Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Катта сакраш. Владимир Зеленскийнинг нафақат кинода, ҳаётда ҳам президент бўлиш орзуси ушаладими?

Катта сакраш. Владимир Зеленскийнинг нафақат кинода, ҳаётда ҳам президент бўлиш орзуси ушаладими?

Фото: «politeka.net»

Яна икки кундан сўнг, яъни 31 мартда Украинада президентлик сайловларининг биринчи тури бўлиб ўтади. Сайлов бюллетенларида 31 номзод номи кўрсатилган. Аммо айни вақтга келиб, ижтимоий тадқиқотлар натижаларига кўра, номзодларнинг беш нафари рейтинг кўрсаткичлари бўйича бошқалардан анча пешқадамлик қилмоқда.

Шундай қилиб, нафақат Украина, балки жаҳон сиёсати майдонида машҳур бўлган ва етарлича молиявий имкониятлар ва сайловларда яхшигина тажрибага эга бўлган мамлакатнинг амалдаги президенти Пётр Порошенко, Олий рада депутати Юлия Тимошенко, Олий раданинг яна бир депутати Юрий Бойко ҳамда «Фуқаролик позицияси» партияси раҳбари Анатолий Гриценкони улардан анча ёш ва бу каби сайловларда тажрибасиз, қолаверса, сиёсатдан кўра шоу-бизнесга яқин бир номзод – 41 ёшли комик актёр Владимир Зеленский ортда қолдирмоқда. У шу пайтгача 32,1 фоиз овоз билан етакчилик қилиб турибди. «Эски сиёсатчилар» ҳақида озми-кўпми хабардорлигимизни инобатга олган ҳолда, бугун асосан украиналик ёшларнинг қўллаб-қувватловига эришиб келаётган Владимир Зеленскийнинг сайловолди дастури, рақибларидан устунликлари ва камчиликлари, шунингдек, энг муҳим жиҳат ҳисобланган Россияга нисбатан муносабати ҳақида интернет материаллари асосида имкон қадар маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Фото: «politeka.net»

Таржимаи ҳол. Владимир Зеленский 1978 йилнинг 25 январида Кривой Рогда дунёга келган. юридик маълумотга эга, лекин ўз соҳасида бир кун ҳам ишламаган. Ижодий фаолиятини КВНда бошлаган Зеленский телекўрсатув раҳбари Александр Масляков билан муроса қила олмай, ўзининг «Квартал 95» номли студиясига асос солган. Студия асосида турли ҳажвий шоулар, комедик филм ва сериаллар яратган. Шулардан бири бўлмиш «Слуга народа» («Халқ хизматкори») телесериалида Зеленский Украина президентига айланган оддий ўқитувчи образини ижро этган.

Сайловолди дастури. Фақат бир муддат президент бўлишини таъкидлайди. Қабул қилмоқчи бўлган илк қонуни – «Халқ ҳокимияти тўғрисида». Бу қонун халқнинг референдумлар орқали ҳукумат олдига вазифалар белгилаб беришига имкон яратади. Ҳар бир ишбилармон ўз даромадининг беш фоизини қонунийлаштириш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳар бир бола давлат томонидан ўзлаштирилаётган табиий захиралардан ўз ҳисобига даромад йиғиб бора олади. Имтиёзлар ва субсидиялар монетизация қилинади. Украина экологик тоза маҳсулотлар сотадиган жаҳон бозорига айланади.

Сиёсатга қадам. Зеленский 2013 йили «Евромайдон»ни қўллаб-қувватлаб, иштирокчилар олдида нутқ сўзлаган. Украина шарқидаги можаролар бошлангандан буён мамлакат армияси ҳаракатларига хайрихоҳлик билдириб, бир неча бор Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган ҳарбийлар учун концертлар берган. Шунингдек, «95-квартал»даги бошқа иштирокчилар билан бирга Украина армияси эҳтиёжларига бир миллион гривна ҳадя қилган.

У Донбасс масаласини урушсиз, Москва ва шахсан Путин билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш йўли билан ҳал этишни таклиф қилади. «Минск келишуви ишламаяпти. Тўғрими? Тўғри. У ерга урушга борайликми? Шахсан мен бунга қаршиман: эҳтимол мен «Квартал»да жуда қаттиққўл раҳбардирман, лекин бу ерда гап инсоният ҳаёти ҳақида кетяпти. Ва мен инсонлар ҳаётини биринчи ўринга қўяман: одамларни асраш – бизнинг асосий мақсадимиз. Шу боис «биз армия билан борамиз» шаклидаги ҳар қандай вариантни дарҳол рад этаман,» – дея ўзининг тинчликпарварлик сиёсатини маълум қилган эди интервюларидан бирида у.

Россия ҳақида. «Мен у ерга томоша қўйгани бора олмайман, бундан ўзимни шунчаки ёмон ҳис қиламан». Шу фикрининг ўзи Зеленскийнинг Россия ҳақидаги қарашларини яққол ифодалайди. Аммо актёр Россия билан келишмовчиликларни икки томонлама музокаралар йўли орқали ҳал этиш мумкин деб ҳисоблайди. Унга кўра, Москва нима хоҳлаётганини англаш ва унга нисбатан жавобларни умумхалқ референдумида тасдиқлатган ҳолда ҳаракат қилиш керак, деб ҳисоблайди.

Ютуқлари. Аввало, Владимир Зеленский Украина сиёсий майдонида «номига доғ тушмаган, янги» имиж сифатида намоён бўлди. Айнан шу жиҳат коррупция ва ваъдалардан чарчаган халқ учун умид учқуни бўлиб турибди. Иккинчидан, сайловчилар уни «Слуга народа» сериалининг коррупцияга ботган амалдорлар билан муроса қилмайдиган ҳалол қаҳрамони сифатида билади. Учинчидан, ўз тарғибот ишларини бутун Украина бўйлаб концертлар кўринишида ўтказа олади. Одамларнинг турли шоуларга ўчлигини инобатга олсак, бу унга кутилган самарани бермоқда.

Камчиликлари. Сиёсий ёки ижтимоий фаолиятда тажрибаси йўқлиги – унинг асосий камчилиги сифатида кўриляпти. Бундан ташқари, кўплаб сиёсатчилар уни зиддиятли шахс бўлмиш олигарх Игор Коломойский билан яқин алоқада экани ҳақида гапиришмоқда. «Зеленскийнинг ўз сиёсий қарашлари йўқ ва осонликча фитна қурбони бўлиши мумкин. Сиёсий тажриба бундай одамлар хавфли бўлишини таъкидлайди. Чунки улар барқарор мафкуравий муносабатга эга эмаслар ва тажрибали интриганлар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолишлари мумкин», – дейди сиёсатшунос Михаил Погребинский.

Шунингдек, Россияда бизнеси мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳам унинг имижига соя солиши мумкин.

Фото: «viva.ua»

Шахсий ҳаёти. Оилали. Зеленский параллел синфдан ўқиган Елена Кияшкога уйланган. Уларнинг икки нафар фарзанди – Александра (2004 й.) ва Кирилл (2013 й.) бор.

Хуллас, «Биргаликда амалга оши-рамиз!» шиори остида Украина президентлигига даъвогарлик қилаётган Владимир Зеленскийнинг ниятлари эзгу. Бошқа номзодлар ҳам ўз қарашларидан келиб чиққан ҳолда Украинага катта ваъдалар бермоқда. Биз эса мамлакат бошқаруви келажакда кимга насиб қилишидан қатъи назар, Украинани низолардан холи демократик давлатга айлантиришини истаб қоламиз. Ва бу борада украин халқига фақат ва фақат тўғри танлов ва донишмандлик тилаймиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг