Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва ЕОИИ: муносабатлар, таҳлиллар, рақамлар...

Ўзбекистон ва ЕОИИ: муносабатлар, таҳлиллар, рақамлар...

Фото: «pikabu.ru»

Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзолигига кириши борасида муҳокамалар кўпайди. Айни пайтда ушбу масала Ўзбекистон томонидан кўриб чиқилаётган экан, кўпчилик каби эмоционал фикрлар билан эмас, балки холис таҳлил орқали  ўз нақтаи назаримизни билдиришни лозим топдик.

Ҳозирда жаҳон мамлакатларининг глобаллашув даврида яккаланиб қолмаслик учун бошқа давлатлар билан ўзаро интеграцияга киришиш талаб этилмоқда. Айни жараён Ўзбекистон учун ҳам ўта муҳим масала экани маълум.

Сабаби, биринчидан, дунёдаги геосиёсий кескинлашув, айрим мамлакатлар томонидан олиб борилаётган чеклов чораларининг давом этиши ҳамда дунё бозоридаги кескинликлар жаҳон иқтисодиётига тушов бўлиши баробарида Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатиш хавфини оширмоқда.

Иккинчидан, халқаро савдо муносабатларидаги кескинлик мамлакатимизнинг жаҳон бозорига чиқишини чеклаши мумкин. Шунингдек,товар-хомашё ва молия бозорларида циклли ўзгаришларнинг давом этиши ҳам мамлакат экспорт имкониятларига салбий таъсир кўрсатиши ва хорижий капитал оқимига тўсқинлик қилиши эҳтимолини тобора оширмоқда.

Учинчидан, Ўзбекистонда жадал суръатлар билан ўсаётган меҳнат ресурсларининг бандлигини таъминлаш иқтисодиётдаги асосий масалалардан бири бўлиб, инвестиция ресурсларини жалб қилиш ва меҳнат сиғими юқори корхоналарни ташкил этиш учун қулай шароит яратишни талаб этмоқда.

Истиқболда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган айрим долзарб муаммо ва хавф-хатарлар мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодиёти глобаллашуви саҳнасида у ёки бу интеграцион уюшмага кириши заруриятини келтириб чиқармоқда. Айнан шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистоннинг ЕОИИ аъзолигига кириши ҳақида минтақада бошқа муқобил вариант мавжуд эмаслигини ҳисобга олиб, таҳлил қилиб кўриш ўринли деб ҳисоблаймиз.

ЕОИИ аъзо давлатларининг ўзаро ички савдо айланмаси динамикаси

ЕОИИнинг 2015-2018 йиллардаги фаолияти натижасига кўра, аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ички савдо ҳажми қарийб уч баравар кўпайган. Бешта мамлакатнинг савдо интеграцияси барқарор суръатлар билан ривожланмоқда.

Иттифоқнинг ички экспортининг асосий қисми Россияга тўғри келмоқда: 2018 йилда ЕОИИнинг ички савдо умумий ҳажмида Россиянинг улуши 65 фоизни ташкил этган. Беларуснинг улуши 23 фоиз, Қозоғистонники эса 10 фоизни ташкил этмоқда.

Асосий импортёр давлат эса Беларусь ҳисобланади: 2018 йилда Беларуснинг импорти иттифоқ ичидаги импорт умумий ҳажмининг 39 фоизини ташкил қилган. Россиянинг улуши 33 фоизни, Қозоғистоннинг улуши эса 23 фоизни ташкил этмоқда.

Умуман олганда, давлатлар орасидаги кўрсаткичлар тафовутларининг нисбатан катталигига қарамай, ўзаро ички савдони мунтазам ўсиб бораётганлиги мазкур Иттифоқнинг барча давлатлари учун бирдек фойда келтираётганлигидан далолат бермоқда.

ЕОИИ доирасидаги халқаро иқтисодий ҳамкорлиги географияси ва ташқи савдо айланмаси динамикаси

2015-2018 йилларда ЕОИИ учинчи давлатлар билан халқаро иқтисодий алоқаларни сезиларли даражада кенгайтиришга муваффақ бўлди. Бугунги кунга қадар Вьетнам (2016 йил октябр) ва Сингапур (2018 йил ноябр) билан эркин савдо зонаси тўғрисидаги, Хитой билан иқтисодий ҳамкорлик (2017) тўғрисидаги битимлар, Эрон билан эса мазкур мақсадда вақтинчалик битим (2018 йил) имзоланган.

Шунингдек, яна қатор давлатлар, жумладан Ҳиндистон, Миср, Мўғилистон, Таиланд, Исроил ва Жанубий Корея билан эркин савдо зонаси келишувини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Шунингдек, ЕОИИ томонидан халқаро ташкилотлар ва институтлар билан фаол ҳамкорлик олиб борилди. Жумладан, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ), Жаҳон божхона ташкилоти (ЖБТ), Халқаро миграция ташкилоти (ҲМТ) ва бошқалар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Бундан ташқари мазкур иттифоққа аъзо давлатларнинг асосий қисми Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га ҳам аъзо бўлган.

Натижада, ЕОИИнинг тўрт йиллик фаолияти давомида Иттифоққа аъзо давлатларнинг ташқи савдо айланмаси 30 фоизга ошди.

Жаҳон савдосининг нотинчлигига ва учинчи давлатлар билан муносабатлардаги қарама-қаршиликларга қарамай, Иттифоққа аъзо давлатларнинг ташқи савдоси ривожланиб бормоқда.

Шуниси эътиборга лойиқки, ЕОИИга аъзо давлатларнинг учинчи мамлакатларга экспорти импортга нисбатан жадал ривожланмоқда.

 

Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги иқтисодий муносабатлар

Савдо-иқтисодий алоқалар. ЕОИИнинг МДҲга аъзо бошқа давлатлар, жумладан, Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқалар 2011 йилда ташкил этилган «МДҲ Эркин Савдо Зонаси” доирасидаги ўзаро имтиёзлар тизими орқали амалга оширилмоқда.

2018 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг ЕОИИ давлатларига экспорти 3,2 млрд. долларни ташкил этиб, умумий экспортда 29,0 фоизни ташкил этган. 2019 йилнинг 9 ойи давомида эса мос равишда 3,1 млрд.доллар ва 27,6 фоизни ташкил этмоқда. 

Ўзбекистоннинг ЕОИИ давлатларига асосий экспорт маҳсулотлари бу — табиий газ, мева-сабзавотлар, текстил, автомобил ва бошқа маҳсулотлар ҳисобланади. Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлган тақдирда, ушбу тоифадаги маҳсулотлар ЕОИИга экспортини камида 20-30 фоизга ошириш имкониятини яратиши мумкин.

Шунингдек, 2018 йилдаги импорт ҳажми эса 5,6 млрд.доллар бўлиб, умумий импортда 32,5 фоизни ташкил этган. 2019 йилнинг 9 ойида эса мос равишда 4,7 млрд.доллар ва 29,2 фоизни ташкил этмоқда.

Асосий импорт маҳсулотлари қораметал, ўрмон-ёғоч маҳсулотлари, нефт-хом ашёси, машина-жиҳозлар ҳамда транспорт воситалари (қишлоқ хўжалиги транспорти воситалари билан бирга) Ўзбекистон саноат тармоғи ва унинг ривожланишига зарур ва эҳтиёжи катта бўлган маҳсулотлар ҳисобланади. ЕОИИ доирасидаги имтиёз асосида ушбу товарларни харид қилиш мазкур тармоқ ривожига жиддий туртки бериши мумкин.   

Аҳоли бандлигини ва меҳнат мигрантларининг ижтимоий таъминотини таъминлаш. Ҳозирги кунда қарийб 2,4 млн. киши ЕОИИ давлатларида, жумладан асосий қисми Россияда меҳнат қилмоқда. 2018 йилда Ўзбекистонга ЕОИИ давлатларидан жами 4,3 млрд.долларлик пул ўтказмалари жўнатилган бўлса, 2019 йилнинг 9 ойида эса ушбу кўрсаткич 3,7 млрд.долларни ташкил этган. Шунингдек, ЕОИИдан ўтказмалар миқдори жами ўтказмаларга нисбатан 84,1 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон меҳнат бозорига йилига ўртача ярим миллион меҳнат ресурслари кириб келмоқда. Юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистонда жадал суръатлар билан ўсаётган меҳнат ресурсларининг бандлигини таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, уларга тегишли меҳнат шароитларини яхшилаш, хорижда меҳнат қилаётганларнинг келгусида пенсия олиш, ўзлари ва оила аъзоларининг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яратиш ҳам долзарб масалалардан биридир. Мана шу долзарб масалаларни Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиш орқали ҳал этилиши имконияти пайдо бўлади.

Хорижий маблағларни жалб этиш. 2018 йил якунлари бўйича маълумотлар таҳлилига кўра, Россия ЕОИИнинг асосий тўғридан-тўғри сармоядори бўлиб қолмоқда. Белорусия ва Қозоғистон мазкур Иттифоқ доирасидаги энг йирик тўғридан-тўғри инвестицияларни қабул қилувчи давлатлар ҳисобланмоқда.

2019 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистонга ЕОИИ давлатларидан жами 291,1 млн. доллар миқдоридаги молиявий маблағлар, жумладан, 118,5 млн. долларлик давлат кафолати остидаги кредитлар, 172,5 млн.долларлик тўғридан-тўғри кредитлар йўналтирилган. 

Шунингдек, Ўзбекистонга ЕОИИдан киритилган тўғридан-тўғри ҳорижий инвестициялар миқдори 238,6 млн. долларни, хорижий инвесторлар иштирокида очилган корхоналар сони эса 2716 тани ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткич жами хорижий инвесторлар иштирокидаги корхоналарга нисбатан 27,9 фоизни ташкил этади.

Юқоридаги таҳлиллар Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан муносабатлари ҳажмининг улуши салмоқли эканлигини кўрсатмоқда. Бу эса ушбу иттифоқ билан муносабатларни кенгайтиришдаги имкониятлар ҳам катталигидан далолат беради.

 Фурқат Юнусов, 
«Тараққиёт стратегияси» марказининг
иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш
устувор йўналишлари бўйича лойиҳалар координатори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг