Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

60 та хизмат — 60 хил қулайлик... Ягона портални ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Даврон Аҳмедов билан суҳбат

60 та хизмат — 60 хил қулайлик... Ягона портални ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Даврон Аҳмедов билан суҳбат

Ягона портални ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Даврон Аҳмедов.

Фото: «e-gov.uz»

Аҳолига янада қулайликлар яратиш, уларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш, давлат хизматларидан тўсиқсиз, шаффоф ва адолатли фойдаланишлари учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 2021 йилда бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Буларга аниқлик киритиш мақсадида, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Даврон Аҳмедов билан бўлган суҳбатимизда талабгорлиги юқори бўлган, Ягона порталда жорий қилиниши режалаштирилган янги хизматларга тўхталамиз.

– Давлат раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида 2021 йил охирига қадар электрон давлат хизматларини 60тага ошириб, уларнинг сонини 300тага, масофавий хизматлар улушини эса камида 60 фоизга етказиш зарурлиги таъкидланган эди. Бу нафақат топшириқ, балки қайсидир маънода масъулият ҳамдир, шундай эмасми?..

– Тўғри айтасиз, Республикамиз Президенти электрон ҳукумат соҳасига жуда катта эътибор қаратаяптилар. 2020 йил 5 октябрдаги «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг тасдиқланиши ҳам сўзимиз исботидир. Мазкур қарор доирасида ҳам 2021 йилда талабгорлиги юқори бўлган давлат хизматлари рўйхатини шакллантириш, тасдиқлаш ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жорий қилиш  белгиланган. Буларнинг барчаси Марказимиз зиммасига катта масъулият юклайди.

Бугунги кунда Марказ томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кўп сонли талаб ва таклифларини инобатга олган ҳолда, мавжуд давлат хизматларини таҳлил қилиш ҳисобига «2021 йилда давлат хизматларини устувор равишда электрон шаклга ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури» ишлаб чиқилди ва Бош вазир томонидан тасдиқланди. Ушбу дастурда жорий йилда Ягона порталда 60та давлат хизматларини жорий этиш белгиланган. Ушбу рўйхатдан асосан аҳоли томонидан кўп маротаба мурожаат қилинадиган, ижтимоий ҳимояга йўналтирилган, айниқса, тиббиёт тизими билан боғлиқ қатор электрон хизматлар ўрин олган.

Жорий этилувчи хизматларни қуйидаги йўналишларга бўлиш мумкин: фуқаролик, солиқ, тадбиркорлик, банк-молия, ижтимоий, телекоммуникация, кадастр, таълим ва бошқа соҳалар.

– Уларнинг бари янги бўладими?

– Бир қатор хизматларни янгидан жорий қилиш режалаштирилган. Лекин 60та хизматнинг ҳаммаси ҳам янги эмас. Ичида замон талабидан келиб чиқиб, аҳолига янада қулайликлар яратиш мақсадида аввалдан мавжуд бўлган, лекин соддалаштиришни, такомиллаштиришни тақозо этадиганлари, замонавий тил билан айтганда, айрим хизматлар БПР (Business process reengineering) қилинади, яъни оптималлаштирилади.

– Ҳозирги кунга келиб топшириқда белгиланган 60та электрон хизматлардан қайсилари ЯИДХПда ишга туширилган? 

– Ушбу дастур чиққанидан бери шу кунга қадар Марказ ходимлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, қуйидагилари ишга туширилиб, юридик ва жисмоний шахслар томонидан фойдаланиб келинмоқда:

  • COVID-19га вакцинациялаш (эмлаш) учун рўйхатга ёзилиш ёки бошқа маълумотларни олиш;
  • Фуқароларни республикадан чиқишда коммунал ва бошқа хизматлардан қарздорлиги (чеклов) мавжудлигини текшириш хизмати;
  • Ер ости сувларидан махсус фойдаланиш ёки уларни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш;
  • Гидрогеологик хулоса бериш;
  • Ер ости қудуқларини бурғулаш учун рухсатнома олиш;
  • Тадбиркорлик субъектлари автомототранспорт воситаси конструкциясини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаганлиги ёки тугатганлиги ҳақида хабардор қилиш;
  • Автомобиль йўлларини, йўл иншоотларини, темир йўл кесишмаларини, автомобиль йўллари ва кўчалар бўйида жойлашган автомобилларга бензин қуйиш, газ тўлдириш ва газ қуйиш станцияларини қуриш, реконстуркция қилиш ҳамда таъмирлаш лойиҳаларини келишиш ва ҳоказолар.

– Зарурат бўлган ҳолатларда Ягона порталда чора-тадбирлар дастурида тасдиқланган хизматлардан ташқари бошқа электрон хизматлар ҳам жорий этилиши мумкинми?

– Албатта. Йил давомида турли ҳукумат қарорлари, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланган электрон ҳукумат хизматларини ишга тушириш ҳам асосий вазифаларимиздан биридир.

Худди шундай вазифалар сифатида яқинда ишга туширилган ва ёшлар ўртасида жуда талабгорлиги юқори бўлган «Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл олган ёшларга имтиҳон харажатларини тўлиқ қоплаб бериш хизмати»ни ҳам келтириш мумкин. Ушбу хизмат жорий йил 1 майдан ишга туширилди ва ҳозирги кунда 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида энг талабгор хизматлар сифатида эътироф этиляпти. Ҳозирги кунга қадар ушбу хизматдан фойдаланиш бўйича 400 та ариза келиб тушган.

Шунингдек, жорий йилда Молия вазирлиги билан биргаликда бюджет ҳисоби ҳисобчиси сертификатини олган жисмоний шахсларга бухгалтерия ҳисоби хизмати ходимларини тайёрлаш марказлари ўқиш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида компенсация тўлаб берилиши бўйича хизматни Ягона порталда жорий қилиш режалаштирилган.

– Назаримда, аҳоли ва тадбиркорларга янги электрон хизматлар рўйхатидан яна нималар ўрин олгани қизиқ...

– Бу рўйхатда юртдошларимизни йиллар давомида ўйлантириб келган «Фуқароликка қабул қилиш ва фуқароликдан чиқишга ариза топшириш хизмати»нинг ўрин олгани айни муддао бўлса керак. Авваллари турли идоралар эшиги ёнида сарғайиб ўтириш, жуда кўп маълумотномалар тўплаш, кейин навбат кутиш каби даҳмазалар одамларнинг кўнглини хира қиларди. Ҳозирги кунда бу тартиб анча енгиллаштирилган. Айниқса, хизматдан Ягона портал орқали уйдан чиқмаган фойдаланиш, ҳатто тегишли тўловларни ҳам амалга оширишнинг имкони борлиги бу катта натижадир. Жорий йиилнинг учинчи чорагида ушбу хизматни жорий этиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, йил давомида тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратиш, ортиқча оворагарчилик, бюрократия, қоғозбозликнинг олдини олиш мақсадида ҳамда license.gov.uz порталини ЯИДХПга интеграция қилиш ҳисобига янги хизматларни ишга тушириш режалаштирилган. Булар асосан лицензия бериш ва хабардор қилиш туридаги хизматлар ҳисобланади. Хусусан, жорий йилнинг 15 май санасига қадар қуйидаги давлат хизматлари ишга туширилди:

  • Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш фаолияти учун хабарнома юбориш; Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш фаолияти учун хабарнома юбориш;
  • Кўчма савдони бошлаш тўғрисида хабарнома юбориш;
  • Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлаш фаолияти учун хабарнома юбориш ва бошқалар;
  • Ўз-ўзини банд қилган шахсларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳоказолар.

– Энди бизга узоғимизни яқин қилаётган, қулай ва осон хизматларни тақдим этаётган, вақтимизни ва нақдимизни тежаётган Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳақида ҳам қисқача маълумот берсангиз.

– Ягона портал 2012 йил 30 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 378-сон қарори асосида ташкил этилиб, 2013 йилдан «бир дарча» тамойили асосида ишга туширилган. Фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 сентябрдаги 728-сон қарорида белгиланган низомга асосан амалга оширади.

Ҳозирги кунда ягона порталда юридик ва жисмоний шахсларга жами 254та электрон давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Жисмоний ва юридик шахслардан давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича жами 9.3 млн. ариза келиб тушган. Жумладан, маълумотномалар олиш, аризалар тўлдириш, хабарнома юбориш, рухсатномалар, турли хил гувоҳномалар, иш ҳақи, кредитлар тўғрисидаги маълумотномалар, никоҳдан ўтишга аризалар юбориш, хуллас, боғчага болаларни навбатга қўйишдан тортиб, тарбиркорликка лицензиялар олишгача бўлган хизматларни ўз ичига қамраб олган.

Шунинг учун ҳам портал фойдаланувчилари сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Масалан, биргина 2018 йилда улар сони 38 мингдан зиёдни ташкил этган бўлса, 2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, ушбу кўрсаткич ярим миллионга етди.

Бундан ташқари, аҳолининг кенг қатлами ва ёшлар ўртасида ЯИДХПни оммалаштириш учун унинг мобил иловасини ҳам ишга туширганмиз. Бугунги кунда мобил иловада 35та электрон давлат хизматлари мавжуд.

Лекин биз бу кўрсаткич билан чегараланиб қолмаймиз. Мобил иловадаги хизматлар сонини ошириш, қулайликлар яратиш, интерфейси ҳамда адаптациясини яхшилаш бўйича техник, ташкилий ва ҳуқуқий ишларни доимий равишда амалга ошириб, йил охирига қадар яна қўшимча 30га яқин электрон хизматларни жорий қилишни режалаштирганмиз.

– Яқин муддатларда шошилинч ишга тушиши керак бўлган хизматлар ҳам борми? Масалан, тегишли вақтда жорий этилса, кўплаб юртдошларимизга асқотадиган...

– Ҳозирги кунда шундай асосий режаларимиздан бири бу – 2021-2022 йилги ўқув йили учун олий таълим муассасаларига абитуриентлар томонидан ҳужжат топшириш жараёни. Айнан шу олдимизда турган долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Биламизки, август ойида барча олий таълим муассасаларига давлат имтиҳонлари бўлиб ўтади. Унгача ҳужжат топшириш босқичи бор. Карантиндан олдин жуда кўп абитуриентларнинг пойтахтга ёки бошқа йирик шаҳарлардаги олий таълим муассасаларига бир қатор ҳужжатларни кўтариб бориши, узундан узоқ навбатларда туришларини кузатардик. Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, бу йил ҳам ушбу амалиётни электрон равишда Ягона порталда жорий қилиш кўзда тутилган.

– Аҳолимиз банк билан боғлиқ жараёнларда ҳалигача ҳужжатбозликлар кўплигидан шикоят қилишади. Жумладан, кредит олиш учун мурожаат этилганида иш ҳақи, яна кредит тарихи ҳақида маълумотномалар. Ягона порталда шу каби хизматларнинг жорий этилиши ҳам кўзда тутилганми?

– Албатта, Ягона порталда сиз таъкидлаган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларни олиш хизматлари ишга туширилган. Иш ҳақи тўғрисида маълумотнома олиш учун турли сабаблар билан хонасида бўлмайдиган «бухгалтер»ларни излаб юрардик. Энди бу маълумотномани ҳар ким ўзи шакллантириши мумкин. Унда ойлик иш ҳақи, ундирилган даромад солиғи ва бошқа маълумотлар ҳам қайд этилган бўлади. Мазкур маълумотномага QR-код қўйилганлиги боис унинг электрон ёки қоғоз шаклидагисини исталган банк соҳасидаги хизматлардан фойдаланишда тақдим этиш мумкин. Шу билан бирга бемалол ойлик маошингизни кузатиб туришингиз, у ҳақда маълумотларга эга бўлишингиз мумкин.

Кредит тарихи бўйича маълумот олиш бўйича ишлар ҳам якунига етиб қолди. Тез орада ушбу хизматдан Ягона портал орқали фойдаланиш имконияти яратилади.

Шу ўринда аҳолига яна бир енгиллик берувчи хизмат ҳақида гапирмоқчиман, бу автотранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш. Биласизми-йўқми, аммо бу жуда оворагарчилиги катта, асаббузарлиги кўп жараёнлардан бири эди. Энди шу хизматни электрон кўринишда жорий этмоқчимиз. Яъни автотранспорт воситаларини онлайн рўйхатдан ўтказиш ҳамда давлат рақами ва техник паспортини ўзгартириш учун ариза юбориш, автотранспорт воситалари ойналари тусини ўзгартиришга рухсатнома каби хизматлар масофадан – ЯИДХП орқали амалга оширилади. Очиғи, буни ҳайдовчиларимиз учун энг зўр янгилик деб биламан.

Сўзим якунида бир нарсани аниқ айтиб ўтишим жоизки, Ягона портал аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик ва имкониятлар мажмуидир. Ягона портал жамоаси бу борада доимий изланишда.

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг