Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Давлатлараро ўйин қоидалари ўзгармоқда

Давлатлараро ўйин қоидалари ўзгармоқда

Фото: dizzwizz.ru

Айни кунларда кўплаб давлатларда экология ва атроф-муҳитнинг ёмонлашуви инсонлар соғлиғига ҳам салбий таъсир ўтказмоқда. Айниқса, бу кўрсаткич янги саноатлашган давлатлар – Хитой, Ҳиндистон, Малайзия каби давлатлардан тортиб то саноат ривожига катта урғу бераётган эндигина ривожланаётган Бангладеш, Монголия, Индонезия каби давлатларда ҳам юқори. Хўш, иқтисодиёт ривожи учун атроф-муҳитни қурбон қилишимиз керакми? Яшил иқтисодиёт бунга ечим бўла оладими?

Профессорим билан ўртамизда шу масалада қизиқ бир савол-жавоб бўлиб ўтди:

– Айтайлик, Корея сўнгги 10 йиллик ичида божхона тўловлари сезиларли даражада пастлатилган (ёки умуман олиб ташланган) эркин савдо бўйича жуда кўп давлатлар билан шартномалар имзолади (52 та давлат билан). Бунинг натижасида ташқи савдо айланмаси янада ўсди. Корейс ишлаб чиқарувчилари янада кўпроқ экспорт қилишга киришиб кетдилар. Эркин савдо шартномалари давлатга иқтисодий жиҳатдан кўп фойда келтирди. Лекин, айнан мана шу ишлаб чиқаришнинг кўпайганлиги саноатнинг ўсишига, бу эса атроф муҳитга ўз таъсирини ўтказди. Мана шу оқибатларни ҳам аниқлаб бера оладиган иқтисодий модел борми?

– Бор, албатта! Нафақат аниқлайди, ҳатто баъзи кўрсаткичларни таҳлил қилиш орқали атроф муҳитнинг ёмонлашуви қандай қилиб аҳолининг ишлаш самарадорлигига таъсирини ҳам аниқлаб беради. Саноатнинг ривожланиши, албатта, маълум бир даражада атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатади. Натижада, аҳоли соғлиги ёмонлашади. Бу эса аҳолининг ишлаб чиқариш самарадорлигига ўз таъсирини ўтказади. Оқибатда эса бутун бошли иқтисодиётга бу қимматга тушиши мумкин.

Албатта, бу қисқагина савол-жавоб бизга глобал ўйинлар ҳақида ҳамма ахборотни бера олмайди. Лекин, ўша катта иқтисодий ўйинларнинг йўналиши ўзгараётганига нималарнидир ишора қилиб ўтади.

Ўйин ўзгардими ёки ўйин қоидалари?

Давлатлараро олдингидек миқдор учун эмас, сифат учун кураш бошланиб кетди. «Ўзини билган» ривожланган давлатлар иқтисодиётни жамият ва табиат билан ҳамкорликда олиб бориш кераклигини анча олдин англаб етдилар. Бунда, эътибор нафақат иқтисодиётнинг ўзига балки жамият ва табиатга ҳам берилади-ки, бу уч куч (иқтисодиёт, жамият ва табиат) бирлашган нуқтада барқарорлик вужудга келади. Айнан мана шу ҳудуд иқтисодиётга ҳам, жамиятга ҳам, табиатга ҳам имкон борича максимал фойда ва минимал зарарни олиб келади.

Демак, ўйин ўзгармади!

Ўша-ўша – ҳамма фойда олиш дардида. Фақатгина фойда олишнинг йўллари, қоидалари ўзгарди, холос: Ривожланиш учун ўз ерингдан фойдаланишинг шарт эмас. Қўшнингнинг еридан фойдалан!

Яшил Иқтисодиёт нима ўзи?

Яшил иқтисодиёт атамаси 1989 йилда Буюк Британиялик атроф-муҳит иқтисодчилари томонидан фанга киритилган бўлиб, баъзида Яшил ўсиш (Green Growth) атамаси билан ҳам бирга ишлатилади. Яшил иқтисодиёт – бу инсоният ва табиат ўртасидаги уйғун ўзаро таъсирни қўллаб-қувватлайдиган ва бир вақтнинг ўзида ҳар иккала эҳтиёжни бирдай қондиришга ҳаракат қиладиган иқтисодиётнинг методологиясидир. (Содда тил билан ўз ҳолатимизга мослаб айтадиган бўлсак, ўз роҳатингизни ўйлаб мебел учун исталган жойдаги дарахтларни кесавермаслигингиздир.)

Хўш, «ўзини билган» давлатлар нима қилаётган экан бу борада?

Юқорида ишора қилганимиздек жуда кўп ривожланган давлатлар отга қамчини аллақачон уриб бўлишган (фанга 40-50 йил олдин кириб келган, ахир). Айни пайтда, тез, арзон ва катта кўламдаги юкларни қисқа вақт ичида дунёнинг у бурчагидан бу бурчагига олиб бориб қўя оладиган логистика хизматлари шарофати билан америкалик бир тадбиркор ўз ишлаб чиқаришини Вьетнамда бемалол амалга оширмоқда.

Бу шундан далолат қиладики, иқтисодий жиҳатдан ривожланиш, албатта, ўз уйингда бўлиши шарт эмас (Бундай дейишимизга сабаб «Ҳаётда нимагадир эришиш учун нимадандир кечиш керак» деган олтин қоидага кўра ишлаб чиқаришнинг кўпайиши маълум бир даражада атроф муҳитга ҳам ўз таъсирини ўтказади). Шундай шарт-шароитлар яратгинки, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қўшнининг еридан фойдаланишсин. Албатта, бунда ишлаб чиқаришда атроф-муҳитга бўлган зарарни олдини олиш мақсадида қўйилган юқори талаблар ишлаб чиқарувчиларни икки йўлдан бирини танлашга мажбур қилади:

  • атроф-муҳитга камроқ зарар келтирадиган ишлаб чиқариш технологияси устида ишлаш (албатта, бу вақт ва катта харажат талаб қилади)
  • ёки атроф-муҳитга зарар келтиришнинг олдини оладиган қонун-қоидаларга ҳалигача эга бўлмаган ёки талаблари унча ҳам қаттиқ бўлмаган давлатларга «инвестиция киритиш» («аутсорсинг» сифатида кириб бориш).

Ҳар иккала ҳолатда ҳам ривожланган давлат ютади. Қолганлар эса қисқа муддат ичида ютгани билан, узоқ муддат бўйича ютқазадилар.

Қизиқ томони шундаки, жуда кўп ривожланган давлатлар саноат уларнинг атроф-муҳитига салбий таъсир кўрсатишига йўл қўйишмайди. Лекин, машиналар шаҳар ҳавосини булғамоқда. Шунинг учун электрда юрадиган машиналар ишлаб чиқаришга зўр беришмоқда. Лекин, охир-оқибат калтак яна эндигина ривожланаётган давлатлар бошида синаётгандек. Электрокарлар қувватига ишлатиладиган кобальт хом-ашёсининг қарийб 70 фоизи Конго Демократик Республикасида ишлаб чиқарилади: арзон иш кучи, болалар меҳнати, атроф-муҳит ҳимоясининг деярли эътиборга олинмаслиги, қийин меҳнат шароити...

Ўзбекистон бу борада нима қилмоғи керак?

Сўнгги 2-3 йил ичида Ўзбекистон жаҳон иқтисодиёти билан чинакамига интеграциялашиш учун бел боғлади. Шундай экан, асосий мақсадимиз инвесторларни жалб қилишгина эмас, балки уларнинг фаолиятлари атроф-муҳитга қай даражада таъсир ўтказаётганини ҳам баҳолаш ва шунга яраша ўз талабларимизни ҳам қўя олишимиз бўлиши лозим. Бунинг учун:

  • Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш арафасида турган юртимиз унга аъзо бўлгандан сўнг қандай иқтисодий ва ижтимоий ютуқ ва камчиликларга эришар экан, деган таҳлил билан бир қаторда, атроф-муҳитга қандай таъсири бўлар экан, деган саволни ҳам ўртага қўйишимиз керак. (Бу борада ЖСТнинг «Савдо ва атроф-муҳит» ҳамда «Санитария ва Фитосанитария чораларини қўллаш тўғрисида келишув» шартномаларига етарлича эътибор берилиши зарур.)
  • Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Барқарор ривожланиш мақсадлари» (Sustainable Development Goals) проектлари ҳамда бошқа атроф-муҳитни ҳимояси учун ташкил қилинган халқаро шартномаларнинг (Paris Agreement, 2015) актив иштирокчиларидан бири бўлиш лозим.
  • Шу билан бирга, қўшниларимиз билан ҳам бу борада ҳамкорлик йўлга қўйилиши керак. Масалани бир ҳудуднинг ўзи билан ҳал қилиб бўлмайди! Балки, бутун бир минтақа бир ёқадан бош чиқариши лозим. Чунки, атроф-муҳит ифлосланиши чегара нима эканлигини «билмайди»!
  • Бир нечта ўқув юртларида Халқаро савдо ҳамда Барқарор бошқарув факултетларини имкон борича тезроқ очиш зарур. (Чунки, савдо шартномалари уларни имзолаш билангина ўз мевасини беравермайди. Бу шартномаларни тушуна оладиган ва амалда қўллай оладиган кадрларга эҳтиёж катта. Афсуски, бутун Ўзбекистонда ҳали бирорта ҳам Халқаро савдо деган факультет мавжуд эмас!)
  • Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон экологик партияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида доимо узвий боғлиқлик ва ҳамкорликни яратиш лозим. Мақсадимиз атроф-муҳит ҳимояси экан, бу ташкилотлар ва бошқа давлат ташкилотлари билан ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўймоқ талаб этилади.

Хулоса қилиб айтганда, давлатлараро иқтисодий ўйинларнинг мақсади ўзгармайди. Фақат қоидалар замонга қараб ўзгариб туради. Қисқа муддатли фойда олиш мақсадида узоқ муддатли зарарни ўз бўйнимизга олмаслигимиз даркор. Давлат иқтисодиётининг ривожи ўз халқининг меҳнат самарадорлиги билан доим боғлиқ бўлган. Самарадорлик эса атроф-муҳитнинг ҳолатига кўра ўзгариб турадиган биологик мавжудот – биз инсонларнинг соғлиғига узвий боғлангандир. Шундай экан, аввал иқтисод кейин сиёсат эмас, балки бир вақтнинг ўзида ҳам иқтисодиёт, ҳам жамият, ҳам атроф-муҳитга бирдек эътибор даркор.

Валижон Тўрақулов,
Кореядаги Инҳа университети
«Халқаро савдо» бўйича PhD номзоди


P.S.

Ушбу мақола ёзилаётган бир пайтда Президент қарори билан 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқлангани хабари  тарқалди. Бу – давлатимиз ҳам масалага жиддий қарай бошлаганидан дарак беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг