Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Иккинчи имконият: нега Зимбабве АҚШ долларини яна тақиқлаяпти?

Иккинчи имконият: нега Зимбабве АҚШ долларини яна тақиқлаяпти?

Гиперинфляция даврида бозорга боришдан қайтиш «осонроқ» эди.

Фото: «Polit.ru»

Африканинг энг қашшоқ, энг қолоқ мамлакатларидан бири — Зимбабве сўнгги 10 йилда биринчи марта миллий валютага қайтмоқда ва хорижий валюталарнинг очиқ ишлатилишини тақиқламоқда. Бу ҳақда «Известия ёзмоқда. Ҳукуматнинг бу қарори аҳолининг ёдига илгариги президент Роберт Мугабенинг гиперинфляция даврини туширди, ҳамма карахт аҳволда. Аммо ҳукумат ташвишлар ноўрин экани, энди молиявий коллапс бўлмаслиги, барча чоралар кўриб қўйилганини уқтирмоқда. Бироқ қора бозордаги ҳозирги аҳволнинг ўзиёқ янги валютага фуқаролар унчалик ҳам ишонч билдирмаётганини кўрсатмоқда.


Гиперинфляциялар рекордчиси

XXI аср гиперинфляцияси дейилса, барчанинг кўз ўнгига Зимбабве келади. Африка мамлакати нархларнинг ўсиш тезлиги бўйича Европада 1920-йилларда ўрнатилган барча рекордларни янгилаб ташлади, ҳатто Венесуэла ҳам буни уддалай олмайди. Ҳаммаси асрлар туташувида Буюк Африка урушига ўралашиб қолган президент Роберт Мугабе ўтказган ажабтовур иқтисодий ислоҳотларнинг аччиқ меваси — корхоналар ёппасига давлат ихтиёрига олиниб, мамлакат қишлоқ хўжалигининг қон томири саналмиш оқ танли фермерларнинг ерлари мусодара қилиб юборилди. Оқибати шу бўлдики, ишлаб чиқариш пасайиб, савдо дефицити ошиб кетди, мамлакат иқтисодий инқироз жарига қулади. Кўпроқ пул зарб этиб, иқтисодиётни қутқаришга уриниш эса вазиятни буткул издан чиқарди: 2006 йилга келиб инфляция 1000 фоизга сапчиб кетди.

Роберт Мугабе. Фото: «Twitter»

Пул оқимининг жилови бой берилганидан кейин нарх-наво ўсиши суръати тезлашиб кетди. Камига 2008 йил ўрталаридаги глобал иқтисодий молиявий инқироз ўлганнинг устига тепган бўлди. Ҳатто инфляция тезлиги йиллик 500 000 000 фоизгача (!) чиқди, яъни ҳар икки кунда нархлар икки бараваргача ўсиб борарди. Пуллар (ҳатто 10 триллион зимбабве доллари ҳам) чиқариладиган қоғозини ҳам қопламай қолди. Охири шунга бориб етдики, ҳукумат инфляция тўғрисидаги янгиликларни ошкор қилишни тақиқлади, кейин эса миллий валютанинг ўлимини индамай қабул қилди.

Гиперинфляция оқибати — 100 триллион долларлик қоғоз пул. Фото: «Wall Street Journal»

2009 йил январида зимбабве доллари (миллий валюта) муомаладан чиқариб ташланиб, ўрнига бошқа мамлакатларнинг «қаттиқ» валюталари, биринчи навбатда АҚШ доллари кириб келишни бошлади.

Ушбу кескин қарор молиявий аҳволни барқарорлаштириб, ҳатто ўлиб бораётган иқтисодиётни қутқариб қолди. «Нархлар ўйини» бирмунча сусайиб, қашшоқ аҳолининг ҳам пешонасида қуёш порлай бошлади. Аммо...

Олдинда бошқа муаммолар кутиб турарди

Биринчидан, эмиссия устидан назоратнинг бой берилиши оқибатида ҳукумат энг муҳим дастак — ўз иқтисодиётини бошқариш имкониятидан маҳрум бўлди, буни кейинчалик еврозонадаги аксарият мамлакатлар тажрибасидан ҳам кўрдик. Ишлаб чиқариш ва бошқа хўжалик соҳаларига сармояларни тўғри тақсимлаш  учун ҳам курс мувофиқланган бўлиши керак эди. Ҳолбуки, Зимбабвенинг ўз миллий валютасига эга қўшнилари — ЖАР, Ботсвана, Замбия иқтисодий инқироз юзага келган тақдирда миллий валютасини девальвациялаб ҳам ўз экспортёрларини қўллаб-қувватлаши мумкин. Шу ўринда бир ғаройиб ҳолатга гувоҳ бўламиз: ўта қашшоқ ва турган гапки, энг арзон ишчи кучига эга Зимбабве (камига Африка мезонлари билан ўлчанганда зимбабвелик ишчилар анчайин малакали — чунки собиқ Жанубий Родезия мустамлакачи ҳукуматидан мамлакатга қитъадаги энг яхши таълим тизимларидан бири мерос қолган)да товар ишлаб чиқариш минг карра бойроқ Жанубий Африка Республикасида ишлаб чиқаргандан кўра фойдалироқ эди.

Зимбабвеликлар. Фото: «Green Left Weekly»

Иккинчи муаммонинг илдизи — биринчи муаммода

Долларлаштириш иқтисодиёт шаштини сўндириши оқибатида Зимбабведа сурункали савдо танқислиги юзага келди. Бу эса мамлакатга хорижий валюта оқимини озайтириб, иқтисодиётни янада бўға бошлади. Мугабе ҳукумати ҳеч бўлмаганда фойдали қазилмаларга бой мамлакатда хом ашё соҳасини оёққа турғизишни ҳам эплай олмади. Ана шу пала-партишликлар 2014 йил инқирозидан кейин хом ашё нархларининг умумий пасайиб кетишига олиб келди.

Иқтисодий муаммолар тўпланиб-тўпланиб, 2017 йили давлат тўнтаришига сабаб бўлди: қарийб 40 йил ўрнини ҳеч кимга бермай келган Роберт Мугабе пенсияга кузатилди. Янги етакчи Эммерсон Мнангагва ислоҳотларни бошлаб юборди, хусусан, оқ фермерлар мамлакатга қайтишни бошлашди. Ўтган йили Зимбабведа иқтисодий ўсиш 2,7 фоизни, аҳоли сони ўсиши 2,5 фоизни ташкил этди — аҳоли жон бошига кўрсаткич деярли ўзгарган эмас.

Зимбабве доллари 2.0

Зимбабве 2019 йил бошига келиб миллий валютасини тиклашини эълон қилди, ҳозирча — «Real Time Gross Settlement» (RTGS) лойиҳаси кўринишида. Лойиҳага кўра, RTGS-долларлар аввалига хорижий валюталар билан ёнма-ён қўлланилиши, уларда Марказий банкдан қарз олиш мумкин эди. Аммо... Шу охирги ҳолат янги муаммони келтириб чиқарди.

Янги — RTGS-доллар. «Bloomberg»

Зимбабве бензинни деярли тўлиқ четдан олиб киради, аммо халқига арзонга сотади. Масалан, Зимбабведа 1 литр бензин 20 АҚШ центига тенг — бу қўшни Ботсванадагидан олти карра арзон. Бундан кимга фойда — албатта маҳаллий ва хорижлик учар тадбиркорларга-да! Улар Зимбабенинг RTGS-долларларига олинган кредитга арзон бензинни харид қилиб, кейин қўшни давлатларга олиб чиқиб пуллашади, ҳам қиммат, ҳам АҚШ долларида!

Биргина шу йўл билан мамлакатдан ҳар ойда 100 млн. литр бензин ва дизель ёнилғиси хорижга «оқиб» кетяпти.

Хуллас, параллел равишда жорий этилаётган RTGS-долларини ёнилғи инқирозининг ўзиёқ инфляцияга учратишни бошлади — албатта, бу Мугабе давридагидан анчайин паст, «бор-йўғи» 100 фоиз, бироқ оддий зимбабвелик учун бу ҳалокатдан бошқа нарса эмас. Янги валюта курси кескин ўзгаришларга учрай бошлади: янги муомалага киритилган 2,5 RTGS га 1 АҚШ доллари берган бўлса, кўп ўтмай нисбат 4:1 га, июнь ойида эса 14:1 га ўзгарди.

Зимбабве ҳукумати аслида RTGS-долларни кейинги йилдан мамлакатдаги ягона расмий валютага айлантириш ниятида эди, бироқ бозордаги тез ёмонлашиб бораётган ҳолат назарда тутилиб, жараённи тезлатиб қўя қолишди. 2019 йилнинг 26 июнидан мамлакатда барча хорижий валоюталарнинг эркин муомалада бўлиши тўлиқ тақиқланди, қарор зудлик билан кучга кирди.

Янги миллий валюта дарҳол ҳалокатга учрамаслиги учун шошилинч чоралар ҳам кўриб қўйилди. Хусусан, қайта молиялаш ставкаси 50 фоизгача чиқарилдики, бундан Марказий банкнинг назарида, нефть маҳсулотлари бўйича спекулятив битимлардан фойда олиб бўлмай қолади. Қолаверса, Марказий банк экспортёрлардан олинган валюталар келиб тушувчи (валюта тушумларининг 50 фоизи Марказий банкка берилади) банклараро валюта бозорини ташкил этади. Ҳукумат шу тариқа тезлашиб бораётган инфляцияни тушовлаш, АҚШ доллари курсини 4 RTGS-долларгача туширишга умид қилмоқда.

Янги чора иш берадими?

Мамлакат миллий валютадан фойдаланиш бўйича дастлабки тажрибалари билан мақтана олмаслигига юқорида тўхталдик. Қолаверса, Марказий банк яна чоп этиш станокларини ишга тушириб юбормаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ҳозирданоқ нафақат мухолифат, балки саноат ва касаба уюшмалари вакиллари орасидан  таралаётган норозилик садолари қулоққа чалинмоқда. Ахир, хорижий валюталар эркин муомалада юрган давр аксарият зимбабвеликлар учун ҳеч қурса барқарорлик рамзи эди-да!

Албатта, мамлакатнинг янги ҳукумати иқтисодиётда, гарчи кичик ва камтарона бўлса-да, силжишларга эриша олганидан ҳам кўз юммаслик керак. Масалан, қачонлардан бери илк маротаба бюджет тақчиллиги сезиларли даражада пасайтирилди.

Ўтган ойда Халқаро валюта жамғармаси билан битимга келишилди, унга кўра, жамғарма бу мамлакатга ислоҳотларни ўтказиш бўйича маслаҳат ёрдамини кўрсатиш даврида Зимбабве ҳукумати ва Марказий банки пул зарб этмай туришга ваъдалашган. Афтидан, мамлакат молиявий сиёсатидаги ўзгаришлар ҳам бевосита ХВЖ фатвоси билан бўладиган кўринади. Шу чоққача ҳеч кимга наф бермаган бу усул ҳеч бўлмаганда зимбабвелик молиячиларга ишонч-у далда бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, яхшими-ёмонми, ҳар ҳолда барқарор ўз валютасига эга бўлиш жафокаш Зимбабве иқтисодиётига олдинги ўн йилликлардагига қараганда анча жиддий танянч бўлиши тайин. Зимбабве бу борада қанчалик олға силжийди — тез орада билиб оламиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг