Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Оқил бошга, жоҳил муштга ишонади

Оқил бошга, жоҳил муштга ишонади

Фото: «Спутник»

Ҳар бир макон ва замоннинг ўзига яраша катта ёхуд кичик муаммолари бўлади. Лекин ана шу муаммоларнинг келиб чиқишига барибир инсон омили сабаб бўлаверади. Холисона, оқилона ва одилона ёндашишгина бу муаммоларни бартараф этади.

Асабий ҳолатлар ғазабга сабаб бўлади. Натижада англашилмовчиликлар, ўринсиз хатти-ҳаракатлар юзага келади. Табиийки, бундай ҳаракатлар иш унумига, муҳитни носоғломлаштиришга таъсир этибгина қолмай, балки, том маънода, юрт миқёсида олдимизга қўйилган мақсадларни, залворли вазифаларни амалга оширишга тўсқинлик қилишини ҳам инкор қилиш қийин.

Ҳар қандай муаммоларнинг оқибати билан эмас, балки сабаблари билан шуғулланиш, унинг илдизи билан қизиқиш мақсадга мувофиқ. Давлатимиз миқёсида ҳавас қилса арзигулик, улуғвор вазифалар, бунёдкорлик, ободонлаштириш  ишлари давом этаётган айни пайтда, баъзан масала моҳиятини тушуниш ва тушунтиришда йўл қўядиган нуқсонларимиз омма орасида турли англашилмовчиликларни келтириб чиқаришидан кўз юмиб бўлмайди.

Халқнинг ўй-ташвишлари билан яшаш одамийликнинг муҳим мезони эканини эътироф эта туриб, ҳақ розилигини халқ розилигидан топишдек хайрли ҳаракат билан иш бошлаган президентнинг олиб бораётган сиёсатига зид ҳолатлар нохуш кайфият уйғотиши ҳам тайин.

Фақат одамзотга, бандагагина хос бўлган учта тушунча бор. Биз уларни қандай истифода этишимизга қараб, бир-биримиздан фарқланамиз. Бу — сўзлаш, тинглаш ва англаш. Сўзлаш маърифатдан, тинглаш маданиятдан, англаш маънавиятдандир. Маърифатли, маданиятли ва маънавиятли инсонгина комиллик сари интилади. Бу унинг юриш-туришида, кўриниш ва кийинишида, нутқи ва хулқида намоён бўлади.

Маълум бир қонун, қарор, фармон ёки фармойишни ижро этиш, аввало, уни тўғри англаш ва идрок этишдан бошланади. Қандай йўл тутилса, мақсадни ижобий тарзда, рози-ризочилик билан амалга ошириш мумкинлигини билиш ҳам донолик, аслида.

Салла ўрнига каллани олиш, қош қўяман деб кўз чиқариш, бўлса беш, бўлмаса ўн беш қабилида оқибатини ўйламасдан иш тутиш биз бугун гувоҳи бўлиб турган айрим нохуш ҳолатларга сабабчи бўлди. Бу эса тузум ва тизим қиёфатига салбий таъсир этиши, кўпчиликни чалғитиши турган гап.

Зўравонлик сиёсати билан узоққа бора олмаймиз. Оқил бошга, жоҳил муштга ишонади. Тарғиботнинг, тушунтиришнинг «тил»и бор. Бу — тил тактикаси тараққиёт стратегиясининг таъсирчан ва инновацион механизмидир, деган фикримизни асослайди.

Президент эътироф этмоқчи бўлган «зўравонлик сиёсати» тўхтамас экан, ғазаб отига минган тадбиркорни ҳам, устига бензин сепиб ёқиб юборилган масъул раҳбарни ҳам, маънавиятсиз аёллар борасидаги машмашаларни ва бошқа тутуриқсиз ҳаракатларни ҳам кўраверамиз. Буларнинг илдизи, таг томири нимага бориб боғланади? Бу — билим ва савия, нутқий ва хулқий маданиятнинг тўла шаклланмаганидан далолат беради.

Президент ғоялари ва сиёсатини халққа аниқ ва мақсадли етказиш учун «саводли бўлиш, китоб ўқиш» зарур. Халқ билан мулоқот, бошқача айтганда, боғланиш кўприги мустаҳкам бўлиши керак. Акс ҳолда, англашилмовчиликлар келиб чиқаверади.

Пичоқни аввал ўзингга, оғримаса бировга ур, қабилидаги нақл замирида ҳикмат бор. Бировга баҳо бериб ҳукм чиқазганда, аввало, унинг ўрнига ўзингни қўйиб кўришинг асосли бўлади. Президентни дарғазаб қилган ҳолат ҳам, ўринсиз «буза буз»лар халқнинг ғазабланишига сабаб бўлган айрим вилоят раҳбарларининг ўйламай-нетмай берган буйруқлари бўлгани рост. Ўрмонга ўт кетса, ҳўл-у қуруқ баравар ёнади. Оммага ётиғи билан тушунтириб, унинг бузилаётган уйи ёки корхонаси учун товон пулини тўлаб иш тутилганда, бундай кор-ҳоллар рўй бермас, ҳокимлар эса халқ ва блогер ҳамда журналистлар олдида ўз қилмишлари учун кечирим сўраб ўтиришмасмиди, балки.

Сал олдинроқ гаражларни бузиш, текислаш ишларида ҳам шу усуллар қўлланган эди. Кўпчилик ободонлаштириш учун экан майли, деб сотиб олган гараж пулларига куйса ҳам рози бўлди. Айрим қаршиликларга эса дўқ-пўписа қилинди, буза бузни авжига чиқаришди, эътироз билдирганларга «Сен қарорга қаршимисан, президент сиёсатига қаршимисан?» — дейишгача бориб етишгани гувоҳи бўлганмиз. 

Энг ачинарлиси, ҳозир кўпгина жойларда гараж ўринлари эски-туски кийимлар ташланган ахлатхонага айланиб қолди. На бир қурилиш қилинди, на бир обод масканга айлантирилди. Кўр-кўрона иш тутган айрим мутасаддиларнинг ҳаракатини кўриб, таъбир жоиз бўлса, «Ободлик ниқобидаги барбодлик» дегинг келади. Режасиз иш қолипсиз ғишт эканлигини наҳотки билмасак?

Халқ ва давлат идоралари орасидаги кўприкнинг мустаҳкам бўлиши, билим даражасига, мулоқот ва муомала маданиятига боғлиқ. Буни мустаҳкамлашнинг асоси вилоят, ҳатто туман ҳокимликлари қошида ҳам спичрайтер хизматларини ташкил этиш зарурлиги аён бўлмоқда. Давлат ва ҳукумат ҳужжатларини кенг жамоатчиликка содда, равон, очиқ-ойдин етказадиган, тушунтирадиган касб эгалари — нотиқ ва воизларни тайёрлаш зарурлигини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Олдинги чиқишларимиздан бирида худди шу борада таълим тизимидаги муаммоларга сабаб, таълимнинг сифати ва самарасига педагогнинг нутқий, коммуникатив компетенцияси етишмаслигини эътироф этгандик. Давлат идоралари билан халқ орасидаги мулоқот маданиятини тўла, бекаму кўст шакллантириш зарур.

Нотиқлик санъатини, воизлик маданиятини ўзида ифода этадиган, ортиқча интерпретация қилмасдан асл ҳолатини етказадиган бир фан бор — буни Герменевтика дейишади. Бу соҳалараро талқин қилиш назарияси, бошқача айтганда, тушуниш ва тушунтириш таълимотидир. Герменевтик таълимотнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-молиявий, маънавий-маърифий, халқаро-мафкуравий жараёнларга тадбиқ этилиши шахс ва жамият муносабатларининг барқарор ривожланишида ўзининг амалий натижасини беради.

Дунёнинг қатор мамлакатларида, хусусан, Италия, Германия, Австрия, АҚШ, Канада, Франция каби йирик ривожланган давлатларда герменевтика фан сифатида қабул қилиниб, айрим мактаб, коллеж ва университетларда алоҳида дарслик сифатида таълим тизимида ўқитилади. Россиянинг қатор олий таълим муассасаларида ҳам санъат герменевтикаси, психогерменевтика, филологик герменевтика, юридик герменевтика каби умумкасбий фан сифатида ўқув режасидан жой олганлигини таъкидлаш жоиз.

Бизда эса фақат Ўзбекистон Миллий университетининг «Фалсафа қўллаш соҳаси» магистратура мутахассислигида фан сифатида ўқитилади, холос.

Нотиқлик маданияти ва санъатининг ўзаги сифатида бу фаннинг кенг жорий этилиши бошқарув тизими ва раҳбарлик фаолиятида ҳам катта аҳамият касб этишига шубҳа йўқ

Эътибор беринг: Баъзи тадбирларда, партияларнинг сайловолди платформаларида, муҳокама жараёнларида муаммолар ечимини айтиш ва эшитиш маданиятига тўла амал қилинмайди. Кўрилаётган масала, асосий мақсад бир четда қолиб, «ҳар мулла ўз билганини ўқийди» қабилида гапвозлик «мусобақаси» бошланиб кетади. Муаммонинг ечими очиқ қолади, баъзан айтилса-да, унинг ижро назорати эътибордан четда қолади. Демак, дебат маданияти бўйича етарли маълумотга эга эмасмиз.

Ҳокимларнинг аксар йиғилишлари эса ҳақоратомиз сўзлар, ҳаракатлар ўтади. Интернетда бу мажлисларнинг аудиолари тарқалиб, «шарманда» бўлишса-да, бу уларни кейинги мажлисларда «тилини тийишига» етарли бўлмайди. Фикр билдириш, уни баён этиш ва эшитиш маданияти юксак бўлмас экан, тушунмовчиликлар томири тобора илдиз отаверади, ихтилофлар пайдо бўлаверади.

Тўғри, болаликданоқ, онг остимизга тафаккур «техника»си, мушоҳада «механизм»и ўринли жойланмаган. Ўйлаш, фикр юритиш ва мантиқий мушоҳада қилишни шакллантиришга қаратилган нотиқлик, герменевтика, мантиқ илми чуқурроқ сингдирилмаган. Қуруқ ёдлаш, схоластикага асосланган таълим хотира синови, қувваи ҳофизага дахлдор бўлади. Кўр-кўрона ижро, масала моҳиятини чуқур идрок этмаслик турли нуқсонларни, ҳар хил фожиаларни келтириб чиқараверади. Табиийки, ўз нуқтаи назарига эга бўлмаган шахсда мустақил қарор қабул қилишдек уқув ҳам бўлмайди.

Фикрлашга ўргатиш, мантиқий мушоҳада юритишни болаликданоқ шакллантиришга оид таълим тизимини кучайтириш зарур. Шундагина янги фикр, янги ғоя бўлмаса, тараққиёт ҳам, инновацион ихтиро ҳам бўлмаслиги мазмунидаги президент  ўгитига ҳамоҳангликни англаб етамиз.

Хулоса ўрнида:

  • бошқарув тизимида раҳбарлик фаолиятида риторик маҳорат, нутқ маданияти ва нотиқлик санъатининг тўлиқ ўқитилиши;
  • ўзаро мунозара ва мубоҳасага қурилган дебат маданиятига риоя этилиши;
  • вилоят ва туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари ва бошқа масъул шахсларнинг нутқларида вульгар сўз ва иборалар ишлатмаслиги;
  • уларнинг халқ олдига чиқишида, телерадиоканалларга интервью беришларида ўз фикрини эмин-эркин ва равон ифода эта олишларига эътибор қаратилиши;
  • суд, адлия, прокуратура, божхона, ҳарбий, банк соҳаси ишларида, шунингдек, турли даражадаги депутатларнинг аҳоли билан мулоқоти доирасида хулқий ва нутқий маданиятга эга бўлиши;
  • етук билимдонлик, сиёсий зийраклик ва лидерлик маҳорати билан халқимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этиш ва жипслаштира олишлари;
  • амалдорларнинг риторик маҳорат ва герменевтик қобилият билан бирга, ташаббускорлик ва ташкилотчилик салоҳиятига эга бўлишлари талаб этилади.

Раҳимбой Жуманиёзов, 
«Нотиқлик санъати академияси» таълим муассасасининг директори,
филология фанлари номзоди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг