Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Иқтисодиёт, кредитлар, Токио мэрининг истеъфоси сабаби...» – Япониядаги иқтисодчи магистрант Нурбек Омонов билан суҳбат

«Иқтисодиёт, кредитлар, Токио мэрининг истеъфоси сабаби...» – Япониядаги иқтисодчи магистрант Нурбек Омонов билан суҳбат

Фото: Нурбек Омоновнинг шахсий архиви

«Xabar.uz» хориждаги ватандошларимиз билан интервьюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Япониядаги Рицумейкан университетининг магистратура босқичи талабаси Нурбек Омонов бўлди.

Суҳбатдошимиз Сирдарё вилоятида туғилган. Бакалавр босқичини Солиқ академиясида олиб, ҳозирги кунда иқтисодиёт йўналиши магистранти ҳисобланади. У билан суҳбатимиз иқтисодиёт, кредитлар, Токио мэрининг истеъфоси сабаби ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

– Нурбек, бакалаврни Солиқ академиясида ўқиб, нима учун магистратурани иқтисод йўналиши бўйича айнан Японияда олишга қарор қилгансиз?

– Солиқ академиясида асосан солиқ соҳасига тегишли Ўзбекистондаги қонунчилик ва бухгалтерия чуқурлаштириб ўргатилган. Ўз навбатида, солиқ қонунчилиги ҳар бир давлатда ҳар хил. Умуман солиқ сиёсати давлатнинг фискал сиёсати бўлиб, умумий иқтисодиётнинг бир қисмини ташкил қилади. Японияда эса магистратурада асосий фанлар Макроиқтисодиёт, Микроиқтисодиёт ва Эконометрика ҳисобланиб, иқтисодиёт кенг доира ва таҳлил асосида ўргатилади.

Магистратура учун Японияни танлашимнинг яна бир сабаби, Осиё қитъасида иқтисодий ривожланишга эришган аксарият давлатлар, масалан, Жанубий Корея, Сингапур, Таиланд каби мамлакатлар айнан Япониянинг тараққиёт йўлидан кетишга ҳаракат қилишган. Бундан ташқари ҳозирда ЯИМ киши бошига йиллик 49 187 АҚШ долларни ташкил қилувчи бу давлат ишлаб чиқариши ва технологик ишланмалари билан жаҳонда фақат АҚШ ва Хитойдан кейинги учинчи катта иқтисодиётга эга мамлакатдир.

Шунингдек, ўзим таҳсил олаётган Рицумейкан университети 1869 йил фаолиятни бошлаган бўлиб, 36 мингдан ортиқ талабалари билан Японияда 3-ўринни эгаллаган. Университет фаол халқаро ҳамкорликни ҳам йўлга қўйган.

Хусусан, Лондон, Пекин, Деҳли ва Ҳанойида офисларига эга. Мен ўқиётган иқтисодиёт факультети эса, нисбатан ёш – 2002 йилда ташкил топган. Йилига фақат 15 – 20 та хорижий талабаларни қабул қилади. Шу билан бирга, факультетда иқтисодиёт йўналишида илмий иш қилиш учун барча шароитлар яратилган.

– Магистратурадаги илмий ишингиз ҳақида маълумот берсангиз. У қандай муаммо ечимига қаратилган?

– Илмий ишимнинг асосий мақсади, молиявий соҳадаги тараққиёт ҳамда уй хўжаликлари қарздорлигининг даромадлар нотенглиги индекси (Gini index) таъсирига бағишланади.

Илмий иш давомида 160 дан ортиқ мамлакатнинг 40 йиллик маълумотларини эконометрик модел орқали таҳлил қилиб шундай хулосага келдимки, иқтисодиётга ажратилаётган кредитларнинг керагидан ортиқ кўпайтирилиши бойлар ва камбағаллар даромадалари ўртасидаги фарқни оширади. Шунинг учун, иқтисодий сиёсатда кредитлар ҳажмини оширишга эмас, молиявий соҳа иштирокчилари сонини оширишга кўпроқ эътибор берилиши керак.

Қолаверса, кредитлар ортиши ҳисобига шаклланадиган фоиз даромадлари банклар ва кредит ташкилотлариэгалари ва акциядорларининг бойлигини янада оширади. Бундан ташқари, ривожланаётган давлатларда капитал бозорининг ривожланиши Gini indexигa ижобий таъсир қилади. Чунки капитал бозорида иштирокчилар сони чекланган.

Яна шуни таъкидлаш керакки, уй хўжаликлари қарздорлигининг маълум бир миқдорда, менинг ҳисоб-китобим бўйича ЯИМнинг 70 фоизгача ортиши иқтисодиёт учун хавфли эмас. Боиси кредитлар орқали кўпчилик аҳоли ўз бизнесини бошлаши, таълим олишга инвестиция қилиши ҳамда кўп йиллардан буён уй сотиб олишга имконияти бўлмаганлар янги уйга эга бўлиши мумкин.

Лекин, агарда уй хўжаликлари қарздорлиги кескин ЯИМнинг 70 фоиздан ошиши иқтисодиёт учун хавф келтириб чиқаради. Бу ҳолат иқтисодиётда самарасиз ва гаров билан кафолатланган кредитлар ортаётганидан дарак беради.

– Иқтисодчи магистрант Япониянинг тараққиёт омилларини нималарда кўради?

– Кузатишларим бўйича, Япониянинг тараққиёти кўп омилларга боғлиқ. Лекин менинг назаримда асосий омил бу – ҳукумат ва халқ ўртасидаги кучли ишончнинг мавжудлиги. Қачон оддий халқда давлатга бўлган ишонч кучли бўлади? Қачонки, ҳукумат ўз вазифаларини очиқлик ва ошкоралик билан олиб борса, қабул қилинган қонунларга аввало ҳукумат даражасида ўзлари амал қилса, ўшандагина халқда мавжуд ҳукуматга нисбатан ишонч ортади.

Ҳукумат даражасида қонунларга амал қилиш ва ошкораликка мисол сифатида Японияда ҳамма ҳукумат аъзолари ҳар йили 1 апрелгача йиллик даромадлари тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этишлари лозим. Яна бир аниқ мисол, яқинда Токио шаҳар мери ҳукумат машинасида ўз шахсий дала ҳовлисига икки марта борганлиги аниқланди ҳамда ҳукумат машинасини ўз шахсий эҳтиёжлари учун фойдаланганлиги туфайли лавозимидан четлатилди.

Яна бир асосий тараққиётининг омили, японлар касбий фаолиятида ўз вазифаларини қандайдир ҳисобот ёки юқоридаги раҳбарга ёқиш учун эмас, балки чин юракдан астойдил ва ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилишади. Японияда бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

– Сизнингча, Ўзбекистонда Япониянинг қандай ижобий тажрибаларини жорий этиш мумкин?

– Ўзбекистонда Япониянинг кўплаб ижобий тажрибаларини жорий қилиш мумкин. Масалан, таълим соҳасидаги ижобий тажрибаси сифатида болаларнинг қобилиятини эрта ёшдан аниқлашга ҳаракат қилиш, бошланғич синфларда имтиҳонларнинг мавжуд эмаслиги кабиларни келтирса бўлади. Боиси бошланғич синфларда ёш болаларни имтиҳон қилиб психологик босим ўтказишнинг ўрнига уларда жамоавий сифатларни шакллантиришга ҳаракат қилишади. Яъни, мактабларда ўқувчилар биргаликда синфхоналарни тозалашади ва жамоавий спорт билан кўпроқ шуғулланишади.

Яна бир ижобий тажриба сифатида назария билан амалиётнинг уйғунлигини келтириш ўринлидир. Мисол учун, таҳсил олаётган университетимда профессорлар бир вақтнинг ўзида қайсидир ҳукумат ташкилотида ёки йирик корхоналарда маслаҳат кенгашларининг аъзоси ҳисобланади. Қандайдир лойиҳа амалга оширилишидан аввал, албатта уларнинг фикри инобатга олинади. Бундан ташқари корхона ва ташкилотлар университетларга кўплаб грант лойиҳаларини тақдим этади.

Солиқ соҳасидаги давлат сиёсатига тўхталадиган бўсам, Япония солиқ қонунчилигида, айниқса солиқ ставкаларида кескин ўзгаришлар тез-тез амалга оширилмайди. Чунки солиқ ставкасини бир фоизга камайтириш ёки оширишнинг нафақат бюджет тушумига, қолаверса бутун иқтисодиётга таъсири бўлиши мумкин. Масалан истеъмол солиғи ставкасини 8 фоиздан 10 фоизга кўтариш икки-уч йиллик муҳокамалардан кейингина амалга оширилган.

– Японлар характери бўйича таассуротларингиз қандай?

– Японлар вақтни жуда қадрлайдиган халқ. Ҳамма ишни ўз вақтида бажаришга одатланишган. Мисол учун, ишга жамоат транспортининг айби билан кечка қолишса, албатта кеч қолиш сабабини тасдиқловчи ҳужжат – «reason of lateness»ни охирги бекатдан сўраб олиб иш бошқарувчига тақдим этишади. Шу билан бирга, японларда муомала маданияти ва бир-бирини ҳурмат қилишга ҳавас қиласиз. Яъни ҳайдовчилар автомобилда ҳаракатланиш вақтида деярли сигнал чалишмайди. Ресторанлар, савдо дўконлари ва бекатларда навбатга қатъий амал қилишади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати японларнинг аксарияти бутун умр бир ташкилотда хизмат қилишига гувоҳ бўлдим. Шунинг учун бўлса керак улар иш ва касб танлашга жиддий эътибор қаратишади.

– Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз ва китоб мутолаасига ҳам вақт бўлиб турадими?

– Ростини айтадиган бўлсам, бўш вақтим кўп эмас. Сабаби, сўнгги вақтларда илмий ишим бўйича профессорлар берган топшириқларни бажаришга бор диққат-эътиборимни қаратганман. Бироқ шундай бўсада, ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари дўстларим билан бирга қўшни шаҳарларга саёҳат қилишга ҳаракат қиламан. Баъзан эса, ўзим ёлғиз велосипедда Япониядаги энг катта кўл – Бивако атрофида сайр қилиб тураман.

Албатта илмий ва бадиий китоблар мутолааси ҳам кундалик юмушларимдан бири. Айниқса ҳозирги пандемия шароитида, китоб ўқиш бўш вақтни самарали ўтказишнинг энг мақбул йўли деб биламан.

Масалан яқинда менежмент соҳасига доир янгича иш услубларини таклиф қилган Жейсон Фриеднинг «Rework», давлатларнинг географик жойлашуви ҳозирда уларнинг ташқи сиёсатига қандай таъсир қилаётганлиги ҳақида ёзилган Маршалл Тимнинг «Prisoners of Geography», иқтисодий сиёсатга оид Рючир Шарманинг «The Rise and Fall of Nations» китобларини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг