Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Европанинг тўрт мамлакатида таҳсил олган ўзбек: «Мен албатта Ўзбекистонга қайтаман»

Европанинг тўрт мамлакатида таҳсил олган ўзбек: «Мен албатта Ўзбекистонга қайтаман»

Фото: «Xabar.uz»

Аввал хабар берганимиздек, «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали чет элда таҳсил олаётган, ишлаётган ва илмий изланишлар қилаётган ҳамюртларимиз билан яқиндан мулоқот олиб бориш мақсадида «Хориждаги ватандошлар» лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳамизнинг навбатдаги қаҳрамони Буюк Британиядаги «Heriot-Watt» университетининг магистратура босқичида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Достонбек Нуралиев бўлди.

Фото: «Xabar.uz»

Достонбек суҳбатимизни болалигингиз ва мактаб даврларингиздан бошласак...

Андижон вилоятида туғилганман. Ота-онам зиёли инсон бўлишган, яъни ўқитувчилар оиласида улғайганман. Болаликдан аниқ фанларга қизиқардим. Ҳисоблаш бўйича қобилиятимни сезган ота-онам физика ва математикага ихтисослаштирилган мактабда ўқитишди. Умуман, оиламизда билим олишга рағбат кучли бўлган. Шу боисдан аниқ фанлар қатори хорижий тилларни, хусусан инглиз тилини ҳам чуқур ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. Мактабни тамомлаб Тошкентдаги Турин политехника университетига «GM Uzbekistan» қўшма корхонаси ҳамкорлигидаги грант лойиҳаси асосида талаба бўлдим. Ўқишни муваффақиятли тамомлаб, бир муддат «GM Uzbekistan» қўшма корхонасида муҳандис-технолог сифатида ишладим.

Фото: «Xabar.uz»

Нима учун айнан магистратурани хорижда олишга қарор қилдингиз?

Корхонадаги қарийб икки йиллик меҳнат фаолиятим бакалавр даврида олган билимларимни амалиётда қўллаш ва тажриба тўплашга имкон берди. Шунга қарамай соҳам бўйича ўз билимларимни янада чуқурлаштиришим зарур эди. Буни нафақат ҳозирги замон талаби, балки сўнгги йилларда юртимизда олиб борилган ўзгаришлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Шу мақсадда, Европа Иттифоқининг Erasmus Mundus дастури грантига ҳужжат топширдим. Айнан бу грант дастурини танлашимга сабаб эса «Smart Systems Integration», яъни смарт технологиялари йўналиши бўлди. Чунки айнан ушбу соҳа ҳозирда нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг бошқа етакчи давлатларида ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Бундан ташқари, мазкур грант дастури орқали Европанинг Венгрия, Норвегия ва Шотландия давлатларининг нуфузли университетларида бир семестрдан таҳсил олишга муваффақ бўлдим. Айни дамда Буюк Британия (Шотландия) давлатидаги Heriot-Watt университетида таҳсилни давом эттиряпман.

Фото: «Xabar.uz»

Европада қарийб икки йилдан буён яшаб, қитъа давлатларининг қандай ўзига хос хусусиятларига гувоҳ бўлдингиз?

Европа давлатларининг нуфузли университетларида ўқиб, мазкур мамлакатлар олий ўқув юртларидаги талабаларга яратилган шарт-шароитлар ҳавасимни келтирди. Юқори таълим сифатини таъминлаш учун барча имкониятлар яратилган. Масалан, бепул ва тез ишловчи интернет, 24 соат давомида хизмат кўрсатувчи кутубхоналар, замонавий қурилмалар билан жиҳозланган лабаратория хоналари ва ҳоказо...

Мен юртимиздаги таълим муассасаларида ҳам айнан мана шундай имкониятлар бўлишини жуда хоҳлайман. Умид қиламанки, Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юртимиз таълим сифати ҳам шундай ривожланади.

Магистратурани тамомлаганигиздан кейинги режаларингиз қандай?

Магистратура босқичи тугагач Ўзбекистонга қайтаман. Очиғи, бу қароримни эшитган дўстларим «Лондонда яшаш ёқмадими?» деб ажабланиб сўрашмоқда. Тўғриси, нафақат Лондон, балки Европанинг Париж, Рим, Будапешт, Осло ва АҚШнинг Нью-Йорк, Кембриж шаҳарларида яшадим. Яшаш давомида англаб етган ҳақиқатим – ҳеч қайси ўлка ўзингиз туғилган ватандек бўла олмайди. Шунинг учун ўқишни тамомлаб албатта юртимизга, она шаҳрим – Андижонга қайтаман. Насиб қилса, Андижон Машинасозлик институтида ўқитувчи сифатида ёшларга хорижда орттирган билим ва тажрибаларимни ўргатиш ниятим бор. Қолаверса, 2020 йили юртимизда «HPAIR Uzbekistan-2020» халқаро конференциясини ўтказишни режалаштиряпман.

Фото: «Xabar.uz»

Конференция ҳақида батафсил маълумот бера оласизми?

HPAIR лойиҳаси Ҳарвард университети томонидан 1991 йилда талаба-ёшлар иштирокида илк бор ташкил этилган. Лойиҳа давомидаги конференцияларда БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун, Австралиянинг собиқ Бош вазири Кевин Рудд ва бир қатор нуфузли халқаро компания раҳбарлари  маърузачи меҳмонлар сифатида қатнашишган. Ҳар йил мазкур конференция дунёнинг турли нуқталаридан лидерлик қобилятига эга, юзлаб иқтидорли талаба-ёшларни бирлаштиради. Жорий йилда бўлиб ўтган конференцияга АҚШнинг Кембриж шаҳридаги Ҳарвард компуси мезбонлик қилди. Унда мен ҳам иштирок этдим. Ушбу конференциянинг 2020 йил мамлакатимизда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш билан бир қаторда, талаба-ёшларимизнинг хорижий тенгдошлари билан ўзаро дўстона интеграциялашувига катта ёрдам беради, деб ўйлайман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг