Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Оилавий ажралишлар: аҳволни яхшилаш мумкинми?

Оилавий ажралишлар: аҳволни яхшилаш мумкинми?

Иллюстратив фото

Ажралишлар кўп, статистика ёмонлашиб кетяпти, оила муқаддас, аммо ёшлар қадрига етмаяпти... Афсуски, эшитавериб меъдамизга тегиб кетган бўлса ҳам, бу сўзлар ҳақиқат ва улардан қочиб қутула олмаймиз.

Сўнгги бир неча йилда ўзбек жамиятида оила тушунчаси ўз қадрини бирмунча йўқотди (тан олиш оғир, аммо ҳақиқат). Оиланинг ота-боболар турмушига хос бўлган анъаналари бугунги авлодгача кам етиб келди.

Бунга сабаб нима? «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази қуйидаги таҳлилни тақдим этди.

Сериаллар айбдор

Бундан 15-20 йиллар аввал биз Бразилия ва Мексика сериалларини қизиқиб томоша қилганимизни яхши эслаймиз. Ўшанда ёнимизда фарзандларимиз ҳам уларни кўришган. Лотин америкалик гўзалларнинг чиройли ҳаёти, ёрқин макияжлари, тайинли бир юмушни бажармай, куну тун турли фитналар ва муҳаббат эртаклари ичра яшашларига ҳавас қилинган.

Эфирни эгаллашда рақобатга киришган миллий киномиз ҳам хориж сериалларига тақлидан фильмлар яратиб, экранларни уч қаватли уйларда суратга олинган мазмунан пуч фильмлар билан тўлдирди.

Бугун эса ўша фильмларни кўриб тарбияланган авлод оила қурмоқда!

Бу авлод сабр эмас – қаршилик, эзгулик эмас – зўравонлик, меҳнат эмас – текин лаззат тарафдори. Оила сабр-тоқат, ён бериш ва тинимсиз меҳнат устига қурилишини, ҳар қандай муносабатларда талаб эмас, тушуниш биринчи ўринда туришини, афсуски, англамаяпти. Улар учун ажрашиш, оилани бир зумда барбод қилиш, зўравонлик ва зулм одатий ҳолга айланиб қолди.

Ўша сериалларни кўриб, ўзининг келин-куёвлик, ёш ота-оналик даврини ўтказган инсонлар ҳам бугун қайнонаю қайнота бўлишди.  Улар ҳам ҳақиқий ўзбекона анъаналар, оила борасидаги авлоддан авлодга ўтиб келаётган қадриятлардан узилиб қолишган. Босиқлик, мулоҳазакорлик, арқонни узун ташлаш, афсуски, камайиб боряпти.

Сўнгги ярим асрда ОАВ тарқатган маҳсулотларни таҳлил қилиб кўрсангиз, оилавий қадриятлар тарғиби йилдан йилга сусайиб борганини кўришингиз мумкин.

Муаммонинг илдизи қаерда?

Биз кўп нарсани йўқотдик. Эр-хотин, ота-бола, бошқа қариндошлар билан муносабатларда миллий анъаналар эмас, аллақандай сериаллару фильмлардан андоза олаётган оилалар юзага келди. Натижада биз камида икки авлодни бой бердик.

Биз эзгулик, ҳамдардлик, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва масъулият тушунчаларидан йироқ, ўйлаб топилган аллақандай ёт принциплар асосида яшовчи жамиятни тарбияладик.

Ҳозир аҳолининг катта қисми ўзаро рақобат, иккиюзламачилик, таъма, боқимандалик, гина ва масъулиятсизлик деган «қадриятлар» билан яшамоқда.

Ажралишлар сони ортиши, етимлар кўпайиши, яқинларига нисбатан зўравонлик, ўз жонига қасд қилиш, кўпхотинлилик – булар кеча ёки бугун бирдан пайдо бўлиб қолган муаммолар эмас. Уларга қарши кураш ҳам тез ва осон кечмайди. Агар ҳозирданоқ бонг уриб, одамларни ҳушёрликка чақирмасак, оилаларни мустаҳкамлаш учун зарур чораларни кўрмасак, биз миллий ўзлигимизни йўқотамиз.

Нима қилмоқ керак?

Тиббий, ҳуқуқий ёки сиёсий саводхонлик атамаларини ҳамма яхши билади. Шу билан бирга, оила қурмоқчи бўлган инсонга оилани бошқариш, фарзандларни тарбиялаш, ўзаро муносабатларни йўлга қўйишда маълум малакалар кераклигини инкор этиб бўлмайди. Айни нуқтаи назардан «оила саводхонлиги» ҳам бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга тушунча эканини қайд этиш жоиз.

Ота-оналар оилавий қадриятларни унутган бўлса, кимдир фарзандларга уларни ўргатиши, узилган занжирни қайта улаши керак-ку.

Кузатувларга кўра, оилавий зиддиятларни улар юзага келиб, авжига чиққан пайтда, хусусан, иш судга ариза беришгача етиб борганда ҳал қилиш жуда қийин бўлади. Эр-хотинни ўша пайтда ажрашмасликка амаллаб кўндиришимиз, ажрашишнинг оқибатлари билан уларни қўрқитишимиз, хуллас, бир амаллаб яраштириб қўйишимиз мумкин. Аммо бир-бирига тили ва хатти-ҳаракати билан анча зиён етказиб қўйган икки инсоннинг яна бирга бахтли яшаб кетиши анча қийинчилик туғдиради.

Ундан кўра оила қурмоқчи бўлган ёшларни олдиндаги мураккаб жараёнларга тайёрлаш, зиддиятлардан кам талафот билан чиқишни ўргатиш самаралироқдир. Бўлажак эр-хотинларда аввалдан масъулият ва қийинчиликларга тайёрлик ҳиссини тарбиялаш зарур.

Оилага тайёргарлик курслари муаммога ечим бўла оладими?

Айнан шу сабабли «Оила» илмий-амалий маркази «Оила мактаби» номли лойиҳани ишга туширди. Лойиҳа синов тарзида Тошкент вилоятининг Паркент туманида илк бора синаб кўрилди.

Ушбу ўқув курсида Оилавий ҳаёт психологияси, оила бюджети ва иқтисоди, оилада маънавий-ахлоқий ва диний-маърифий тарбия, оилада ҳуқуқий муносабатлар, репродуктив саломатлик, оилани режалаштириш, жинсий тарбия (қизлар ва йигитлар алоҳида ўқитилди) йўналишларида малакали тренерларни жалб этган ҳолда ўқув соатларини ташкил этилди.

2018 йилнинг 6 август кунидан бошлаб ҳозирги кунга қадар 5 маротада ташкил этилган ўқув курсларида иштирок этган тингловчиларнинг 150 нафари (75 жуфт) ўқитилаётган мавзуларнинг жуда керакли ва фойдали бўлганини таъкидладилар.

Курс сўнгида биринчи кунларда ўқишни ҳоҳламаган ёшлар кейинги машғулот кунларида қизиқиш билдириб, ўзларини эркин ҳис қила бошлаганликлари, ўзлари учун жуда аҳамиятли бўлган саволларга жавоб олганликларини билдирдилар.

Лойиҳа синовдан яхши ўтди, ўзига кўрсатилган ишончни буткул оқлади. Натижада бундай курсларни бутун Республика миқёсида ҳар бир туман ФҲДЁ бўлимлари қошида жорий қилиш лозим деган хулоса юзага келди.

Ҳозирда Тошкент шаҳрининг Шайхонтохур туманида шундай мактаб иш бошлади. Нукус, Урганч, Қарши, Самарқанд шаҳарларида ҳам фаолият юритяпти.

«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг