Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни қандай қонунийлаштириш мумкин?

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни қандай қонунийлаштириш мумкин?

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни қонунийлаштириш бўйича бир марталик акция тугалланди. Бироқ турли сабабларга кўра тақдим этилган имкониятлардан фойдаланишга улгурмай қолганлар ҳам бор.

«Норма» нашри эксперти Олег Гаевой ваколатли органларнинг рухсатномасисиз қурилган иморатга мулк ҳуқуқини ҳозирги кунда қандай олиш мумкинлиги тартиби бўйича шарҳ тайёрлади.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморат ва унинг оқибатлари ҳақида нималарни ёдда тутиш керак?

Турар жой, бошқа қурилма, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк (ФКнинг 212-моддаси) қуйидаги тарзда қурилган бўлса, ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади:

  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу мақсадлар учун ажратилмаган ер участкаларида;
  • бунга керакли рухсатномаларни олмасдан ёки архитектура ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларини сезиларли даражада бузган ҳолда қурилган иморат.

Ўзбошимчалик билан иморат қурганлик учун жазо тайинланади. Объектни рўйхатдан ўтказмасдан ва рухсатномасиз қурганлик, қурилиш нормалари ва қоидаларини, ишларни бажариш ва топширишда техник шартларни, объектни ишга тушириш қоидаларини бузганлик учун жарималар солинади (МЖТКнинг 99-моддаси). Қонун ҳужжатларида ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган.

Ер ва мол-мулк солиғини ҳисоблашда қўлланиладиган маълумотлар нотўғри бўлиши мумкинлиги сабабли солиқ органлари томонидан эътироз билдирилиши эҳтимолдан холи эмас. Қўшнилар эътироз билдириши, ҳудуд ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганда эса ҳокимиятлар, ноқонуний қурилган иморат ҳуқуқ ва манфаатларини бузаётган бошқа шахслар эътироз билдириши мумкин. Охир-оқибатда суд муҳокамалари ўтказилиши ва суд томонидан иморатни бузиш тўғрисида қарор чиқарилиши мумкин.

Ноқонуний қурилишни сотиш, ҳадя қилиш, ижарага бериш ёки бошқа битимларни амалга ошириш мумкин эмас.

Тошкент шаҳар ер ресурслари ва кўчмас мулк давлат кадастри бошқармасида (кейинги ўринларда – бошқарма) таъкидланишича, амалдаги рухсатнома олиш тартиб-таомиллари қурилиш хавфсизлигини таъминлаш ва қонунга риоя этишга йўналтирилган. Қурилишга тайёргарлик кўришда унинг архитектура кўриниши қандай бўлиши, қурилиш материалларини харид қилишни эмас, балки қурилишнинг ҳуқуқий жиҳатлари тўғрисида ўйлаб кўриш муҳимдир. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2018 йилдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган регламентга амал қилиш лозим.

Қурилишни бошлашдаги барча рухсат бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилди ва бугунги кунда бир неча инстанцияларга югуришга зарурат бўлмайди. Барча масалалар ЯИДХП орқали масофавий тарзда ҳал этилмоқда. Бошқа варианти – Давлат хизматлари маркази орқали ўзи келиб ариза бериш. Ваколатли давлат органлари ходимлари зарурат туғилганда ўзлари сиз билан боғланишади.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриб бўлинганда нима қилиш керак?

Ўзбошимчалик билан қурилган иморат қуйидаги талабларга жавоб берса, мулк ҳуқуқи берилиши мумкинлигини инобатга олиш керак:

  • ҳаётий фаолият хавфсизлигига таҳдид солмаса ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мос келса;
  • бирор кимнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузмаса.

Ваколатли органлар томонидан қарорлар чиқаришда биринчи навбатда ушбу жиҳатларга эътибор берилади.

Масаланинг ҳал этилиши ўзбошимчалик билан иморат қурилган ер участкаси кимга қарашли эканлигига боғлиқ бўлади. Ер участкаси қурилишни амалга оширган шахсга тегишли бўлмаса (ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида бўлса), ушбу масала суд орқали ҳал этилади (ФКнинг 212-моддаси). 

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида ўзбошимчалик билан қурилган иморатга мулк ҳуқуқи камдан-кам ҳолатларда эътироф этилади. Бунда иморат уни қурган шахсга тегишли ер участкасида кўтарилган тақдирда қандай йўл тутиш ҳақида аниқ бир регламент мавжуд эмас. Мутахассислар ушбу масалани ҳал этишда регламентга риоя қилган ҳолда қурилган ҳолат учун белгиланган ўхшаш тартибга амал қилишни тавсия этадилар (18.05.2018 йилдаги 370-сон ВМҚ).

Бошқарма мутахассислари қуйидагича тартибни тавсия этишмоқда:

  • биноларни лойиҳалаштириш билан шуғулланадиган лойиҳа ташкилотига мурожаат этиш лозим. Ушбу ташкилот мутахассислари жойига чиққан ҳолда қурилишни кўздан кечирадилар, керакли ўлчовларни оладилар, бинонинг техник ҳолатини ўрганадилар ва уни қурилиш хавфсизлиги нормалари ва қоидаларига мувофиқлаштиришга доир тавсияларни берадилар, зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмак кўрсатадилар. Материални тайёрлаш доирасида Тошкент шаҳридаги бешта лойиҳа ташкилотига мурожаат қилдик. Мазкур ташкилотлар ушбу масалани ҳал этишда ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини айтишди. Уларда хизматлар қиймати бир-биридан фарқ қилади. Якка тартибдаги турар жой муаммоларини ҳал этишга 2,5 млн сўмдан 5 млн сўмгача маблағ кетади. Барча ишлар учун бир ойча вақт керак бўлади;
  • ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқини расмийлаштириш тартиб-таомилларини якунлаш учун Давлат хизматлар маркази ёки ЯИДХП орқали фойдаланишга қабул қилиш тўғрисида ариза бериш лозим. Ариза берилган кундан бошлаб 5 кун ичида ер тузилиши ва кадастр бош архитектори жойига чиқиб қурилмани ўрганиб чиқади, яна уч кундан кейин эса сизга тегишли ҳужжат тақдим этилади. Хизмат пуллик – БҲМнинг 30 фоизи.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг