Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Еврокомиссия раҳбари ким бўлади?

Еврокомиссия раҳбари ким бўлади?

Фото: «Euronews»

Европа парламентига сайловлар ўтказилганидан кейин бир савол очиқ қолмоқда: Еврокомиссиянинг Брюсселдаги раиси Жан-Клод Юнкернинг ўрнини ким эгаллайди? Бу ҳақда «Евроньюс» (Эмма Бесвик) шарҳида сўз боради.

Ҳозирги вазиятда тарозининг палласи шу тобгача салгина фарқ билан «тепа»да келаётган партиялар томонидан янги ўйинчилар сари силжигани яққол кўринмоқда.

Ҳаммаси Брюсселдаги юқори даражадаги учрашувларга (сешанба, 28 май) боғлиқ, шу ерда Еврокомиссия раҳбари сайланиши жараёни ҳамда Европа парламенти сайловларига қадар «Кўҳна қитъа»нинг йирик фракциялари ЕИ бўлғуси раҳбари номини тасдиқлаш учун тақдим этадиган «кучли номзод» принципидан воз кечиш ҳақида бир тўхтамга келиниши керак.

Мабодо  «кучли номзод» тамойили ўзгаришсиз қолса, олий лавозимни тўрт асосий партиянинг етакчи номзодларидан бири: Манфред Вебер (Европа халқ партияси, ЕХП), Франц Тиммерманс (Социал-демократлар), Маргрет Вестагер (Либерал-демократлар — ALDE) ёки Ска Келлер («Яшиллар») эгаллаши мумкин.

«Кучли номзод» («Spitzenkandidat») принципига кўра, сайловлардан сўнг энг йирик коалиция тепасида турган Европа партияси етакчиси Еврокомиссия раисига айланади.

Агарда шу пайтгача доминант бўлиб келган бу тамойил четга суриб қўйилса-чи? Унда бошқа номзодлар, масалан, ЕХП номзодлари — ЕИнинг «Brexit» бўйича бош музокарачиси Мишель Барнье ва Кристалина Георгиеваларга ҳам «катта саҳна» сари йўл очилади.

«Spitzenkandidat» тамойили Европа блоки раҳбарлари ўртасига рахна солгани назарда тутилса, хусусан, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Люксембург бош вазири Ксавье Беттель бу тизимни «аҳмоқона ғоя» дейишган, ундан воз кечишлари ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

Букмекерлар ким томонида?

Букмекерлик идоралари назарида яққол фаворит — Бавария христиан-социалистлари иттифоқи аъзоси, ЕХП етакчиси Манфред Вебер. Айтишларича, унинг Еврокомиссияни бошқариш имкониятлари салкам 60 фоизга тенг. Шуниям унутмайликки, ярим йилгина олдин унинг имкониятлари нақ 80 фоизга баҳоланганди.

«Брекситчи» Мишель Барньенинг имкониятлари ҳам чакки эмас — 6/1 ёки 14 фоиз, аммо унда ҳам йўқотиш бор — ҳозир француз сиёсатчиси британ букмекерлари ярим йил аввал қилган прогноз кўрсаткичининг учдан бир қисмини йўқотган.

Европа халқ партияси номзодларини нидерландиялик социалист Франц Тиммерманс (12,5 фоиз) ва ҳозирда рақобат бўйича еврокомиссар, даниялик Маргрет Вестагер (10 фоиз) таъқиб қилишмоқда.

Еврокомиссияда кўпчилик ким тарафида?

«Либераллар парламентда ЕХП ва социал-демократлардан кучли бўлишадими — буни кузатиш қизиқ, чунки сўнгги икки партия жуда кўп овоз йўқотди ва учинчи кучга таянишларига тўғри келади», — деди Sciences Po Париж олий мактабининг Европа муносабатлари бўйича профессори Дидак Гутьеррес Перис.

Манфред Вебер фаворит, бироқ ҳозирги юқори даражадаги сиёсий ранг-баранглик номзодлар рўйхати кенгайиб бораверишидан далолат бермоқда, дея таъкидлайди Перис.

«Ўйлашимча, Европа Иттифоқи охирги саммитларида жуда аниқ сигнал берди: Еврокомиссия аёл киши қўлига топширилиши керак, албатта бу фактор ўз таъсирини ўтказмай қолмайди», — қўшимча қилди эксперт.

Перис либераллар етакчиси Маргрет Вестагер ва бошқа тажрибали аёл-сиёсатчилар Еврокомиссияни бошқариши мумкинлигига шама қилмоқда.

Вестагернинг Франция президенти Макрон билан ораси соз эмаслиги унинг фойдасига ўйнамайди албатта, бироқ улар тил топишиб кетишлари мумкин, ЕИнинг ҳозирги раҳбарияти энг катта лавозимлардан бирига аёл киши келишидан манфаат изламоқда: ё Еврокомиссияга ёки бўлмаса Европа иттифоқининг раислигига!

Ташқи номзодлар

Нидерландия бош вазири Марк Рютте ўзининг навбатдаги Еврокомиссия раиси бўлиши ҳақидаги гап-сўзларни доим инкор этиб келган ва мандатини бош вазирликда якунлаш хоҳишини билдирган. Шунга қарамасдан, Рютте потенциал номзод — букмекерлар уни рўйхатдан ўчиришгани йўқ (гарчи унинг «омад коэффициенти» 5 фоизга баҳоланаётган бўлса-да).

Яна бир эҳтимолий номзод сифатида ЕХПнинг ўзагини ташкил этувчи Европарламентдаги энг йирик миллий партия — Христиан-демократлар иттифоқи етакчиси Ангела Меркель кўрилмоқда. Аммо Германия раҳбари сифатида фаолияти якунига етиб бораётган Меркелнинг ЕИдаги юқори лавозимга номзодини илгари суриши эҳтимоли жуда паст баҳоланмоқда.

Жан-Клод Юнкер

Агарда Еврокомиссияга янги раҳбар топиш жараёни жуда чўзилиб кетса, амалдаги раис — Жан-Клод Юнкернинг ваколати чўзиб берилиши ҳам мумкин. Дарвоқе, Европа иттифоқининг ҳозирги раҳбари Дональд Туск бу лавозимга учинчи уринишда сайланганди, ундаям бу воқеа 2014 йидан кейин, анчайин аҳиллашган Европарламентда содир бўлганди. Ҳозир эса, таъбир жоиз бўлса, «қуроқ парламент» даврида Юнкерга яна бир имконият беришларидан кўра ёзда қор ёғишига ишонган маъқул.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг