Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонлик йигит «Google»ни қандай забт этди?

Ўзбекистонлик йигит «Google»ни қандай забт этди?

IT Парк хорижда ишлаётган ўзбекистонлик IT-мутахассисларнинг муваффақият тарихи ҳақида ҳикоя қилиб борувчи «ICT ҳикоя» номли рукнни ишга туширди. Илк меҳмон — Фарруҳ Ҳабибуллаев.

Фарруҳ 29 ёшда. 2012-2016 йилларда Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетининг Бизнес-ахборот тизимлари факултетида таҳсил олган. 2017 йилдан 2019 йилгача АҚШнинг Аёва штати Маҳариши менежмент университетида «математика ва информатика» йўналиши бўйича магистр даражасини олади.

Фарруҳ ҳозирда Google компаниясининг Android Automotive OS жамоасида дастурий таъминот муҳандиси бўлиб ишлайди. У ўз жамоаси билан биргаликда автомобилларни ҳайдовчилар ва йўловчилар учун хавфсизроқ ва қизиқарлироқ қилиш учун операцион тизимларни ишлаб чиқади.

Чет элдаги фаолият қандай бошланган?

Фарруҳнинг эслашича, у меҳнат фаолиятини «Tune Consulting» компаниясида катта дастурий таъминот муҳандиси сифатида бошлаган.

«Мен ўз мамлакатимда IT соҳасига илк қадамимни Tune Consulting компаниясида қўйдим. 2014 йилдан 2016 йилгача ишладим. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ учун чипталарни онлайн сотиш учун дастурий таъминот ва Андроид иловаси яратилди. Ўқишни тамомлаганимдан сўнг халқаро компанияда ўз кучимни синаб кўрмоқчи бўлдим. Кейин мен резюмени АҚШнинг бир нечта компанияларига юборишга қарор қилдим ва 15 дан ортиқ компаниялар мени суҳбатга таклиф қилганидан жуда хурсанд бўлдим. Қолаверса, улардан 10 нафари менга иш таклиф қилишди», эслайди у.

Кўп сонли таклифлар орасидан Фарруҳ тиббиёт соҳасидаги биоинженерия тадқиқотларига ихтисослашган Сан-Франсискодаги Neopeutics, Inc. компаниясини танлади.

«Менга олимлар, биоинженерлар билан ишлаш ва ажойиб тадқиқотлар олиб бориш учун шундай қизиқарли лавозим таклиф қилинди. Бу ҳақиқатда ҳаётимдаги энг ажойиб тажриба бўлди», дейди у.

Neopeutics, Inc. турли касалликларга даво излайди. Компаниянинг олимлари ва тадқиқотчилари жуда катта миқёсда, петабайт кўламида алгоритмлар ва маълумотлар билан ишлайди.

«У ерда дастурий таъминот муҳандиси сифатида ишлаганимда, мен ушбу йирик маълумотлар тўпламини сақлайдиган ва қайта ишлайдиган аналитик ва интеллектуал дастурий таъминотни яратдим. Жамоам билан биргаликда бундай катта маълумотларни самарали, хавфсиз ва ишончли сақлайдиган ва қайта ишловчи дастурий ечимлар ва алгоритмларни ишлаб чиқдик», таъкидлайди дастурчи.

Фарруҳ ва унинг ҳамкасблари томонидан яратилган дастурий таъминот олимлар ва тадқиқотчиларга тадқиқотни осон, тез ва аниқроқ амалга оширишда ёрдам берди.

Нима учун айнан АҚШ?

Ҳикоямиз қаҳрамони эътироф этганидек, унда ҳужжатларни расмийлаштириш ва кўчиш билан ҳеч қандай муаммога бўлмади, ҳамма нарса осон ва тез кечди.

«Виза билан муаммо бўлмади. Аммо Ўзбекистондан АҚШда дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича ишга жойлашиш осон бўлмади. Суҳбат жараёни жуда қийин ва узоқ кечди, негаки мен АҚШдаги бошқа номзодлар билан рақобатлашишга мажбур бўлдим», қайд этади у.

Харажатлар билан боғлиқ масалаларни компания ўз зиммасига олди.

«Neopeutics, Inc. дан иш таклифини қабул қилганимда, улар менинг барча ҳужжатларимни тайёрлаб беришди. Бундан ташқари, компания биринчи марта парвоз ва турар жой харажатларини ўз зиммасига олди. Компания менинг АҚШга келишим учун ҳамма нарсани қилди. Мен фақат чамадонларимни йиғиб, ота-онам билан хайрлашдим, холос».

Қийин бўлган ягона жиҳат – юрт соғинчи

«Бошида қийин бўлган. Ватанни тарк этдим, қариндош-уруғлардан, дўстлардан узоқларга кетдим. Чет элда мен доим қариндошларимни, шаҳримдаги қишлоқни, мазали ўзбек таомларини ва яна кўп нарсаларни соғинаман. Аммо бошқа томондан, бошқа дунёга шўнғиш ва ўзингдан фарқли маданият билан танишиш қизиқ эди», хотирлайди Фарруҳ.

Фарруҳ нима учун АҚШни танладингиз, деган саволга, у «энг аввало имкониятлар ҳақида ўйладим», деб жавоб берди:

«Менимча, Қўшма Штатлар узоқ вақтдан бери «имконият» сўзининг синонимига айланган, айниқса, мартаба ҳақида гап кетганда. Ҳақиқатан ҳам профессионал ўсиш учун барча шароитлар мавжуд. Яна бир катта афзаллик шундаки, сиз турли мамлакатлардан келган мутахассислар билан ишлашингиз мумкин».  

Шунингдек, у АҚШда малакали IT-мутахассислар учун миллионлаб иш ўринлари мавжудлигини ва энг муҳими, АҚШда дастурий таъминот муҳандисларининг маоши энг юқори эканлигини таъкидлайди:

«Масалан, Ню-Йоркда 5 йиллик тажрибага эга бўлган дастурий таъминот муҳандисларига йилига миллион доллардан ортиқ пул тўлайдиган компаниялар бор. Бундан ташқари, иш муҳити жуда қулай ва жадвал мослашувчан. Компаниялар соғлиқ суғуртаси, куннинг исталган вақтида бепул овқатланиш, АҚШнинг исталган жойидан ишлаш имконияти ва бошқалар каби кўплаб имтиёзларни тақдим этади».

Фарруҳнинг сўзларига кўра, Сан-Франсиско, Калифорния энг зўр танлов эди, чунки IT муҳити ва маданияти бошқа шаҳарларга қараганда яхшироқ. Аммо яна бир факт шаҳарни танлашга таъсир қилди: у Сан-Франсисконинг иқлимини жуда яхши кўради, чунки у ер иссиқ ва бу, ўз навбатида, Фарруҳга унинг қуёшли юртини эслатади.

Муваффақият сари йўл...

Neopeutics, Inc. компаниясида бир йилдан ортиқ дастурий таъминот муҳандиси сифатида ишлаган Фарруҳ Zume, Inc стартапига ўтиб кетди ва у ерда роботлар ва коботлар учун дастурий таъминот яратди.

Шундан сўнг у бир муддат Амазонда ишлади.

«Амазонда мен Prime Video жамоасида 100 дан ортиқ муҳандис ва менежерлар билан ишладим. Юз миллионлаб Амазон Prime Video обуначилари ва мижозларини қўллаб-қувватлаш учун кенгайтириладиган ва ишончли веб-стриминг хизматларини ишлаб чиқдим. Бундан ташқари, Fire OS ва Fire TV қурилмаларидаги иловаларни ишлаб чиқишда иштирок этдим», дейди у.

Ҳозир Фарруҳ «Google» компаниясида муваффақиятли ишлаб келмоқда.

«Бу ерда мен 200 га яқин муҳандислар билан ишлайман. Ўз Android Automotive OS жамоамда 20 нафар муҳандис фаолият олиб боради. Мен 500 дан ортиқ автомобил турлари, жумладан BMW, Ford, Chrysler ва бошқалар учун ақлли дастурий таъминот ва Андроид операцион тизимини ишлаб чиқаман. Жамоам билан биргаликда Андроид операцион тизимининг автомобил учун версияси устида ишлаймиз. Масалан, сизда автомобил ишлаб чиқарувчи компания бор. Агар машиналарингизни ақллироқ қилишни истасангиз, Google ва менинг жамоам томонидан ишлаб чиқилган Андроид версиясидан фойдаланишингиз мумкин», қайд этади у.

Бундан ташқари, бизнинг қаҳрамонимиз қисман автоном автомобиллар учун дастурий таъминотни ишлаб чиқадиган жамоа билан ишлайди.

Фарруҳнинг хотирлашича, ушбу компанияларга ишга кириш учун у бутун бўш вақтини ўқишга бағишлаган, университетда ва мустақил равишда математика ва информатика фанларини ўқиб-ўрганган. У барчасига фақат билим ва ўз устидаги меҳнат эвазига эришганини таъкидлайди.

Ўзбекистоннинг IT-соҳасига баҳо

Фарруҳнинг сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистонда IT соҳаси жуда жадал ривожланмоқда ва бу йўналишда карера қуришга қизиқаётган ёшлар сони ортиб бормоқда:

«Давлат талабалар, IT мутахассислари ва бизнес учун чексиз имкониятларни тақдим этади. Ҳар йили янги IT университетлари ва bootcampлар очилади ва IT-бизнес айрим солиқлардан озод қилинган. Менимча, буни бошқа ҳеч бир давлатда топиш мумкин эмас. Агар шундай давом этса, бир неча йилдан сўнг Ўзбекистон Марказий Осиёдаги технологик марказга айланади».

Мутахассис таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг IT соҳаси Американикидан бироз фарқ қилади. Унинг фикрича, Марказий Осиёнинг кўпгина мамлакатларида ахборот технологиялари асосан тижорат мақсадларида (масалан, маҳсулотларни сотиш платформаси, тўлов тизимлари ва бошқалар) ёки жараёнларни автоматлаштириш мақсадида қўлланилади. АҚШда технология нафақат бизнес ва ҳукуматга, балки илм-фаннинг кўплаб соҳаларига ҳам мустаҳкам равишда интеграциялашган.

«Масалан, астрофизикада улар стероидларни аниқлаш ва коинотни, молекуляр биологияда ҳужайраларни кузатиш учун ишлатилади. Мен ишни осон ва самаралироқ қилиш учун ахборот технологиялари имкониятларини иложи борича илмий соҳаларда қўллашни жуда истайман», дейди у.

Ўзбекистонга қайтишни хоҳлайсизми, деган саволга Фарруҳ бундай имкониятни истисно қилмаслигини айтди:

«Эндиликда ҳисоблаш биологияси/амалий математика бўйича доктор даражасига эга бўлиш режам бор. Шундан сўнг Ўзбекистонга доимий яшаш учун қайтишим мумкин». 

Ёш IT-мутахассисларга маслаҳат

Фарруҳнинг таъкидлашича, бу ҳаётда энг муҳими ўзингни ва ҳаётдаги мақсадингни топишдир.

«Мен инсон ўз қалбига қулоқ тутиши кераклигига ишонаман. «Google»га қўшилишдан олдин мени Инстаграм жамоасида ишлаш учун «Facebook»га таклиф қилишди, лекин мен рад этдим, чунки менинг қизиқишларим бошқа. Ушбу ижтимоий тармоққа қизиқмайдиган авлодданман деб ўйлайман. Мен қалбимга қулоқ солганимдан ва кўнглим бўлган ишни топа олганимдан хурсандман».

Шунингдек, қаҳрамонимиз ёшларга информатикадан ташқари математика, физика, кимё, биология ёки улардан бирини яхши ўрганишни тавсия қилади:

«Сунъий интеллект асрида яхши дастурий таъминот муҳандиси бўлиш учун компютер фанидан ташқари ҳеч бўлмаганда математика ва физикани билишингиз керак бўлади».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг