Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Яшашни хоҳласам, шифохонадан қочишим керак…»

«Яшашни хоҳласам, шифохонадан қочишим керак…»

У жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди ва 20 ёшида ногирон бўлиб қолди...

Фото: «ТАСС»

Гимнастикачи Елена Мухина 18 ёшида мутлақ жаҳон чемпиони бўлгач, 1980 йилги Олимпиада ўйинларига тайёрлана бошлади. У машғулотда хавфли усулни бажараётган чоғида бўйнини синдириб олди ва қолган умрини фалажликда ўтказди…

Тақиқланган усул

Москва олимпиадаси бошланишига атиги бир ой қолганида ҳам собиқ Иттифоқнинг ўша пайтдаги энг истеъдодли гимнастикачиси Елена Мухинанинг иштирок этиши сўроқ остида эди. Жароҳатлар, кучли рақобат, мураббий билан ўзаро тушунмовчилик — буларнинг бари Еленани орзудаги олтин медаллардан ажратиб турарди. Ўзимни қўлга олиб, кўпроқ машқ қилишим керак, деб ўйларди 20 ёшли Мухина.

Унинг устози Михаил Клименко спортчини терма жамоа таркибига қўшиш учун кетганида, Елена машғулотларни мустақил равишда бажаришга киришди. У рақиблари олдида ўзига бўлган ишончни орттириш мақсадида Томас салтосини бажаришга қарор қилди ва астойдил машқ қила бошлади.

Елена Мухина мураббийи Михаил Клименко билан
Фото: «ТАСС»

Кейинчалик тақиқланган бу элемент ҳавода айланиш ва мураккаб (540 градусда ярим салто) сакраш, ерга тушганда эса оёқ билан эмас, балки умбалоқ ошиш орқали бошнинг орқа пастки қисми билан тушишдан иборат.

Ҳалокатли элементни бажариш чоғида гимнастикачининг ҳаракати кўнгилдагидек чиқмади, унга баландлик етишмади, айланиш ҳам тўлиқ амалга оширилмади — у ноқулай тарзда чалқанчасига йиқилди. Мухинани дарҳол шифохонага олиб боришганида, шифокорлар даҳшатли ташхисни маълум қилишди: умуртқа бўйин қисмидан синган! Спортчининг орқа мияси эзилгани унинг исталган вақтда ҳаётдан кўз юмиши мумкинлигини билдирирди. Шунинг учун зудлик билан операция қилиш лозим эди. Бироқ, баъзилар Мухинани даҳшатли воқеадан уч кун ўтгач, бошқалар ўша куниёқ операция қилинганини айтишади. Нима бўлганда ҳам 20 ёшли истеъдодли гимнастикачи спорт билан бир умрга хайрлашди.

Қатъийлик эвазига ғалаба

Елена болалигиданоқ қаттиқ синовларга дуч келди. Беш ёшидаёқ ота-онасидан ажралган қизчани бувиси Анна Ивановна тарбиясига олди. Лена болалигида дугоналаридан фарқли равишда қўшиқчи бўлишни эмас, балки гимнастикачи бўлишни орзу қиларди. Мактабдаги тўгаракка ҳам у биринчилардан бўлиб аъзо бўлганди. «Бир куни дарсга спорт устаси Антонина Павловна Олежко кириб келди ва: «Ким гимнастика тўгарагига қатнашмоқчи бўлса, қўлини кўтарсин, деди. Мен қувонганимдан бақириб юборишимга сал қолди», — деб эслайди Мухина.

Қизча тиришқоқлиги ва интилувчанлиги сабабли мураббийларни лол қолдирди. Натижада ушбу мактабдан фақатгина уни «Динамо» спорт мактабига, мураббий Александр Эглит билан шуғулланишга таклиф этишди. Эглит МҲСКга ўтиб кетаётганда Ленани ҳам ўзи билан олиб кетди. Ўша ерда биринчи марта Михаил Клименкони учратди. Захирадаги подполковник, МҲСК гимнастикачиларининг бош мураббийси ҳисобланган Клименко бошқалардан ўзининг ҳарбийча феъл-атвори ва қаттиққўллиги билан ажралиб турарди. Бунгача фақат эркак спортчилар билан шуғулланган Клименко Мухинадаги иштиёқни кўриб, уни ўз тарбиясига олади.  Подполковник икки йил ичида истеъдодли қизчадан профессионал гимнастикачи етиштириб чиқарди.

Клименко 16 ёшли шогирдини жуда мураккаб дастурларга тайёрласа, Лена уни маромига етказиб ижро этарди. Улар 1976 йилдаги Монреал олимпиадасига миллий терма жамоа таркибида боришга умид қилишганди. Афсуски, Елена мусобақага ярим йил қолганида умуртқасидан жиддий жароҳат олди ва терма жамоа мураббийлари бошқа спортчиларга имкон беришди.

Жароҳатланган спортчи таслим бўлмай, ортопедик ёқа билан зўр бериб машқ қилишда давом этди. Клименко ҳам шогирдини иштиёқини кўргач, машғулотларни тақиқламади. Соғлиғига зиён етказиши мумкин бўлса-да, қиз жароҳатдан қутулди ва тезда ўзининг аввалги — юқори даражасига кўтарилди.

Қувончли дамлар

Мухинанинг тиришқоқлиги ўз самарасини берди. 1976 йили у Иттифоқ ва Европа чемпионатларида кўпкурашда иккинчи ўринни олди. Чехияда бўлиб ўтган қитъа биринчилигида эса учта олтин медални қўлга киритди. Айнан Прагада гимнастикачи кейинчалик унинг учун ҳалокатли якунланган Томас салтосини биринчи марта ижро этганди.

1977 йилда ғалабалардан руҳланган спортчи янада куч-ғайрат билан ишга киришди. У машғулотларга жон-жаҳди билан киришганидан унча-мунча жароҳатларга эътибор бермасди. Бир гал хавфли усуллардан бирини қўллаган Лена боши билан бурчакка урилади. Бироқ залдан кетишни ўйламай, онгсиз равишда дастурни охиригача етказиб қўяди.

Мухинанинг ҳаракатлари бесамар кетмади: у иттифоқнинг энг зўр гимнастикачисига айланди. 1978 йилда уни Франциядаги жаҳон чемпионатига юборишди. У ердаги натижа Лена учун спортдаги энг юқори чўққига айланди. Елена Мухина жаҳоннинг мутлақ чемпионига айланиб, собиқ Иттифоқ тарихидаги энг машҳур гимнастикачилар – Галина Шамрай, Лариса Латинина ва Людмила Турищевалар қаторидан ўрин олди.

Фото: «ТАСС»

Гимнастикачи Нелли Ким ўша жаҳон биринчилигини хотирлаб: «Лена Мухина мутлақ жаҳон чемпиони бўлди. Энг мураккаб дастур, юксак маҳорат, оҳиста ҳаракатлар ва албатта аёлларга хос назокат. Москвага қайтдик —октябр, куз, совуқ, бизнинг юрагимизда эса — баҳор, хурсандчилигимиз чексиз эди. Айниқса, Мухина ва Андриановни (Николай Андрианов — собиқ Иттифоқ терма жамоаси тарихидаги энг омадли гимнастикачилардан бири) ўзгача тантана билан кутиб олишди — ахир улар мутлақ чемпионлар эди!»

Мухина ўша чемпионатда руминиялик беш карра олимпия ўйинлари ғолиби Надя Команечини ортда қолдириб, тўртта финалдан учтасига йўлланма олди.  Брус ва ёғочда бажариладиган баҳсларда кумуш медални қўлга киритган Лена эркин услубдаги баҳсларда олтин медал учун икки карра Монреал олимпиадаси чемпиони Нелли Кимни ортда қолдирди.

Жаҳон чемпионатидан кейин Мухина ҳаётидаги энг асосий турнир — Москва олимпиадасига тайёргарликни бошлади. 1979 йилда у оёғини синдириб олди ва гипсда юрган чоғидаёқ мураббий Клименконинг қистови билан машғулотларни давом эттирди. Матонатли қизча турли предметларда ишлаганида сакраб ерга тушишни битта — соғ оёғида бажарарди.

Оғир машқлар натижасида синган суяклар яхши ўсмай қолди. Бироқ спортчи гипсдан халос бўлгач, икки ой ўтиб яна мураккаб машқларни бажаришни бошлади.

Интиҳонинг ибтидоси

Жароҳатдан тикланишга улгурмаган Мухина олимпияолди йиғинларда қатнашиш учун Минскка борди. Бу унинг профессионал фаолиятидаги сўнгги машғулотлар эди. Ленанинг болдир суяги, тиззаси ва қўли оғришдан тўхтамасди. Руҳий ҳолатига ҳавас қилиб бўлмасди. Атрофда у ҳақдаги миш-мишлар, яна бир марта олимпиададан қуруқ қолиши ҳақидаги гап-сўзлар кўпайгандан-кўпайган эди. Унинг атрофида ҳукм сураётган кескин атмосфера изсиз кетмади. Яқинларининг хотирлашича, ўша машъум жароҳатгача бўлган сўнгги кунларда гимнастикачи жуда қийналган ва кўп йиғлаган. Жаҳон чемпионининг кучи ҳар қанча ҳаракат қилмасин ҳатто ўзини бошқаришга етмаётган бир паллада, Клименко унга дунёдаги энг мураккаб дастурни бажаришга мажбур қилаётган эди.

Мураббий Олимпиада медаллари ҳақидаги орзулар билан авраб, Мухинани Минскда мустақил машқ қилишга кўндиради ва ўзи Мухинани мамлакат терма жамоасининг асосий таркибига киритиш мақсадида раҳбарият билан гаплашиш учун йўл олади. Кетишдан олдин Мухина ва Клименко ўртасида очиқ-ойдин суҳбат бўлиб, унда Лена дастурдан Томас салтосини олиб ташлашини илтимос қилади. Унинг айтишича, ҳаракатни бажариш учун унга тезлик ва баландлик етишмаётганини билдиради.

Фото: «ТАСС»

«Тушимда бир неча бор йиқилдим, — деб хотирлайди Мухина. — Мени қандай қилиб залдан олиб чиқишаётганларини кўрдим. Тушундимки, эртами-кечми бу содир бўлади. Ўзимни охири йўқ йўлакда қамчи билан қувиб кетилаётган ҳайвондек ҳис қилдим. Лекин яна ва яна залга қатнашда давом этдим. Балки шунинг ўзи тақдирдир. Тақдирдан эса ранжиб бўлмайди».

Айтишларича, Клименко кетиш олдидан Мухинага мустақил равишда Томас салтосини бажаришни тақиқлаган. Аммо Лена қалтис элементни бажаришга ҳаракат қилиб кўрган...

Ёлғизликда

Мухинанинг сўнгги йиқилиши кўпгина операцияларга сабаб бўлди. Қанчадир вақтдан сўнг унинг битта буйраги ишламай қолди. Шифокорлар ҳар сафар операциядан сўнг спортчини зўрға комадан чиқариб олишар эди. «Охири йўқ операциялардан кейин, яшашни хоҳласам шифохонадан қочиш кераклигини тушундим, — деган эди Мухина. — Ўшанда ҳаётга бўлган муносабатни бутунлай ўзгартириш лозимлигини англаб етдим: бошқаларга ҳасад қилмасдан ўзимда бор нарсалардан қувонишни ўргандим. Акс ҳолда ақлдан озиш ҳеч гап эмас эди».

Профессионал спортчилик фаолияти даврида бўлганидек, Мухина кейинги ҳаётида ҳам  охиригача боришга ҳаракат қилди. Оғриққа бардош бериб, мустақил равишда ўтиришни, ошхона анжомларини ишлатишни, босма ҳарфларда ёзишни ўрганди. Унинг учун ручкани ушлай билиш жуда муҳим эди. Чунки у олий маълумотли бўлишга аҳд қилганди. Бу борада ҳам у ғалаба қозонди — Москва жисмоний тарбия институтини муваффақиятли тамомлади.

Яқинларининг хотирлашича, собиқ спортчи жойидан қимирлай олмаса-да, тез-тез хаёлот оламига берилар, у ерда ўзини соғлом ва бақувват ҳис этарди.

Гарчи Елена Мухина бирор марта ҳам Олимпиада ўйинларида қатнашмаган бўлса-да, 1983 йилда унинг олдига ўша пайтдаги Халқаро олимпия қўмитаси президенти Хуан Антонио Самаранч келиб, олимпия ҳаракатининг олий мукофоти — Олимпия орденини топширди. Бироқ бир неча лаҳзалик мақтов, шон-шуҳрат собиқ гимнастикачини унчалик ҳам хурсанд қилмади. У журналистлар саволларига жавоб берар экан, тез орада яна ёлғиз қолишини биларди.

Мураббий Клименко шогирдининг фожеасидан сўнг дарҳол оиласи билан Италияга кўчиб кетади. Кейинчалик Москвага қайтиб, шогирди билан учрашмоқчи бўлганида Мухина рад жавобини беради. У устозини бўлган воқеада айбламаган бўлса-да, у билан учрашишни хоҳламайди.

Мухина 26 йиллик ҳаракатсиз ҳаётдан сўнг 2006 йилнинг 22 декабрида юрак фаолиятидаги етишмовчилик хасталигидан вафот этди. Афсонавий гимнастикачи 47 ёшда эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг