Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Африка: 22-аср тақдири кимнинг қўлида?

Африка: 22-аср тақдири кимнинг қўлида?

Африканинг сунъий йўлдошдан кўриниши.

Фото: «Regnum»

Агар сизни бутун дунё келажаги қизиқтирса, диққатингизни Африкага қаратишингизга тўғри келади. Келинг, тафсилотларни аниқроқ далиллашдан бошласак, масалан, Африка демографиясидан.

БМТ прогнозига кўра, 2050 йилга бориб Африка қитъаси аҳолиси икки бараварга кўпайиб, 2,4 млрд. кишига етади. Асримиз якунида эса 4,3 млрд. кишига етиши кутилмоқда. Бу вақтга келиб жами инсониятнинг қарийб учдан бир қисми Африка қитъасида яшаётган бўлади, деб ёзади Афшин Молави «Syndication Bureau» нашри учун ёзган мақоласида.

21-аср Осиё асри бўлади, деб кўп гапиришади, бироқ жорий аср охирига бориб Африка Осиёни деярли қувиб етади. Унда 22-асрни Африка асри бўлади, дейиш мумкинми?

Африка мураккаб йўлни босиб ўтишига тўғри келади. Бу қитъанинг айни вақтда, шунингдек, келгусида дуч келадиган энг катта муаммоларидан бири янги иш ўринларини яратиш бўлиб қолаверади. Африка тараққиёт банки маълумотига кўра, Африка аҳолиси 2,4 млрд кишига етганида, унинг тахминан учдан бир қисмини ёшлар ташкил этади. Бу эса 800 млн.та янги иш ўринларига эҳтиёж туғилишини англатади.

Африкалик болакай. Фото: «Regnum»

Африка тараққиёт банки кейинги ўттиз йил мобайнида қитъа аҳолиси ўсишини «секин ҳаракатга келувчи бомба»га қиёслади. Шунинг учун ҳам эркин савдо бўйича янги Африка минтақавий келишуви (AfCFTA) ҳаётий муҳим аҳамиятга эга деб топилди. Битимни қитъадаги 55 мамлакатдан 54 таси (Эритреядан ташқари) имзолади, янаги йилнинг 1 майидан кучга киражак бу муҳим ҳужжат 1995 йили Жаҳон савдо ташкилоти тузилганидан кейинги дунёдаги энг йирик эркин савдо зонаси барпо этилишига олиб келади.

Хорижлик сармоядорлар кўпинча Африка ичида савдо-сотиқ йўқлигидан нолишади, бу кичикроқ мамлакатларга сармоя киритилишига тўсқинлик қилади. Аҳолиси қарийб 200 млн. кишини ташкил этувчи Нигерия сармоядорларни ўзига жалб этади; аҳолиси 20 млн.дан сал кўпроқ қўшни Нигер эса уларни унчалик қизиқтирмайди.

AfCFTA — бу ўринли асос, бироқ тезроқ инқилоб содир бўлишини кутиб ўтириш ярамайди. Улкан тўсиқлар ҳали-ҳануз сақланиб қолмоқда. Асосан ривожланаётган давлатлар ўртасида имзоланган бундай миқёсдаги эркин савдо бўйича келишув фақат бир неча йиллардан кейингина фойда келтириши мумкин. Бироқ ЕИ ва Қўшма Штатларнинг айрим ҳудудларида ўсиб келаётган антиглобалчилик кайфияти фонида AfCFTA кучли ва зарур посангига айланиши мумкин.

Бугун Африка аҳолисининг ўртача ёши 20 га тенг. Таққослаш учун: иқтисоди ривожланган ЕИ, АҚШ ва Японияда медиана (ўртача ёш) 42 ни ташкил этади. Улкан миқдордаги ёш аҳолини инобатга олиб, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Африка мамлакатлари 2035 йилгача ҳар йили 18 млн.тадан янги иш ўринларини яратишига тўғри келади.

Хитой африкаликларга иш ўринлари очмоқда. Фото: «Rdrevilo»

Бу иш ўринлари қаердан келиб чиқади?

Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш асрида кам малакали ва ярим ихтисосли иш ўринларини роботлар эгаллайди. АҚШ билан Хитой ўртасидаги давомли савдо уруши Африкадаги вазиятни чигаллаштиради. Хитойнинг Африка хом ашё товари йирик импортчиси сифатидаги роли, шунингдек, АҚШнинг тўғридан-тўғри хорижий сармоядор борасидаги ўрни ҳаётий муҳимлиги ҳисобга олинса, Вашингтон ва Пекин ўртасидаги савдо мунозараси Африка қитъаси учун жиддий оқибатларга олиб келиши муқаррар.

Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор. Африка тарихида самарали иқтисодий ўзгаришлар ҳам кузатилган. Ёш африкалик тадбиркорлар инновациялар яратиб, уларни татбиқ этишмоқда, йирик Африка корхоналари эса регионал даражага кўтарилишди ва глобал даражага чиқишди. Бошқа томондан, ўрта синфнинг ўсиши қитъадаги катта-катта шаҳарларда «истеъмол портлаши»га олиб келди. Хорижий мадад қанчалик муҳим ўрин тутмасин, Африканинг етакчи давлатлари худди дунёнинг бошқа мамлакатлари каби иқтисодий ўсиш хусусий сектор қўл остида таъминланишига эҳтиёж сезмоқда.

Ҳозирги кунда «Глобал жануб»га сармоя ва савдо-сотиқнинг ўсиши ҳал қилувчи аҳамият касб этиб боряпти. «Глобал жануб» мамлакатлари қачон Ғарбдан ёрдам келаркин деб қўл қовуштириб ўтиришгани йўқ, уларнинг ўзлари бошқа ривожланаётган бозорлар билан ҳамкорлик йўлларини қидиришга киришиб кетишган.

Дубай қайсидир маънода «Африка Майамиси» бўлиб қолди: Африка бизнеси, савдо-сотиғи, молия ва туризми учун йирик марказга айланди, БАА ташкилотлари эса Африка иқтисодиёти учун йирик сармоядорларга айланишди. Абу-Даби ва Дубайнинг «Etisalat» ва «Emirates» каби компаниялари Африка ичкарисигача кириб бориб, минтақавий савдо-сотиқнинг етакчи иштирокчиларига айланишди. Дунёдаги энг йирик порт операторларидан саналган «DP World» (унинг ҳам штаб-квартираси Дубайда) Африка қитъасидаги 8 та денгиз ва ички терминаллар бошқарувини ўз қўлига олган. Дубайнинг савдо-саноат палатасида жуда кўп сонли (12 мингта) Африка корхоналари рўйхатга олинган.

Дубай. Фото: «Regnum»

Саудия Арабистони яқиндаги сармоя режаси доирасида ЖАР нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё соҳасига $10 млрд. миқдорида йирик сармоя ажратганини маълум қилди. Саудия Арабистонининг йирик саноат корхоналари («Saudi Aramco», «SABIC» нефть-кимё компанияси кабилар) яратиш соҳасидаги тажрибаси қитъага татбиқ этилса жуда кўплаб янги иш ўринларини очиш мумкин бўлади.

Туркия ҳам сармоясини аямаяпти, хусусан, «Turkish Airlines» самолётлари Африка осмонида тобора кўпайиб боряпти. Марокаш Европа иттифоқини Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган мамлакатлар билан боғловчи ўзига хос ҳаво, молия ва таълим марказига айланиб бораётган бўлса, Миср йирик рақамли технологиялар маркази бўлиш учун ўз кучини техника соҳасида синаб кўрмоқда.

Шундай экан, Яқин Шарқни Африка билан боғловчи янада кенгроқ чегаралараро савдо ва сармоя оқимлари ҳар икки томонни бойитиши мумкин. Даврани каттароқ олиш керак. Ҳатто Дубай ҳам Дакардан кўп нарсаларни ўрганиши мумкин, Абу-Даби эса мўл-кўл тажрибасини бемалол Аддис-Абебага улашса бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг