Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ ўз ерини сотармиди? (1-мақола)

АҚШ ўз ерини сотармиди? (1-мақола)

Фото: «tsn.ua»

Гренландия музликларининг эриши Арктика минтақасининг стратегик ролини оширмоқда. Янги савдо йўллари очилмоқда, дунёдаги энг йирик оролнинг табиий ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари пайдо бўлаяпти.

Бу эса Даниянинг мулки ҳисобланиб келган Гренландияга кўз олайтирувчи кучларни фаоллашувига олиб келди. Улар орасида Қўшма Штатларнинг интилиши ўта жиддийга ўхшайди.

АҚШ президенти август ойи ўртасида Гренландияни сотиб олиш истаги борлигини очиқ билдирган эди.

«Биз Дания билан яхши иттифоқчимиз. АҚШ дунёнинг катта қисмини, жумладан, Данияни ҳимоя қилиб келади. Оролга эгалик ғояси пайдо бўлди ва мен албатта, сотиб олар эдим. Бу харид тарихда кўчмас мулкнинг энг йирик шартномаси бўлар эди», дея изоҳлайди ўз фикрини президент Д.Трамп.

У ҳатто Оқ уй ҳуқуқшуносларидан бу режани ҳуқуқий экспертизадан ўтказишни сўраган. Айрим маслаҳатчилар бу фикр иқтисодий мақсадга мувофиқлигидан жар солса, айримлари бу президентнинг истаклари халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид эканига ишонтиришмоқчи бўлди.

Дания эса буни ҳазил деб қабул қилмоқда. Бош вазир Метте Фредериксен эса «Sermitsiaq» газетасига берган интервьюда уни сотилиши эҳтимолдан анча йироқлигини, АҚШ етакчиси сўзлари «абсурд» эканлигини яширмади ва шундай деди: «Гренландия данияликларники эмас. Гренландия гренландияликларники. Умид қиламанки, бу режа жиддий эмас. Шу билан бирга Трамп жаноблари билан даҳанаки жанг қилиш ниятим ҳам йўқ».

Даниялик бошқа сиёсатчилар ҳам йўқ жойдан чиққан чақмоққа бир четда жим ўтиргани йўқ. «Бу 1 апрел ҳазили бўлиши керак эди. Аммо ҳозир йилнинг бутунлай бошқа вақти», дея хавотир билдирди мамлакат собиқ бош вазири Ларс Локке Расмуссен.

Дания халқ партияси вакили Серен Йесперсен Трамп таклифини кулгули деб атаб, Дания 50 мингдан ортиқ фуқароларини АҚШга сота олмаслигини айтиб ўтди. «Агар у ҳақиқатдан бундай режа ҳақида ўйлаётган бўлса, бу унинг ақлдан озганининг узил-кесил тасдиғидир», дея таъкидлади.

Консерватив халқ партиясининг Гренландия ишлари бўйича вакили Расмус Ярлов эса ўз ижтимоий тармоғида «Бизнинг автоном ҳудудимизни ҳеч қандай сабабсиз Трамп сотувга қўйиш ҳақида ўйлаяпти. Шундан кейин устимиздан кулиб, барчамиз ҳозирлик кўрган расмий ташрифни ҳам бекор қилиб юборди. Айтинг-чи, АҚШ ўз ерини сотармикан? Масалан, Аляскани?»

Дания собиқ адлия вазири, Либерал партия вакили Сорен Пинд эса Трампга масалан, Швецияни ҳам бир сотиб олишга уруниб кўришни таклиф қилди.

Caption

«Умид қиламанки, бу ҳазил. Умуман олганда бу қўрқинчли ғоя. Гренландияни қуролланиш пойгасига тортади, аҳоли учун мустақилликни чеклайди, Дания учун улкан йўқотиш бўлади», деб ёзади ўз «Twitter»ида Радикал партия вакили Мартин Лидегорд.

Аммо энг қизиғи Дания қироллик оиласи Америка етакчисининг ниятини ижобий баҳолади. Қиролича Антония Шаумбург-Липпе ва шаҳзода Марио Макс Шаумбург-Липпенинг маълум қилишича, улар бу масала бўйича автономия аҳолисининг ҳар қандай фикрини қўллаб-қувватлашади.

Гренландия сиёсатчилари ҳам ўз ҳайратини яширмаяпти. «Агар Трамп жаноблари Гренландияни сотиб олиш бўйича муҳокама олиб боришни истаса, Данияга эмас, мана, бизга келсин», дейди оролнинг собиқ бош вазири Хаммонд.

Маҳаллий сўллар ҳаракати ветерани Аккалук Линге эса киноя қилиб, «Трамп билан чиққан жанжал данияликлар ва гренландияликлар бундан кейин бир-бирини янада кўпроқ қадрлашига ундайди», деди.

Гренландия ташқи ишлар вазирлиги эса Трампнинг фикридан ғазабланди. «Гренландия қиммабаҳо ресурсларга, жумладан минераллар, нефть, уран, олтин, рух, олмос, кўмир, молибден, темир, мис, тоза сув, муз, балиқ, денгиз маҳсулотлари, қайта тикланадиган энергияга бой. У сайёҳлик учун истиқболли йўналиш ҳисобланади. Орол бизнес учун очиқ, аммо олди-сотди учун эмас», дея баёнот берди.

Трамп эса европалик иттифоқчисининг бу кескин қароридан очиқ хафа бўлди ва 2-3 сентябрда Данияга режалаштирилган расмий ташрифини номаълум муддатга қолдирди.

Трамп аввалига ўз «Twitter»ида Гренландиядаги кўплаб бир этажли уйлар орасида «Trump Tower» осмонўпар биносининг суратини жойлаб қўйган эди. Кейин эса жаҳли чиқиб унинг тагида бу бино оролда ҳеч қачон қурилмаслигига ваъда қилди.

Трумэн 100 миллион доллар таклиф этган...

Шимолий муз ва Атлантика океанлари оралиғида жойлашган орол 2,1 миллион квадрат километрга ҳудудга эга. Уни 10-асрда Исландиядан келиб қолган викинглар очган эди.

Оролни Дания 1536 йилда мустамлакага айлантирган. Унинг мустамлака мақоми 1953 йилда бекор қилинган. 1973 йилда Дания билан бир вақтда автоматик равишда Европа Иттифоқига кирган. 1978 йилда Дания парламенти унга автономия мақомини берди. 1982 йили кўплаб гренландияликлар референдум чоғида Европа Иттифоқидан чиқишга овоз беришган. 2008 йилдаги референдумда орол кенг автономия олди.

Аҳолисининг 90 фоизи гренландия эскимослари (инуитлар) ва улар маҳаллий калааллитлар тилида суҳбатлашади. 10 фоизи эса данияликлар ва бошқа европаликлардир.

Гренландия – Данияга ассоциалашган ҳудуд бўлиб, кенг автономия мақомига эга. Гренландия ҳукумати барча ички масалаларни ўзи ҳал қилади. Дания эса мудофаа ва ташқи сиёсатини умумий назорат қилиб келади.

Қолаверса, Дания ҳар йили 56 минг аҳолига эга Гренландия бюджетининг 60 фоизини қоплаб келмоқда. Яъни ҳар йили 640 миллион доллар дотация бериб келади. Даниянинг ялпи ички маҳсулоти 170 миллиард доллар бўлиб, ажратаётган кўмаги унинг бюджети учун ортиқча қийинчилик туғдирмайди.

Гренландия

Боз устига, Трампнинг бир қарашда янгидек туюлган ғояси Вашингтоннинг илк уруниши эмас. Ўзи АҚШ учдан бир ҳудуди Испания, Франция, Мексика ва Россиядан сотиб олган.

Гренландияга эгалик қилиш масаласи Давлат департаменти томонидан 1867 йилда ҳам муваффақиятсиз тарзда бир кўтарилган эди. 1917 йилда Вашингтон айнан Даниядан Виржиния оролларини 25 миллион долларга (ҳозирда тахминан 500 миллион долларга тенг) сотиб олган эди.

Иккинчи жаҳон урушида Данияни фашистлар Германияси босиб олгач, стратегик нуқта ҳисобланган Гренландия немислар қўлига ўтмаслиги учун АҚШ унга вақтинча ўз ҳарбийларни киритди ва эгаллаб олди.

1944 йилда Гренландияда 5800 нафар америка контингенти бўлиб, улар ўша пайтда жами аҳолининг 25 фоизини ташкил қиларди. Уруш ниҳоясига қадар АҚШ армияси 14 та метеостанция қурди, бир вақтнинг ўзида бу даврга қадар бунёд этилган 13 та Дания станциясига ҳам хизмат кўрсатишди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин, 1946 йилда АҚШ президенти Гарри Трумэн оролнинг СССР билан «совуқ уруш»даги аҳамиятини яхши англаган ҳолда, уни тўлиқ сотиб олиш учун Дания ҳукуматига 100 миллион доллар таклиф қилди. Бироқ кескин рад жавобини олгач, масала кун тартибидан олинган эди.

Шундан сўнг Дания оролдаги барча асосий илмий институтлар ва тадқиқот объектлари устидан назоратни тиклади. АҚШнинг бу ердаги илмий фаолияти ва ҳарбий ҳаракатлари фақат Дания розилиги билан амалга оширилиши қатъий белгиланди.

Лекин СССР билан зиддият қизиб борар, оролнинг ҳарбий аҳамияти кескин ўсган эди. 1951 йилда бу ерда АҚШ Туле ҳарбий базасини қурди, 1954 йилда Кэмп Тутода илмий база очди. Кейинроқ Даниядан сўраб ўтирмасдан Кэмп Сенчури базасини яратди. Бу эса икки иттифоқчи ўртасида анчайин сиёсий тушунмовчиликларни юзага келтирди. Бу ерда америкалик геофизиклар сейсмология, метеорология, иқлимшунослик, гляциология, геомагнетизм соҳаларида муҳим тадқиқотларни олиб боришарди.

АҚШ оролда 1959 йилда бошланган «Муз чувалчанги» лойиҳаси доирасида музнинг 8 метрлик остки қисмида 4 минг километрга чўзиладиган туннелларда 600 та учишга тайёр бўлган ядро ракеталарини жойлаштириш лойиҳаси устида махфий ишларни олиб борди.

У тўлиқ ишга тушгач, бу ерда 11 минг ҳарбий барча шароитлар қулай бўлган муҳитда яшаши кўзда тутилган эди. 1966 йилда у ёпилгунига қадар 3 километр узунликдаги 21 та тоннел бунёд этиб бўлинган эди. Ҳарбий қурол ва аслаҳалар шакл-шамойили ўзгариб, узоқ масофага учадиган стратегик баллистик ракеталарнинг пайдо бўлиши билан лойиҳа ўз қимматини йўқотди ва ишлар тўхтатилди. Боз устига муз деворларининг эриб кетиши кузатилди.

1968 йил январда Туле базасига қўниш чоғида бортида 4 та водород бомбаси бўлган B-52 стратегик бомбардимончи самолётининг ҳалокатга учраши инсоният учун чинакам фожеа бўлди. Унинг портлаши натижасида радиоактив чиқиндилар муз остига тушиб кетди. Махсус операция чоғида учта бомба қолдиқлари топилган бўлса-да, биттаси дом-дараксиз ғойиб бўлган эди. Бу экологияга ўнглаб бўлмас зарар етказди.

Ваҳоланки, 1957 йилдаёқ имзоланган халқаро шартномага мувофиқ Гренландия ядро қуролидан ҳоли ҳудуд деб эълон қилинган, унинг на ер устида, на ҳаво кенгликларида бу қуролни олиб юриш тақиқланган эди.

Дания жамоатчилиги ядро тадқиқотлари ҳақида 1997 йилга келибгина хабар топди ва бу аҳолининг кескин норозилигини келтириб чиқарди.

Руслардан қўрқса қўрққилик...

Гренландия аллақачон қудратли давлатларнинг Арктикадаги геосиёсий ўйинида муҳим шахмат тошига айланиб улгурди.

Агар АҚШ уни қўлга киритса, бу минтақадаги ҳарбий иштирокини сезиларли даражада кенгайтира олади. Чунки ҳозир Арктика йўналиши бўйича ҳарбий устунлик Россия қўлига ўтди.

Россия «Арктика учбарги» минтақасидаги Франц-Иосиф ерида ўзининг энг шимолий базасини кенгайтира олди. Бу ердаги аэродром Ил-78 оғир самолётини қабул қилишга тайёр қилиб қўйилди. Ушбу самолётлардан ҳавода қирувчи ва бомбардимончи самолётларга ёнилғи қўйиш учун кенг фойдаланилади.

Бир пайтлар фақат қутқарув мақсадларида деб қараб келинган рус кучлари бугун бу совуқ ҳудудларда ҳар қандай ҳарбий топшириқларни ҳам беками кўст бажаришга қодир армияга айланди, дейишмоқда экспертлар.

Россиянинг оролга ёндош Шпицберген архипелагидан шарқда жойлашган Нагур оролида янги қирувчиларини жойлаштириши Гренландия осмонига кириб бориш имкониятини кенгайтирди. 2013 йилдан буён рус учоқлари ҳаво кенгликларига яқинлашиши муносабати билан уларга жавоб сифатида Дания қирувчилари 184 маротаба ҳавога кўтарилганини ўзиёқ Москва НАТО иттифоқчиларининг қитиқ патига қанчалик кўп тегаётганини тасдиқлайди.

Бошқа томондан, 2014 йилда Россия «Шимол» бирлашган стратегик қўмондонлиги – Арктика қўшинларини тузди. Арктикада янги ҳарбий базалар ва аэродромлар қурмоқда. Музёрарлар флотини яратди. Улар сони қирқта бўлиб, кейинги йили 70 минг тонна сиғимдаги юкларни кўтаришга ва ҳатто тўрт метрлик музни ҳам ёриб ўтишга қодир янги кемалар денгизга туширилади. АҚШда эса музёрарлар сони атиги 2 тадир.

Шу тариқа орол осмонида Россия ҳарбий учоқларининг назорат ва стратегик учишларни амалга ошираётгани, денгизда эса сув усти ва сув ости флоти янги авлоди яратилгани Дания ва Пентагонни ҳушёр торттириб қўймоқда.

Шимолий қутбдан 1000 километр олисдаги АҚШнинг Туле ҳарбий базасида замонавий радиолокация тизимлари ўрнатилган бўлиб, қитъалараро баллистик ракеталар учишини барвақт аниқлашга хизмат қилади. База АҚШ ракетага қарши глобал мудофаа тизимининг муҳим халқаси ҳисобланади. Россиянинг жуда катта тезликда ҳаракат қилувчи ракеталарининг АҚШга Арктика бўйлаб учиб келиши эҳтимоли камайтиради.

Бу камлик қилган кўринади. Пентагон ўтган йили бу минтақада океанда 1950-2011 йилларда фаолият кўрсатган 2-флотини қайта тиклади, 1997 йилда ёпилган Аляскадаги Адак базасини қайта фойдаланишга туширмоқда.

«Ким Гренландияни назорат қилса, Арктикани назорат қилади. Бу Арктикадаги, эҳтимол бутун дунёдаги энг стратегик муҳим нуқтадир», — дейди АҚШнинг Ньюпортдаги ҳарбий-денгиз коллежи Арктика тадқиқотлари гуруҳи раҳбари Уолтер Бербрик.

Бу қизғин жараёнларни кузатиб бораётган Даниянинг ўзи ҳам ғимирлаб қолди. Дания мудофаа вазири Трина Брамсен хоним тез орада Гренландияда мамлакатнинг қирувчи самолётлари жойлаштирилиши мумкинлигини эълон қилди. Бироқ бунинг учун салмоқли молиявий капитал ва янги сиёсий шартномалар зарур бўлади.

«Ҳозирги пайтда рус қирувчилари Гренландия ҳаво кенгликларида тўсиқсиз ҳаракат қилиши мумкин. Шу сабабли бу режамиз маъмурий эмас, сиёсий қарордир. Аммо у фавқулодда тайёргарликни талаб қилади. Бундан ташқари, биз Гренландияни халқаро зиддият миниумум бўлган ҳудудга айлантириш ниятидамиз».

(Давоми бор)

А.Ҳасан ўғли, халқаро шарҳловчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг