Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Давлат стипендиясини сохта имтиёзга айлантирманг!

Давлат стипендиясини сохта имтиёзга айлантирманг!

Фото: «fapa.bu.edu.eg»

Яқинда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги жорий йилда давлат стипендияси ғолиби бўлган талабалар рўйхатини эълон қилди. Шу кунларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда жараён билан боғлиқ баҳс-мунозаралар давом этяпти. Айрим ҳолларда комиссия аъзоларини нохолисликда айблаб, номуносиб номзодлар тақдирлангани иддао қилинмоқда. Хўш, эътирозлар ўринлими? Бизнингча, муаммонинг илдизини анча қуйироқдан излаш керак. Келинг, мавзунинг айрим жиҳатларига эътибор қаратамиз.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2008 йил 13 октябрда тасдиқланган «Давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан, бакалавриатнинг охирги икки босқичида таҳсил олаётган талабалар давлат стипендиясига номзод сифатида кўрсатилиши мумкин. Бунда аъло ўқиш ва илмий-ижодий ишларда иштирок этиш, давлат тилига қўшимча хорижий тиллардан бирини ўзлаштириш мезон қилиб олинади.

Ҳужжатнинг айни шу бандига олий таълим муассасаларида етарли эътибор қаратилмаяпти. Биргина мисол. Номзодлар фақат юқори босқич талабаларидан саралаб олинади. Чунки, уларнинг билими ва илмий салоҳиятини аниқлаш, раҳбар бириктириш, изланишларида кўмаклашиш, маромига етказиш учун кетадиган фурсат шуни тақозо этади. Бу каби ишлар 1-2 семестр даврида тегишли кафедралар томонидан бажарилиши, 5-семестрда арзирли номзодни улар кўрсатиши керак. Аммо аччиқ ҳақиқат шуки, амалда бу жараён иккинчи босқичга келиб, яъни, талаба ўзини ўзи (!) номзод қилиб кўрсатганидан сўнг бошланади. Хўш, бунинг нимаси ёмон, дерсиз?

Биринчидан, дастлабки семестрларда аъло баҳо олишга интилиш (аксарият ҳолатда) сунъий рақобатга айланиб улгурган бўлади. Илмий салоҳияти бор, аммо қишки имтиҳонларни «етарлича ўзлаштиролмаган» талаба эътибордан четда қолади. Натижада, номзодларни саралаб олиш қийинлашади. Кафедранинг имконият доираси чекланади. Чунки низом талабига кўра, фақат аъло баҳога ўзлаштирганларгина давлат стипендиясига номзод сифатида кўрсатилиши мумкин. Агар салоҳиятлилар ўз вақтида аниқланиб, уларга эътибор қаратилганида давлат стипендияси учун муносиброқ номзод кўрсатиш имкони кенгайган бўларди. Афсуски, бу жиҳат низомда қатъий белгилаб қўйилмаган.

Шундай бўлгандан кейин 4-семестрга келиб, илмий раҳбар бириктириш ва номзоднинг илмий-ижодий ишлар билан шуғулланиши учун жуда кам вақт қоляпти. Натижада, сохта ҳужжатлар йиғиш, хом-хатала мақола, тезисларни эълон қилиш, сифатга эмас, сонга эътибор қаратиш авж олмоқда.

Олти ойда элликта мақола

Номзодлар ўртасидаги рақобат, асосан, изланишнинг эълон қилинганлик даражаси, нуфузи, эришган ютуқлари ҳисоби билан ўлчанади. Айтишингиз мумкин, ҳали бакалавр босқичини тамомламаган талаба олти ой, нари борса, бир йил ҳисобига 50-60та мақола, рисола, монография нашр этишга улгурадими? Қизиғи, улгураркан! Давлат стипендиясига сазовор бўлган талабаларнинг йиғма жилдини варақлаб кўринг.

Бугина эмас, яна юзга яқин диплом, сертификат, фахрий ёрлиқ, ташаккурномаларга дуч келасиз. Улар орасида илмга мутлақо алоқаси бўлмаган «эътирофнома»ларга нима бор? Айтайлик, сиёсий партия кенгаши ёки кўзи ожизлар жамиятининг бирор тадбирида иштирок этса-этмаса, берилаверадиган фахрий ёрлиғи талабанинг шахсий сифатини белгилаб бермайди. Лекин бу ҳужжатлар саралаш босқичида ҳам, вазирлик комиссиясида ҳам номзоднинг фойдасига «ишлаяпти». Буни эса бўлажак стипендиат яхши билади.

Энди илмий мақолаларнинг савияси хусусида. Ҳозир фақат номига илмий нашр мақомида турган, маълум ҳақ эвазига «хизмат кўрсатадиган» журналлар керагидан кўп. Пул бўлса, чангалда шўрва, деганидек, чет элда чоп этиш ҳам унча муаммо эмас. Иккиланманг, ҳаммаси қонуний. Низомида «Бу тижорий журнал», деб кўрсатилган. Мақоланинг илмий сифати эса улар учун иккинчи даража. Айтайлик, Украинада чоп этиладиган бир хусусий алманах фаолияти билан қизиқдик. Унда 16 (!) тил, жумладан ўзбек тилида ҳам мақолалар чоп этиларкан. Ваҳоланки, таҳририятда ўзбек тилини биладиган мутахассис йўқ. Шунинг ўзи нашрнинг савиясини белгилаб бермайдими? Давлат стипендиясига номзодларнинг эълон қилинган аксар илмий ишлари шу каби журналлар ҳиссасига тўғри келяпти.

Китоб нашр эттириш эса ундан-да осон. Ўзингиз ёзган тақризга нуфузлироқ бир олимнинг имзосини ололсангиз бўлгани. Талабанинг (ҳали илмий раҳбарига ҳам насиб қилмаган) «монография»си нашрдан чиқди, деяверинг.

Етмаганига, мамлакат бўйлаб ҳар икки куннинг бирида ўтказиладиган илмий конференция тўпламлари бор. Уларнинг номига ўтишию, муқовада кўрсатилган таҳрир ҳайъати материалларни ўқиб ҳам кўрмаслиги кундай равшан. Шундай экан, жон койитиб ўтиришнинг нима кераги бор? Битта мақоланинг сарлавҳа ва кириш қисмини бироз ўзгартириб, шу каби ўнта тўпламда чоп эттирсангиз бўлади. Фақат саҳифасига 15 минг сўмдан тўлов ўтказсангиз бас.

Қарабсизки, «арзимас» харажату ҳаракат билан давлат стипендиясига номзоднинг ёстиқдай ҳужжатлар йиғма жилди тайёр!

Имтиҳон қалбаки

Фақат ҳужжатми, саралаш имтиҳонларичи, деб эътироз билдиришга шошилманг. Ҳа, дастлабки имтиҳонлар ҳам низомда акс этган. Унга кўра, кафедралар номзод қилиб кўрсатган талаба чет тиллари бўйича махсус суҳбатдан ўтиши керак. Лекин ҳаммаси аслида бошқача. Бу ерда ҳам ҳужжатлар иш беради. Ва деярли ҳеч ким имтиҳондан «йиқилмайди»... Битта асос билан фикримизни исботлашимиз мумкин. Муқаддам стипендиатлик даражасига муяссар бўлганлар билан инглиз тилида суҳбатлашиб кўринг. Дастлабки синовда 86 фоиздан ортиқ натижа қайд этганларнинг аксарияти 10-20 та сўздан нарига ўтолмайди.

Имтиҳондан ҳамма ўтиб кетаверса, республика комиссиясига қайси бирининг номзоди кетади, дейсизми? Ўринли савол. «Давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 4-бандига мувофиқ, имтиҳондан муваффақиятли ўтган номзодларнинг ҳужжатлар йиғма жилди олийгоҳ илмий кенгашига тақдим этилиши керак. Бунда кенгаш кимнинг номзоди республика комиссиясига тақдим этилишини яширин овоз бериш йўли билан ҳал қилиши белгиланган. Лекин бу қоғоздаги гап. Илмий кенгаш қарорининг кун тартиби қисмидаги сўнгги банд «Ҳар хил масалалар» деб кўрсатилишидан хабарингиз бўлса керак. Илмий бўлим иродаси билан охирги марта ўтган илмий кенгаш қароридаги ана шу «ҳар хил масала» давлат стипендиясига номзодларни аниқлаш сифатида талқин қилинади. Республика кенгашига эса энг «семирган» ҳужжатлар юборилади.

Барибир ҳужжат «иш беради», дегандик-ку...

Фанга жамоатчи керак эмас!

Фикримизча, тизимни тубдан қайта кўриб чиқиш фурсати аллақачон етган. Аввало, олийгоҳ илмий кенгашида давлат стипендияларига номзодлар тақдим қилиш бўйича махсус вакил тайинланиши (улар амалда ишлаши ҳам) керак.

Республика комиссиясига тақдим қилинадиган ҳужжатлар ҳам сонга эмас, сифатга кўра баҳоланса, сохта рақобатнинг олди олинган бўларди. Айтайлик, номзоднинг кўпи билан бештагача, шунда ҳам сўнгги олти ойда эмас, икки йил давомида, дуч келган тижорий нашрда эмас, нуфузли давлат журналларида чоп этилган илмий мақоласи инобатга олинсин.

Давлат стипендиясини қўлга киритган талаба магистратура босқичига имтиёзли қабул қилинади. Бу эса соф илмий фаолият, дегани. Шундай экан, стипендияга номзоднинг турли жамоат ташкилотларидаги фаолияти мезонга киритилиши мантиқан тўғри эмас (Аслида, бу низомда ҳам йўқ). Зеро, фанга «фаол жамоатчи»дан кўра, заҳматкаш олимлар керак.

Орифжон Одилов,
«Жомбой тонги» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг