Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бир қурол тарихи. У кимнинг қўлида?

Бир қурол тарихи. У кимнинг қўлида?

Фото: «РИА Новости»

АК-47 — дунёда энг кўп тарқаган автомат. Яқин тарихнинг бирон-бир қуролли низоси йўқки, у қатнашмаган бўлса. У билан озод этишган ва босиб олишган, ҳимояланишган ва шафқатсизларча ўлдиришган. Нега АК-47 бунчалик оммалашиб кетди, у дунёни қанчалик ўзгартирди? «Advance» нашри (Ф.Вукович, Хорватия) мақоласида шу ҳақда сўз боради.

Дунёни ўзгартирган ва ўзгартиришда давом этаётган бу афсонавий қурол ҳатто айрим мамлакатларнинг байроқ ва гербларида аксини топган.

1947 йилнинг 13 ноябрида русларнинг дунёга энг машҳур автомати — Калашников автомати (қисқа номи — АК-47) устидаги ишлар расман якунига етди. Унга шу қуролни яратган рус конструктори Михаил Калашниковнинг номи берилди. 47 рақами эса автомат илк синаб кўрилган йил.

Аслида АК-47 биринчи чиққан автоматлардан, бугун эса дунёда энг оммалашгани. Айрим тадқиқотларга кўра, ҳозир дунёда 200 миллионта атрофида АК-47 бор, демакки, ҳар 35 одамга битта «калаш» тўғри келади. Бу автоматнинг ўқдони (магазини)га 30 дона ўқ сиғади...

Рус автоматининг кенг тарқаши сири нимада? Албатта, сабаблари оз эмас. Аввало, ишончли. Иккинчидан, камхарж ва ясаш нисбатан қийин эмас. Қолаверса, ишлатиш осон. Ҳаммаси совет ҳарбий доктринаси талабларидан келиб чиқиб бажарилган. Михаил Калашниковга ишлаб чиқариш арзонга тушувчи автомат яратиш буюрилганди. Ҳадеб таъмирлаб ўтирилмасдан, янгиси ишлаб чиқилаверган!

Аниқлик бобида «яхшилардан» саналган

Аниқлик бобида АК-47 доим «яхшилардан» саналган, у билан 300 метрлардан туриб душманни тўла ишонч билан нишонга олиш мумкин эди. Янаям узоқ масофаларда Калашников унча тўғри уролмайди (аммо бу у билан узоқдан туриб отишмайди дегани эмас).

Нархи ҳамёнбоп АК-47 бугун деярли барча қуролли низоларда ҳозиру нозир: армияларда, жангариларда, партизанлар, жиноятчиларда… Ишончли ва пишиқ автомат ҳаммага керак, агар бу сифатларнинг ёнига таннархи арзонлиги ҳам қўшилса, нега АК-47 яратилганидан бери орадан 70 йил ўтиб ҳам қўлдан тушмаётгани сирини илғаш қийинмас.

АК-47нинг нархи қанча?

Умуман олганда, ўзи битта АК-47нинг нархи қанча? Қаерда неча пул? Қуроллар ҳам талаб ва таклиф қонунларига бўйсунади. Бошқача айтганда, низо ҳудуди қанчалик катта бўлса, қурол нархи ўсиши эҳтимоли ҳам шунча юқори. Бундан ташқари, дунёнинг қайси нуқтасида уруш алангаланаётгани ҳам кўп нарсани ҳал қилади.

«Global Financial Integrity» ташкилотининг ҳисоботида АК-47нинг жаҳон қора бозорларидаги қиймати ўрганилган. Афғонистонда битта АК-47ни 600 доллар эвазига бемалол қўлга киритиш мумкин. Мексиканинг АҚШга чегарадош ҳудудларида эса нархи икки баравар юқори — 1200 доллар атрофида. Худди шу нархга Покистонда ҳам АК-47нинг оригиналини сотиб олса бўлади. Бевосита маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари (сифати анча пасти) «кўки»да 148 дан сотилаётгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Юқоридаги ҳисоботда АК-47ни «даркнет» (интернетдаги қора бозор) орқали 2800 дан 3600 долларга сотишаётгани айтилади.

Бугунги кунда 20 дан зиёд мамлакат ўз «калашниковлари»ни ишлаб чиқаряпти. Энг йирик ишлаб чиқарувчи — Хитой. Россия Калашниковларни чиқаришни тўхтатган, бироқ жуда катта миқдордаги захирасини тўплаб қўйган.

Бугун АК-47 «ҳиссаси қўшилмаган» бирон-бир қуролли низони топиш қийин, балки йўқдир ҳам. Бир пайтлар у фақат совет жангчисининг ишончли шериги эди, Ғарб унинг кучини илк марта 1956 йили собиқ иттифоқ қўшини Венгриядаги исённи бостирган чоғи кўрган эди.

Кейин АК-47 қўлма-қўл бўлиб кетди. Биринчи рақамли террорчи Усама бин Лодин АК-47дан ўқ узаётган фотосуратлар сақланиб қолган. Ироқ президенти Саддам Ҳусайнни америкаликлар ҳибсга олишганида унинг ёнида иккита АК-47 бўлган.

«Оммавий қотил»

Хуллас, Калашников автомати — «оммавий қотил». Айрим маълумотларга кўра, ҳар йили ўртача 250 минг киши бевосита АК-47 да етказилган жароҳатлар оқибатида дунёдан кўз юммоқда.

Автомат конструкцияси анча эскирганига қарамай, ҳамон қарийб 50 та миллий армия АК-47дан фойдаланяпти: Хитой, Миср, КУба, Судан, Сурия, Эрон, Ироқ...

Албатта, йиллар давомида автомат такомиллашиб борди (модификафиялари сони 200 тадан ошади), бироқ асосий конструктив элементлари ўша-ўша, 1947 йилдан бери бирон ўзгаришга учрамаган.

АК-47 турли жанг майдонларига у ёки бу йўллар билан кириб борган. 70-йиллардан бошлаб Калашников автоматлари асосан урушларга «ташланмоқда». Масалан, 70 ва 80-йилларда АҚШ Марказий разведка бошқармаси шўро қўшинлари билан курашаётган Афғонистондаги мужоҳидларга юз минглаб, балки миллионлаб АК-47ларни етказиб берган.

Америкаликлар ҳам ишлатишган

Автомат турли минтақа ва шароитларда синовдан ўтган, айниқса, Яқин Шарқнинг қумли саҳроларида ҳеч қачон панд бермаган. Ҳатто 2000-йилларда Ироқ ва Афғонистонда уруш ҳаракатларини олиб борган Америка ҳарбийлари ҳам қўлларидаги М-16 автоматларини ташлаб АК-47лардан фойдаланишган, чунки бу қурол чанг ва қумга яхши дош берган.

2007 йили Ироқда бу мамлакатнинг қуролли кучларини тузиш чоғи АҚШ қўшинлари уларни АК-47 автоматлари билан қуроллантиришган (буларнинг кўпини америкаликлар Иорданиядан сотиб олишган) эди. Бироқ орадан кўп ўтмай уларнинг Калашниковлари ўрнига ўзларининг М-16ларини беришга мажбур бўлишди, чунки аксарият АК-47лар Америкага қарши исёнчи гуруҳлар қўлига ўтиб кетганди. АҚШ Ироқ уруши мобайнида шу тариқа 110 мингта Калашников автоматини «йўқотиб қўйган».

Ироқ мавзусидан четлашмаган ҳолда яна бир фактни эслаш ўринли: 2004-2005 йилларда бевосита Пентагон (АҚШ Қуролли Кучлари) бошчилигида ва НАТО кучлари розилиги остида 350 мингтадан зиёд АК-47 Босния ва Герцеговинадан Ироққа келтирилган. Собиқ Югославияда 90-йилларда кечган урушлардан сўнг юз минглаб Калашников автоматлари криминал ва террорчи гуруҳлар қўлига ўтиб кетиб «йўқолган».

Бу қуролнинг жаҳондаги ноқонуний савдо айланмаси йилига 1,7 — 3,5 миллиард долларга етади, яъни худди шу қурол қонуний савдоси айланмасининг 10 — 20 фоизи атрофида. Йилига миллионтагача янги АК-47 ишлаб чиқариляпти, демакки, яна бир неча ўн йиллар оловли ҳудудлар ва жиноий тўдалар ўзаро ҳисоб-китобларида у кўпларнинг бошига етади.

Қуролга сажда

Замонамизнинг ҳеч бир қуроли АК-47чалик машҳур эмас. Ҳатто шунчаликка бориб етдики, Африканинг Мозамбик мамлакати уни ўз байроғи ва гербига жойлади. АК-47 шунингдек Шарқий Тимор гербига туширилган. Аксарият партизанлик, террорчилик, ҳарбий ва ярим ҳарбий тўдаларнику қўяверасиз.

Мозамбик байроғи ва герби.

Европа ва АҚШда Калашников автомати биринчи навбатда «Совуқ уруш» ва Шарқий блок тимсоли сифатида гавдаланса, дунёнинг бошқа нуқталарида, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда АК-47 миллий-озодлик, мустамлакачилар ва империалистларга қарши кураш рамзига айланган.

АК-47 дунёни ўзгартиргани рост. Аммо яхши томонгами ёки ёмонига? Бир ҳақиқат қўлида ҳимоячи бўлган бўлса, бир бечораларнинг қонини тўкиш учун ишга солинган. Унинг ёрдамида озод этишган ва босиб олишган, ҳимояланишган ва шафқатсизларча ўлдиришган. Хўш, Калашников автомати нима берди? Очиғи, ҳеч нарса. Шунчаки темир, тилсиз, жонсиз матоҳ. Ҳаммага гап у кимнинг қўлида эканида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг