавжуд. Буларга қўшимча сифатида VR-TURIZM лойиҳаси амалга оширилади. Бола VR-кўзойнак орқали Тошкентдан туриб Самарқанд ёки Бухорога, тарихий обидаларга саёҳат қилиш имкониятига эга бўлади. Шундай қилиб, ҳар бир бола республика бўйлаб саёҳат қила олади. Барибир виртуал кўргандан кейин, одамда бориб кўришга қизиқиш ортади. Бу мамлакатда ҳозирги кунда кенг тарғиб қилинаётган ички туризмни ривожлантиришга хизмат қилади. Бола ота-онасини виртуал кўрган жойларига боришга ундайдиган бўлса, ҳам ота-она, ҳам бола тарихий мерослардан маънавий озуқа олади.

Ундан ташқари, мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилиши кўзланган лойиҳа сифатида ArtShopни мисол қилиб келтириш мумкин. Баркамол авлод мактабларида ҳунармандчилик тўгараклари бор. Ўшанда болаларнинг қўл меҳнати билан яратган маҳсулотлари бўлади. Мазкур лойиҳа орқали боланинг ўзи ясаган буюмларини сотиш имконияти пайдо бўлади. Бу болаларни тўгаракларга жалб қилишга, ҳунар ўрганишига ёрдам беради.

Кейинги йилларда Президентимиз томонидан китобхонлик маданиятини ривожлантириш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди. Ёш китобхон болажонларимиз, умуман олганда, китобсевар мухлислар учун қандай электрон қулайликлар яратилмоқда?

— Бу бўйича бизда kitob.uz лойиҳаси бор. Ҳозирги вақтда 2000 дан зиёд электрон, 1000 дан кўп аудио ресурслар мавжуд. Исталган жойдан туриб мутолаа қилиш имкониятига эга бўласиз. Кундан-кунга янги китоблар билан тўлдириб боряпмиз. Мазкур платформадан нафақат республика ҳудудида, балки бошқа мамлакатда фойдаланиш мумкин. 5 миллиондан ошиқ ватандошларимиз хорижда бўладиган бўлса, уларнинг болалари мутолаа қилиши учун ўзбек тилидаги контентлар кам. Улар ўзбек тилини унутиб юбормаслиги, миллий қадриятлар йўқолмаслиги мақсадида kitob.uzдан фойдаланса бўлади.

— Жорий йилда ўқувчиларни 1-синфга онлайн қабул қилиш тизимини йўлга қўйилиши халқ таълими тизимида кескин бурилиш бўлди, деб айта оламиз. Бу тизим ишга тушгач, баъзи ота-оналарнинг оғири енгил бўлган бўлса-да, баъзилари учун бош оғриқ бўлди. Maktab.uz электрон платформасининг дастлабки синов ишлари қай даражада якунланди? Келгуси йилда аҳоли учун осон фойдаланиш имкониятини яратишда нималар режалаштирилган?

— My.maktab.uz платформасини ишлаб чиққанимиздан кейин 1-синфга 110 мингга яқин ўқувчини қабул қилдик. Тизим Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари мактабларида синов тариқасида амалга оширилди. Айтганингиздек, яхши ўтди. Лекин барибир ҳар ерда ҳам ўзига яраша ижобий-салбий томонлар учраб туради. Тушунмовчилик ҳолатлари юзасидан Call-марказимиз ва мутахассислар томонидан ота-оналарга ёрдам кўрсатилди. Телеграм каналида керакли йўриқномаларни тақдим этиб бордик. Бу ота-оналарга уйдан туриб боласини мактабга рўйхатдан ўтказа олиш имкониятини берди. Ортиқча оворагарчилик, мактабга бор, иссиқда юр, навбат кут сингари ҳолатларга чек қўйилди. Келгусида лойиҳани янаям кенгайтиришни режа қиляпмиз.

Марказ юртдошларимиз билмаган яна қандай хизматларни кўрсатади?

— Кўпчилик билмаган бир нечта лойиҳаларимиз ҳам бор. Улар back office дейилади. Мактаблар, ўқитувчилар учун қулайликлар яратиш бўйича ERP дастури бор. Ортиқча қоғозбозликни камайтириш, рақамлаштириш доирасида анча енгилликлар яратадиган тизим.

Call-марказ фаолияти ҳақида тўхталсангиз.

— Бизда ишонч телефони бор: 202-09-09. Операторлар аҳолидан келадиган мурожаатларни тезкорлик билан ҳал этиш, уларни тўғри йўналтириш, таҳлил қилиш, агар муаммоли ҳолатлар учрайдиган бўлса мутахассислар билан ечимини топишга ёрдам беришади.

Келгусида қандай лойиҳаларни амалга оширишни режа қилгансиз?

— Халқ таълими тизимида рақамлаштиришни янаям кенгайтириш, ота-оналарга, ўқитувчиларга, мактабларга қулай имкониятлар яратиб бериш, вақтини тежаш, халқаро тажрибаларни юртимизда татбиқ қилиш сингари бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни режа қилганмиз.

Болаларни билим олишга қизиқтирадиган яна қандай лойиҳалар мавжуд?

— Edu Kids лойиҳасини айтсак бўлади. Кўпчилик бу ҳақида қўшимча таклифлар юборишяпти. «Болажон» телеканалида узатиляпти. Мазкур лойиҳа илмий-оммабоп видеороликлардан иборат бўлиб, болаларга анимация шаклида маълумот бериб боришга қаратилган. Мисол учун, dayjestларнинг бирида бола Олимпиада ўзи нима, тарихи қандай деган саволларга жавоб олиш имконига эга. 2020 йили 43 та видео ишлаб чиқилган бўлса, жорий йилнинг якунига қадар 60 га яқин видео тайёрлаш режа қилинган.

— Айтингчи, агар пандемия бўлмаган тақдирда тизимни рақамлаштириш, масофавий платформалар шу даражада ривожланган бўлармиди?

— Ривожланиш суръати ҳозирги пайтга нисбатан секинроқ бўлган бўлар эди. Пандемия бу жараённи тезлаштириб юборди. Талаб ортди.

Ҳозирда Замонавий мактаб лойиҳаси устида ҳам иш олиб бораётган экансизлар. Шу ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтсангиз.

— Замонавий мактаб лойиҳаси Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 26 ноябрдаги 4537-қарори асосида ишлаб чиқилган. Лойиҳа бўйича халқаро тажриба ўрганилди. Шу бўйича 4 та соҳа, 11 та бўлим, 38 та мезон ишлаб чиқилди. Ҳудудлардан 42 та мактаб танлаб олинди ва ўрганилди.

Мутахассислар томонидан даражалар бўйича мактаблар аниқланиб, Замонавий мактаб сертификатлари билан тақдирланди. Уни ОАВда кенг ёритдик.

 Йил янунига қадар 750 га яқин мактабларни кўриб чиқиш, уларни замонавий мактаб мақомига тўғри келади ёки йўқлигини аниқлаб, сертификатлар билан тақдирлашни режалаштиряпмиз. Лойиҳанинг муҳим томони шундаки, ота-оналар мактабдаги таълим сифати, моддий-техник базаси ва шунга ўхшаш ресурслар бўйича ҳар бир йўналиш борасида маълумотга эга бўлиб, боласи учун мактаб танлайди. Мактаблар кириш эшигида сертификатни илиб қўядиган бўлса, кирган ота-она билади, демак бу Замонавий мактаб талабларига мос келади, деб.  Бу эса мактаблар ўртасида соғлом рақобатни яратиш, ўз устида ишлаш, Замонавий мактаб мақомига эришиш учун ҳаракат қилишига замин яратади.

— Таълим тизимини рақамлаштириш, ундан ташқари қанчадан-қанча лойиҳалар ишлаб чиқиляпти, деяпмиз. Шу кунгача бундан қанча мактаб фойдалана олдию, келгусида яна қанчаси фойдаланиш имкониятига эга бўладилар?

— Рақамлаштириш доирасида кўп ишлар амалга ошириляпти деяпмиз. Мактабларда охирги 3 йилда юқори тезликдаги интернет инфратузилмаси 3 фоиздан 95 фоизга ва жорий йил бошидан бошлаб ички локал тармоқ инфратузилмаси (компьютер синфи, ўқитувчилар хонасига wi-fi ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига локал тармоқ) 5300 та (53 фоиз) мактабларда ташкил этилди. Қолган мактабларни ҳам ички локал тармоқ инфратузилмасига улаш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Бу имкониятлар мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларига электрон ресурслардан кенг фойдаланиш имкониятини беради.

Суҳбатимиз давомида сиздан сўрамаган саволларимиз, ўз фикрларингиз бўлса биз билан ўртоқлашсангиз.

— Электрон шаҳодатнома лойиҳаси, васийлик-ҳомийлик етим болалар портали, EduCare лойиҳаси бор. Булар ҳаммаси қўшимча қулайликларни яратишга қаратилган. 

Келажакда марказ томонидан халқимизга имкониятларни яратиб бериш, уларни ахборот тизимларидан кенг фойдаланишга ундаш ва шу орқали кўплаб маълумотларга эга бўлишларига эришишга қаратилган режаларимиз бор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг