Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Журналист суриштируви: Султон суягини хўрламайдими?

Журналист суриштируви: Султон суягини хўрламайдими?

Фото: «advocatemskw.ru»

Бўрттирилган айблов, «сувдан қуруқ чиқарилган» судья ва «мақолалар пойгаси» ҳақида бир-икки шингил...

1

...Тўрт нафар адвокат, судланувчиларнинг ўнлаб қариндошлари ҳамда ушбу жумлалар муаллифи тирик гувоҳи бўлган воқеълик «тасдиғини топмабди»?!  О-ла!. «Оқ»ни «қора» дея қоғоз бежамоқ бунча осон бўлмаса?! Бунақа «мўъжиза» судда рўй бераётгани, хоҳлайсизми ёки йўқ, қадим матални ёдга солаверади: «Ўйнашмагин арбоб билан....».

2

Ҳолатни очиқласак: жиноят ишлари бўйича Қўштепа (Фарғона вилояти) туман суди раиси Ш.Шамшиев шу йилнинг 19 апрель куни тўрт нафар судланувчига нисбатан (22-29 ёш оралиғидаги йигитлар) беш йилдан олти ярим йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этиш жазоси  тайинлади.

Қилмишига ярашадир-да, дерсиз?

Аввал ҳукм ўқиш жараёни ҳақида гаплашсак (жиноят ва жазо хусусида сал пастроқда сўз юритилади). Шунинг ўзида анча-мунча гап бор.

3

...Икки ойга чўзилган суд поёнига етиб, томонлар (прокурор ва адвокатлар) музокараларини тинглангач, маслаҳатхонага кириб кетган судья... уч дақиқада (!)   чиқасола шарриллатиб ҳукм ўқиворсами?! Ё, фалак! Қонунда (ЖПК, 457-модда) маслаҳатхонада ҳал этилиши лозим бўлган ўн олтита (!) масала қаторлаштириб қўйилган, уларни ўрганиб, ҳар бирига ҳуқуқий баҳо беришга уч дақиқа  кифоя қилгани  фантастикадан бошқа нарса эмас?! Бу музокаралар хўжакўрсинга ўтиб, ҳукм аввалдан тайёрлаб қўйилганини англатмайдими? Таънада мантиқ бўлмаса, айтинг...

4

Айни ҳолат, ўнлаб гувоҳларга қарамай, судьяга нисбатан ўтказилган хизмат суриштируви «тасдиғини топмагани»-чи?! Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди малака ҳайъатининг бундай хулосаси («тасдиғини топмади-и...») яна бир нарсани англатади: ҳукм апеллация босқичида ўз кучида қолади. Негаки, хизмат суриштируви кетаётган пайтда «иш» ҳали апеллация босқичида кўрилмаган, бу жараёнда судьянинг «сувдан қуруқ чиқарволиниши» эса ҳукм «брак» бўлмаслигига кафолат эди гўё... Рост-да, юқори суд масъуллари ёш салафининг юзига бир қўли билан тарсаки тушириб, иккинчиси билан «шўрпахта» босмайди-ку, ахир?!

       Башорат ўзини тўла оқлади: ҳукм ўзгаришсиз қолди.

       Султон суягини хўрламас деганлари шумикан?

5

Энди асосий гапларга ўтсак.

Судланувчилар  бир хил қилмиш – Жиноят кодексининг 277-моддаси  2-қисми «б» банди (безорилик, гуруҳ бўлиб) ва 137-модда 2-қисм «в» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан одам ўғрилаш) билан айбдор деб топилганди. Айбловларни кўриб, ваҳимага тушманг. Рост, йигитларни «оппоқ» деб бўлмайди, қилмишига мутаносиб жазога лойиқ, бироқ ундан ортиғига эмас.

6

...2017 йилнинг 11 декабри. Ўша тун Тошлоқ тумани Ахшак МФЙ ҳудудидаги дала-ҳовлида Раҳим Юсупов (1989 й.т.)  билан «бирга ўтирган»  Моҳира  Тўхтасинованинг (аёлнинг исми-шарифи ўзгартирилди – Т.А.) қўл телефони бир марта жиринглаб ўчди. «Гудок» ташлаган «Альфонс» экан.

«Альфонс» – Нодир Гаибов. Аёл унга шу «исм»дан ўзгасини раво кўрмайди. Улар икки йилча «севишиб», сўнг йўллари  айро тушган.  Бу «шўхлик»нинг меваси сифатида ўртада қизалоқ туғилгани қолди. Нодир гўдакни тан олмас, шу баробарида аёлдан узил-кесил кўнгил узолмас ҳам эди. Тез-тез безовта қилиб, яна «севишиш»ни таклиф қилар, Моҳира хиёл рағбат кўрсатгудай бўлса, «изҳори»нинг кейинги босқичига ўтарди: «Пулдан бер, жоним...».

Бу орада Моҳира Раҳим Юсупов билан «топишди». Нодирнинг «изҳорлари»дан тўйиб кетган аёл унга бу ҳақда айтди ҳам: «Бошқасини топдим!..». Гапига исбот сифатида Р.Юсуповнинг уяли телефон рақаминиям берди: «Ишонмасангиз, ўзидан сўранг!»

Шундан кейин ҳам «Альфонсжон» ўзини тийса, қани?!

Мана, алламаҳалда яна «гудок» ташлаб турибди. Ё ичволган, ё «тортволган»: одати шу – сархуш пайтида «муҳаббати хуруж» қилиб қолади...

7

Ким билсин, аёлга хос худбинликми ёки тешик кулча кўчада ётмаслигини собиқ «севгилиси»га кўрсатиб қўймоқчи бўлдими, хуллас, Моҳира «гудок»ка ўша заҳоти жавоб қайтарди: «Нима дейсиз?». У ёқдан сархуш Нодирнинг овози  келди: «Қаердаса-ан?!»

Бу пайт  сал нарида Раҳим Юсупов телефонда ким биландир гаплашар, унинг овози «сотка»да «собиқа»ни изҳорларга кўмишга чоғланаётган Нодирга бемалол эшитилиб турарди. Бундан ширакайф Нодирнинг жазаваси қўзиди: «Ёнингдаги ки-им?». 

– «Ўша-а»...

Аёл шундай дея, телефонни босиб қўяқолди.

Кўп ўтмай, Раҳимнинг телефони жиринглади: Нодир! Моҳира берган рақамни сақлаб қўйган экан-да...

8

... «Кундошлар»нинг (таъбир жоиз бўлса, албатта) салом-аликсиз бошланган телефондаги суҳбат зум ўтмай ҳақоратлар «мусобақаси»га айланиб кетди. У ёқда Нодир, бу ёқда Раҳим бир-бирининг етти пуштини армонсиз ағдар-тўнтар қилишгач, юзма-юз – эркакча гаплашиб олишга келишишди. Раҳим Фарғона шаҳрига – Нодир айтган манзилга машина юборадиган бўлди.

–  Келасан-а? 

–  Бора-аман!!!

9

Нега Нодирнинг олдига Раҳимнинг ўзи бормади? Ундаям жиндек «газ» бор эди. Шу сабаб ёнида бўлган оғайниси Дилмурод Азимовга (1988 й.т. айни ўша пайтда улфатчилик учун дала-ҳовлига келганди) «Ласетти»нинг калитини тутқазди: «Анавини шу ерга олиб кел, Фарғонанинг фалон жойида кутадиган бўлди...». Дилмурод йўл-йўлакай яна икки таниши – Мўмин Мўминов (1996 й.т.) ва Фарруҳ Миллабевни (1994 й.т.)  олволди:  кетдик, бир жойга бориб келамиз...

10

...Айтилган манзилда, дарҳақиқат, Нодир Гаибов кутиб турган экан. «Рақиблар» аввал бир-бири билан кўришмаган, гаплашмаган (Нодир Раҳимни орқаворотдан сал-пал билишини айтмаганда) нотанишлар эди. Қарасаки, «элчилар» битта эмас. Буни Раҳимнинг қўрқоқлигига йўйган Нодирнинг «духи»га қўшилиб, жазаваси янаям кўтарилди: «Ўзи келмадими? Ҳе, унақа қўқроқнинг онасини...». «Элчилар»нинг: «Сўкинаверманг, юринг, сизни кутяпти, ўша ерда гаплашволасизлар», деган таклифига қўрс муносабатда бўлиб, биттасининг ёқасига қўл юбораёзди ҳатто. Натижада икки ўртада муштлашув бошланди. Нодирнинг яхшиликча машинага чиқмаслиги ойдинлашгач, уч йигит куч билан уни ўтқазмоқчи бўлишди. Бунданам натижа  чиқмагач, шартта машина юкхонасига «жойлаб», йўлга тушишди...

11

Дала-ҳовлида ортиқча гап-сўз бўлмагани, куч ишлатиш не, «рақиблар» босиқлик билан гаплашиб, ҳатто узрхонлик қилишгани кейинчалик ўтказилган суд мажлисларида такрор-такрор тасдиқланади. Бу орада ул-бул егулик олиб келинди. Чоғроқ дастурхон тузалиб, Нодирни «элликта-элликта»га таклиф этишди. Нодир ароққа рағбат кўрсатмади, бироқ «тозаси» бўлса, чекишдан бош тортмаслигини айтди. Раҳим «тортмас» экан, улфатчилик насяга қолди...

Нодирни машинада кузатиб қўйдилар. Бор гап шу.

Шу тариқа «ҳаммаси яхшилик» билан якун топгандек эди. Бироқ, орадан ўн кунлар ўтиб, йигитлар бирин-кетин ҳибсга олиндики, бу «ҳаммаси яхшилик билан» тугамагани, аксинча, ҳақиқий даҳмаза энди бошланганидан далолат берарди...

12

...Тергов ўз номи билан тергов-да: бу жараёнда айбланувчидан фаришта ясалармиди?! Аксинча, йўқ айб «топилиши» мумкин, бори эса кўпиртирилади, камига терговчи «дежурный статья» ҳам илворадики, эҳтиёт шарт: судда бири бўлмаса, иккинчиси билан ҳукм ўқилиши эҳтимоли катта... Бу иллат «анъана» даражасига кўтарилган, ҳали-вери қутулмоқ маҳолдай. Майли, тергов айбловларни бўрттираверсин, олдинда суд бор. Замон ўзгаряпти: ҳуқуқий ислоҳотлар сабаб судлардан унча-мунча тушовлар ечилди. Оздир-кўпдир оқлов ҳукмлар ҳам чиқяпти...

13

«Полвонлар»га оқлов йўл бўлсин-а, аммо умид бор катта: судда айбловлар сарак-пучакка ажратилиб, ҳар ким қилмишига яраша «насибаси»ни олади. Рост-да, йигитлар гуруҳ бўлиб, безорилик қилгани инкор этиб бўлмас ҳақиқат (ЖКнинг 277-моддаси  2-қисми «б» банди). Аммо  тергов кўпиртирганидек, «бир гуруҳ бўлиб, одам ўғрилаш» (137-модда 2-қисм «в» банди) айблов ўта-ўта баҳсли...

14

Ўғрилик, хоссатан, «одам ўғрилиги»нинг асосий нуқталарини тасаввур қилишга уриниб кўрайлик. Аввало, мақсад-муддао, сўнг  унинг рўёби учун  қасд(!) қилинади (жиноят қонунчилигида «қасддан» деган сўз тез-тез дуч учрашининг боиси шунда). Кейин камида учта узвий ҳаракат амалга оширилиши лозим: 1. «Ўлжа» ушланади (бунинг учун махсус тайёргарчилик керак!). 2. Ушлангач, кимса билмас жойга яширилади. 3. Ўша жойда тутқунликда сақланади...

«Полвонлар» одам ўғрилашга қасд(!) қилишганмиди? Йўқ! Бунинг учун махсус тайёргарлик кўрилганми? Йўғ-а! «Ўлжа» яширилдими? Йўқ-да! Тутқунликда сақландими? Йўқ, йўқ... Жабрланувчи қаерига бориши мумкинлиги ҳақида уйидан чиқмаёқ етарлича тасаввурга эга бўлгани инобатга олинса, ортиқча гап-сўзга ҳожат қолмайди. Рост, «рақиби» ўрнига бошқалар келди. Икки ўртада гап қочди, мушт отилди. «Тили узунлиги» сабаб, бир-икки мушт егач, ихтиёрий борадиган жойига, ихтиёрсиз «боришига» тўғри келди. Кейин-чи? Борилган манзилда «эркакча гаплашволингач», яна айтган жойига олиб келиб (!) қўйилди...

Уйинг пулга тўлгур,  шу  «одам ўғрилаш» бўлдими?!

15

Айтишингиз мумкин: «рашк» туфайли тунда бегона йигитга қўнғироқ қилиб, етти пуштини «алқаб»,  жанжал уруғини сепган жабрланувчининг ўзи-ку?.. Тўппа-тўғри! Бироқ қонун шундайки, «рақиблар»нинг хатти-ҳаракатлари жиноятга тортар экан, ғавғога ким сабабчи бўлмасин, калтак еган жабрдийдаги айланиб қолаверади. Мана, кўрдик: жанжалнинг «миришкори» жабрланувчига айланди. Ҳақоратларда орияти оғриб, билак кучини ишлатганлар жамият учун жиноятчига, боз жабрланувчи учун  «соғин сигир»га айланди. «Мушт кетди»да енгил шикаст (уч кун нари-берисида кўрмагандай бўлиб кетиладиган жароҳат) олган экан: шугинанинг моддий товони айбдорларга ўн бир миллион сўмдан кўпроққа тушди (пул суд тартибида ундирилгани йўқ, «дело» ҳали судга етиб улгурмай жабрланувчининг талабига мувофиқ тўлаб қўйилган)...

16

Шунақа, қонун «эркакчилик»ни кўпам кўтаравермайди, «гапга отвечать қилдириш» ҳам ҳуқуқий меъёрларга тўғри келмас экан, қўлга кишан тушаверади. Агар жабрланувчи,  четдан бировнинг аралашувисиз, ёлғиз-бир одамдан «егани»да эди, бу ҳол жиноят даржасига бормас, масала «маъмурий иш» шаклида жарима билан тиниб-тинчиб кетарди, эҳтимол. Аммо мисолимиздаги жанжалда уч йигит иштирок этмоқда, камига уларнинг «катта»сиям бор! Бу тайёр гуруҳ-ку?! Шўрларига шўрвалар тўкилсинки, «гуруҳ»нинг жазоси бошқачароқ бўлади. Устига устак, бу ёқда тергов ҳам қараб турмади: қип-қизил безорилик жиноятидан ташқари пуфлаб-пуфлаб «одам ўғрилаш»ниям ясашди: «...олиндан тил бириктириб, одам ўғрилаб... уриб-дўппослаб, машина юкхонасига солиб... дала-ҳовлига олиб келиб... бўйнига пичоқ тираб... ўлдириш билан қўрқитиб...»  ва ҳоказо, ҳоказо...

17

«...дала-ҳовлига олиб келиб... бўйнига пичоқ тираб... ўлдириш билан қўрқитиб...»? Ҳа, шундоқ! Йигитлар ҳибсга олингач, воқеа жойи – дала-ҳовлини кўздан кечирган «оперлар» ошхонада турган учта ош пичоғининг иккитасини «иш»га қўшиб қўйишди: мана, «ашёвий далил»! «Ашёвий далил» хусусида терговда гапирмоқ («бу оддий ошхона пичоғи, шу ерда, рўзғорда фойдаланадиган оддий матоҳ-ку. Хўп, «далилий ашё» дедингиз ҳам, хўш, ундан кимнинг бармоқ излари топилибди?») тошга азон айтиш билан баробар эдики, жин урсин, билганини қилмайдими?! Олдинда суд турибди, бунақанги  асоси мўрт айблов сочилиб кетмасинми ҳали!..

Бироқ...

18

...судда айбловлар сочилмади, «одам ўғрилиги»нинг асл моҳияти очилмади! Судьяда  «иш»га чуқурроқ кириш  иштиёқ йўқлиги аввалданоқ белгилиги эди, аммо адолатдан қаттиқ умид  қилганлар бунга кўпам эътибор беришмади, чамаси. Адолатдан умидки, судланувчилар айбсиз эмас, бироқ жазо қилмишига яраша бўлсин! Ҳеч ким одам ўғрилагани йўқ, ахир?! Икки «рақиб» битта аёл (?!) сабаб ўртада қўпган муносабатга эркакча ойдинлик киритмоқчи бўлди. «Эркакчилик»ни қонун кўтармас экан, мана, билишди,  жазоси  бош устига! Бу жараёнда «альфонс»ларнинг дийдиёси ҳисобми – гап йўқ: узр айтилди, зарар ортиғи билан тўланди, қолганига зорлари бору зўрлари йўқ...

19

«...судьяда «иш»га чуқурроқ кириш иштиёқи йўқлиги аввалданоқ белгилиги эди», дедик. Шу гапга изоҳ берсак. Судья «иш»ни ўз ташаббусига кўра жабрланувчини сўроқ қилишдан бошлади. На адвокат, на прокурор, на-да халқ маслаҳатчиларининг фикрини олди?! Таомилга кўра, суддаги сўроқ-савол судланувчилардан бошланади. Судьянинг бу ташаббуси нималарга олиб келди, денг? Жабрланувчи адвокатларнинг баъзи саволларига жавоб беришдан ошкора бош тортди, оддий одоб меъёрларига мос келмайдиган хатти-ҳаракатлари билан кўпчиликнинг энсасини қотирди. Натижада ғала-ғовур кўтарилиб, суд мажлиси бошқа кунга қолдирилди.  Шундан кейин ҳеч ким унинг  қорасини кўргани йўқ: Россияга сурворибди, бояқиш!..

Жабрланувчининг чала сўроқ қилиниши жиноятнинг асл моҳиятини очишга изн бермаслиги аён. Чунки, суд тергови давомида судланувчилару гувоҳлар ва бошқа процесс иштирокчилари билан юзма-юз қилиниши,   қўшимча саволлар берилиши эҳтимоли жуда юқори. Акс ҳолда, иш юзасидан ҳамма ҳолатларга ойдинлик киритиш имкони чекланади. Шунга қарамай  жабрланувчини элдан бурун сўроқ қилиб, шу орқали гўёки ҳорижга «оқ йўл» тилаворилиши – судьяда «иш»ни чуқурроқ кўришга иштиёқ йўқ эди, демоққа асос берадими?.. Раҳмат.

20

Муаммо жабрланувчининг суд тугамай Россияга сурворишию суднинг бунга имконият яратиб берганидами? Бу ҳукмга яхшигина таъсир қилиши мумкин  бўлган ҳолат, албатта. Яна бир «иш»га таъсирли ҳолатки, буниси суд жараёнида адвокат  ва судья ўртасида келиб чиққан «тушунмовчилик»ка (жуда юмшоқ айтганда) бориб тақалади. Адвокат суд мажлиси олиб борилишига жиддий эътироз билдираверди, раислик этувчи ўзиники маъқул деб топаверди. Судда жилов раислик этувчининг қўлида. Барибир унинг айтгани бўлади. Рад этиладиган эътирозларга жавоб аниқ: «...норози бўлсангиз, юқорига ёзаверасиз!» Ҳукм ўқилгач, уни (ҳукмни) ололмай адвокатлар сарсон бўлиб, юқори инстанцияларга мурожаат қилишга  боргани замирида ҳам судьянинг (адвокатдан) «аччиғи чиқиб қолгани» ётган кўринади. Бунақа таъналар оғзидан чиқмай ёқага ёпиштирилади одатда: «Томинг кетганми, судлар фақат қонунга бўйсунади?!». «Том» жойида, ҳамма бало айрим ҳуқуқ пешволарининг ўша қонунларга кўпам бўйсунмаслигида! Ҳеч ким осмондан осили-иб тушмаган, хом сут эмган банда борки, валломат бўлсаям адоват туйғусидан бегона эмас. Шу нуқтаи назардан, бунақа «тушунмовчилик» наинки томонларнинг ўзаро муносабатига, балки ҳукмга ҳам таъсир этиши эҳтимолини инкор этиш қийин. Кўпни кўрган ушбу «иш»дан бохабарлар  бежизга айтмаётгандир, ахир: «Агар судьянинг аччиғини чақариб қўймаганингизда-а...».

Норози бўлиб ёзилган ариза-ю шикоятларнинг натижасини кўриб турибсиз: «тасдиғини топмаяпти»!  Яъники, султон суягини хўрлаётгани йўқ!

21

Айтганча, адвокатларнинг ёзганлари  ёппасига рад этилди десак, кўпам ҳақиқатга тўғри келмас экан. Суд баённомасига нисбатан битилган ўн битта банддан иборат эътироз-мулоҳазаларининг (баённомага ёлғон кўрсатмалар киритилгани, унга (баённомага) иш учун ўта муҳим гаплар бузиб ёки умуман тиркалмагани ва ҳ. к...) аксарияти эътироф этилгани бор гап. Бироқ бу эътирофларнинг қуввати ҳукмга таъсир қилдирилса, қани?! «Уч дақиқада ҳукм ўқилган» ҳолатики “тасдиғини топмаган” экан, бошқасига йўл бўлсин...

22

Судланувчиларнинг пушаймонлигию жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, шунингдек, моддий зарарлар ортиғи билан тўланганини айтдик-а? Яна нима қолди?.. Э-ҳа, маҳалла фуқаролар йиғини ва Ёшлар иттифоқи Фарғона  вилоят Кенгашининг судланувчиларни кафилликка олиш ҳақида  судга мурожжат қилганди. Булар ҳам судда «ўтмади», пировард мақсад қамаш экан, чамаси. Майли, жазо беринг – ёш йигитларнинг қамоқдан «одам» бўлиб қайтишига кафолат йўғу, на чора, бу каби масалаларни ҳал этмоқ фақат судларга тан. Олсин-да, оладиганини, оиласи туриб, иштонбоғи бўш аёлга илакишликнинг касофати шунақа бўлади! Ушбу воқеълик боис маҳкумларнинг аҳли оила, қариндош-уруғлар олдида бўладигани бўлди, энг оғир жазо шу, аслида! «Одам ўғрилаш»  айблови эса ўлганнинг устига тепган бўлаётир, холос.

23

...Ҳужжатларни қайта-қайта варақлаб, қонунларни титкилиб, билгичлардан сўраб-суриштириб,  кўнгилда мулоҳаза туғилди, денг. Масала моҳиятига босиброқ қаралса, «одам ўғрилаш» жинояти, шу қилмишнинг таъриф-тавсифию жазо тайинлаш масаласида кенгроқ раҳбарий кўрсатмаларга эҳтиёж бордай. Бундай  раҳбарий кўрсатмаларни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленум қарори шаклида бериши мумкин. Бундай  ваколат бошқа органларда йўқ. Иккинчидан, қатор мамлакатлар, хусусан, Россия Федерацияси, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари Жиноят кодексларида «Одам ўғрилаш» жиноятига тегишли жазо белгилангани баробарида алоҳида норма ҳам қайд этилган: «одам ўғрилаган шахс жабрланувчини ихтиёрий равишда қўйиб юборса ва унинг хатти-ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаса, жиноий  жавобгарликдан озод этилади». Бу меъёр айни шу турдаги жиноятчиликка қарши курашиш чораларидан бири сифатида талқин этилганини айтинг! Зеро, бу меъёр билан шу жиноятга қўл урган кимсаларга «этагини вақтида ёпиш» имконияти берилмоқда. Акс ҳолда, «тотган  ҳам тенг, ботган ҳам тенг» қабилида иш тутиб,  қилмишини «келган жойидан» давом эттириши мумкин.

Биздаям ўйлаб кўрилса, чакки бўлмасди...

Йўқса, шахсни бир жойдан иккинчи жойга унинг ихтиёрига зид равишда олиб бориб, сўнг яхшилик билан кузатиб қўйилиши безориликдан ташқари «одам ўғрилиги»га ҳам тортиб кетаверади, чоғи...

24

Яна бир гап. Ушбу жиноят иши юзасидан чиқарилган ҳукмга нисбатан шикоятлар тўхтаганича йўқ. Бундан ташқари, мақолалар «пойгаси» ҳам кетаётганини биров билар, биров билмас? Нега десангиз, жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди раисининг «уч дақиқада ҳукм ўқигани» хусусида (иш тафсилотларга тўхталмаган ҳолда) сайтимизда танқидий мақола эълон қилинганди (xabar.uz «Фарғонадан тескари  репортаж: судья ноёб натижа қайд этди». 25/04. 10;40). Ҳукм қонуний кучга киргач, бир сайтда раиснинг номидан шу  жиноят хусусида “ҳикоя қилувчи” мақола чиқди: «Фарғонада зўравонлар устидан ҳукм ўқилди»! Кўп ўтмай ушбу мақола бошқа бир сайтда,  сарлавҳаси янаям бўрттирилиб қайта чоп этилди: «Фарғонада одам ўғрилаган зўравонларга ҳукм ўқилди»! Ушбу чиқишлар  xabar.uzдан  тарсаки етган  муаллифга  «хуморбосди» бўлдими-йўқми,  кўпам қизиқтирмайди бизни. Бироқ такрор-такрор таъкидга эҳтиёж бор: Фарғонада зўравонларга ҳукм ўқилгани рост! Илло, ўша зўравонларнинг «одам ўғрилагани»  ёпишмаяпти, ёпишмаяпти...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг