Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзингдан чиққан балога, қайга борай давога...

Ўзингдан чиққан балога, қайга борай давога...

Фото: «EU vs Disinfo»

Болалигимда қишлоғимизда оёқ кийимлари ишлаб чиқариладиган фабрика ишга тушган эди. Халқ тилида «Обувной» деб номи чиққан бу фабрикага бизнинг ва атрофдаги қишлоқлардан мактабни битирган ёшлар ишга кира бошлашди. Ўша йили мактабни тамомлаб ўқишга киролмаган опам ҳам келаси йилгача шу фабрикада ишлаб туришни лозим топди. Унга қўни-қўшни қиз-йигитлар қўшилди. Ўшанда уларнинг барчаси бир муаммога дуч келишган эди: ишга кириш учун ариза рус тилида ёзилиши керак экан!

Буни ҳамма табиий қабул қилган. Сабаби у пайтларда «иккинчи она тилимиз» ҳисобланган рус тили амалда алақачон биринчиликка чиқиб олган эди. Ҳеч ким, бу фабриканинг раҳбарлари ўзимизнинг одамлар, ҳаммаси ўзбек, ишловчилар ҳам ўзбеклар, аризани ўзбек тилида ёзса ҳам бўлардику, демаган, очиғи бу ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаган. Рус тилида ёзилади, тамом-вассалом. Хуллас, кимдир рус тили ўқитувчисининг олдига чопади, кимдир «армияда ўрис тилини ўрганиб келган» акаси ёки бирор қариндошидан ёрдам сўрайди. Аризалар қайта-қайта ёзилади, қайта-қайта йиртилади... Ишқилиб, амаллашади. Бу энди ўтган қирқ йиллик гаплар.

Мустақилликка эришганимизга ҳадемай 28 йил бўлади. Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига эса 30 йил бўлди! Хўш, нима ўзгарди?!.

Яқинда вилоятда яшайдиган бир қариндошимиз телефон қилиб ёрдам сўраб қолди. У аёлнинг анча йиллардан бери ҳар икки-уч ойда фарзандини Тошкентдаги клиникалардан бирида даволатиб туришини биламан. Катта пул сарфлайди. Лекин бемор кўп, синчиклаб текширувлар, таҳлиллар ҳар бир беморга анча вақт олади. Шу боис олдиндан навбатга ёзилиш керак. Муолажалар яхши самара бераётгани учун улар эринишмайди сира. Навбатга ёзилади, клиника ходимлари қабул кунини белгилашади ва қабулдан бир кун олдин ўзлари мижозга телефон қилиб айтишади. Ҳаммаси рисоладагидек. Мендан ёрдам сўраганининг сабаби эса...

Ўша аёл икки ой олдин ҳам текширувга олиб келган ўғлини. Текширишган, муолажала натижалари таҳлил қилинган ва янги муолажалар ёзиб берилган. Врач кўрсатмаси билан 250 000 сўмга қанақадир аппаратга ҳам туширган фарзандини ва кейинги сафар келишини рўйхатга ёздиришни ҳам унутмаган. Белгиланган сана яқинлашганда клиникадан унга телефон қилишган, лекин унинг телефони «доирадан ташқарида» бўлгани боис улана олишмаган. Клиникадан қўнғироқ бўлганини билган аёл ўзи сим қоққан. Гўшакни русийзабон ходим олган ва рус тилида навбати ўтиб кетганини, яна навбатга ёзиб ўзи телефон қилишини айтган. Лекин қўнғироқ қилмаган. Муаммо шундан бошланган. Ҳар сафар клиникага қўнғироқ қилганида ўша ходим рус тилида жавоб берган, унинг гапларини амал-тақал тушуниб олган аёлнинг ўзбек тилидаги жавобларига парво ҳам қилмаган. Ахир, кун ўтяпти, белгиланган вақт ўтиб кетса, бемор қайтадан 250 минг тўлаб яна аппаратга тушиши керак-да. Кейинги сафарлар эса унинг овозини эшитибоқ гўшакни тарақлатиб қўйиб қўйиш бошланган...

Ундан клиника рақамини олиб қўнғироқ қилдим, ўша ходим олди гўшакни. Ўзбек тилида гапиришни бошладим. «Что вы говорите?» Мен эса ўзбекча гапиришда давом этдим. Ниҳоят, у ёрилди: «Я не понимаю узбекский». «Унда ўзбек тилини биладиган ходимга беринг гўшакни». Ҳайтовур, ўзбек тили, деганимдан уқиб олди шекилли, «сейчас», деб, шеригини чақирди... Салом-аликдан сўнг вазиятни тушунтирдим, муаммо ҳал бўлди, қариндошим бемор ўғлини навбатдаги кўрикдан ўтказиб кетди.

Мени миллатчиликда айлайдиганлар ҳам топилиши аниқ. Лекин, Ўзбекистонда давлат тилини билмаслигини уялмай айтаётганларни кўз олдингизга келтирсангиз, бундан тийилган бўлардингиз. Айниқса, бу ҳолатни юқорида тилга олганим 40 йиллик ҳолат билан таққосласангиз.

Яқин бир гуруҳ фаоллар (аксарияти маданият ходимлари)нинг Ўзбекистон қонунчилигига ўзгартиш киритиб, рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи билан чиққанини ўқиб, ўша «фаоллар» орасида халқимиз севадиган, ардоқлайдиган шахсларнинг ҳам борлигидан рости лол бўлиб қолдим. Чунки соф ўзбекча исм-фамилиялари-да «ўрисча жаранг сочадиган» (бу ғализ жумлани ишлатишни ҳам, ишлатганларни ҳам ёқтирмасам-да, айни вазиятда қўллашни лозим кўрдим)лар билан уларнинг ҳамфикр эканлигидан дилим ранжиди. Тўғри, бир менинг ранжишим ҳеч нарсани ўзгартирмайди, уларнинг қарашини ҳам, лекин жим турмаслик ҳам керак-ку.

Эҳтимол, улар, биз ўзбек тилига қарши эмасмиз, фақат рус тилига расмий мақом бериш таклифини (аслида бу уларнинг талаби) илгари сурдик, холос дейишлари мумкин. Хўш, шундай ҳам дейлик. Нима фарқи бор? Бу таклиф ўзлари каби ўзбек бўлса ҳам, ўзбекча куйласа ҳам, оилада, яшаш тарзида русча анъаналарга содиқ бўлган яна қанча-қанча «фаоллар»ни руҳлантирадими? Албатта! Ёки бу ёғи «Ўзингдан чиққан балога, қайга борай давога»ми?

Уларга ҳамма бирдек танийдиган ва ҳурмат қиладиган Фаррух Зокиров орқали шундай мурожаат қилишни лозим топдим:

Ҳурматли Фаррух ака, бу таклифга имзо қўяётганда нимани ўйладингиз билмадиму, аммо жуда нотўғри қадам ташлагансиз. Содда қилиб айтганда, провакацияга бош қўшгансиз. рус тили нуфузини собиқ иттифоқ давлатларида қайта тиклаш ва шу орқали аста-секин бошқа талаб-истакларини ҳам илгари суришни мақсад қилган, бу йўлда жуда катта маблағ сарфлаётган рус пропагандаси ноғорасига ўйнагансиз.

Балки сизга фарқи йўқдир, лекин шундай бўлгудек бўлса, рус тили расмий мақомдан осонлик билан, 40 йил аввалгидек, «иккинчи она тили» даражасига чиқиб олади.

Бирор давлат идораси ёки муассасага ишимиз тушса, гўшакни ўзбек тилини биладиганга беринг, деёлмайди ҳеч ким. Нафақат русийзабонлар, ўзбек тилини била туриб жўрттага русча гапирадиган «ўта маданиятли ўзбеклар» ҳам борлигини инобатга олсак, бунинг оқибатлари яхшиликка олиб келмайди. Юқорида мисол келтирганимдек, клиникага иши тушган бемор, у ҳатто бир умр уйдан чиқмаган одам, аёл, она бўлса ҳам, шу муаммога дуч келса, ё даволанишдан воз кечиб қўяқолади, ёки рус тилини биладиган қўшнисиникига чопади.

Таклифингизда келтирган «рус тили орқали ўзбек миллати нафақат буюк рус маданияти, балки жаҳон маданияти ва илм-фани билан танишгани, ўзбек олимлари ва адиблари рус тили орқали дунёга танитилгани ҳамда дунёни танигани»дек важ-карсонингизга кўз юмган ҳолда «миллионлаб ўзбеклар рус тилини билмагани учун Россияда ишлаётганда қийналмоқда» деган иддаоингизга бефарқ бўлолмадим.

Қизиқ, сиз Россияда ишлаётган ватандошларимиз ҳақида қайғуряпсизми ёки уларни ҳам руслаштиришни истаяпсизми? Майли, сизнингча ҳам бўла қолсин. Нима, Россияда ишлаш учун рус тилини сизнинг даражангизда билиш шартми? Ёки рус тилини зўр биладиган қора ишчига Россияда бирор мансаб беришармикин? Унга муносабат ўзгариб қолармикан? Мана яқиндагина Россия фуқаролигини олган асли ўзбекистонлик ёш аёл купа-кундузи миллатчи шахс томонидан ўзи ишлаётган магазинда пичоқлаб ўлдирилди. Уч фарзанди чирқиллаб қолаверди. Ҳеч ким, ҳой, бу аёл ўзимизнинг фуқаро, деб ёнини олмади-ку. Ўзи шундоғам АҚШ ва Европа санкцияларидан ҳолдан тойиб бораётган Россия юртдошларимиз учун жозибасини йўқотиб бораётган бир пайтда бу фикрни айтиш кулгули эмасмикин? Ундан кўра, хорижда ишлашни истовчи ёшларимизга инглиз, немис, француз тилларини ўргатиб, Европага жўнатайлик, кўпроқ маош олишади қайтанга. Меҳнат хавфсизлиги ҳам яхшироқ таъминланади. Мана, яқинда ҳукуматимиз БАА билан келишувга эришди. Энди миллионлаб ўзбеклар Россиядан кўра кўпроқ маош тўлайдиган ва хавфсиз бўлган Амирликларга бориб ишлашлари мумкин бўлади. У ҳолда, араб тилини ўргатиш керак эканда...

Гапирсак гап кўп. Ўзбекистонда рус тили бўйича шундоғам ҳеч қандай муаммо йўқ. Истаган одам боласини рус тилли боғча ва мактабларга беришяпти. Жамиятда ҳам русийзабон ҳамюртларимиз бирор муаммога дуч келишгани йўқ, келишмайди ҳам. Рус тилини сиёсийлаштириш, ундан қандайдир мафкура қуроли сифатида фойдаланмаслик керак.

Ундан кўра, юртимиз зиёлилари, санъат ва маданият арбоблари бир ёқадан бош чиқариб, ўзбек тилимизнинг том маънода Давлат тили даражасига олиб чиқиш учун ҳаракат қилишлари лозим. Қайсидир бошқа давлатнинг сиёсий қарашларини ифодаловчи пропаганда қутқуларига учмасдан, мамлакатимиз, миллатимиз, тилимиз равнақи йўлида жипс бўлишимиз даркор! Ахир, айтишадику, бўлинганни...

Усмонжон Йўлдошев, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг