Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқаро мусобақада ҳарбийларимиз муносиб иштирок этишди (фото)

Халқаро мусобақада ҳарбийларимиз муносиб иштирок этишди (фото)

Халқаро армия ўйинлари доирасида Россия Федерациясида (Красноярск ўлкаси) ўтказилган «Саян юриши» мусобақасида бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларимиз муваффақиятли қатнашдилар. Мусобақада 7 давлатдан 8 та жамоа, яъни Ўзбекистон, Хитой, Россия, Россия аёллар жамоаси, Қирғизистон, Тожикистон, Абхазия ва Жанубий Осетиялардан вакиллар иштирок этди.

Совуқ Сибирь минтақасида бир неча кун давомида юртдошларимиз белгиланган шартлар бўйича ўзларини тобладилар. Бу ерда тоғ қояларининг тузилиши ўзгача, 50 км.лик маршрутни босиб ўтиш ҳам анчагина тер тўкишни талаб қилади. Боз устига, 12 та шарт бўйича кўрсатилган меъёрларни ҳам бажариш керак.

Мусобақалар бошланишидан бир кун аввал барча иштирокчилар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шундан сўнг ҳарбий либос, қўлланиладиган ускуна ва жиҳозларнинг низом талабларига қанчалик мослиги назорат қилинди. Иштирокчилар ва судьялар мусобақага шай, деб топилди. Қуръа ташлаш йўли билан жамоаларнинг қатнашиш ўрни аниқлаб олинди.

Кучли бўрон ва тўхтовсиз ёғаётган қор остида мусобақалар старт олди. Дастлаб иштирокчилар қор кўчкисида қолган ярадорни қидириш шартини бажаришди. Тасаввур қилинг, одам бўйи қор. Бора-бора кўз ўрганса-да, кишини биринчи кўришда сескантирди. Шундай вазиятда бир инсон қор кўчкиси тагида қолиб кетган. Зудлик билан топилмаса, ўлим хавф солиб турибди. Табиийки, қидириш пайтида зарар ҳам етказиб қўймаслик лозим. Бунда иштирокчилардан аниқ ва тезкор ҳаракат қилиш талаб қилинади. Ушбу шартда уларнинг нафақат жанговар ва жисмоний шайлиги, балки замонавий приборлардан фойдаланиш маҳорати ҳам маълум бўлади.

Гуруҳ таркибида жанговар ўқ отиш шарти ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлик даражасини намоён қилди.

Мусобақанинг 1-кунида ҳарбий хизматчилар 24,5 км масофани босиб ўтишди. Уларнинг юзларидаги ҳорғинликни забт этилган марра завқи босиб кетарди.

Сир эмаски, душман ҳеч қачон рақибига қулай муҳит танламайди. Имкон борича чалғитишга, қийнашга, чорасиз қолдиришга уринади. Тик қояга кўтарилиш ва тушиш машғулотлари эса ҳарбий хизматчиларнинг қалтис вазиятлардан чиқишига кўмаклашади. Бу шарт бир қадар таваккалчиликни талаб қилса ҳам иштирокчиларни довюрак қилиб тарбиялайди. Ностандарт вазиятларда тоблаб, жисмонан чиниқтиради. Ушбу машғулот жамоанинг жипсликда ҳаракатланиш кўникмасини ошириши билан ҳам аҳамиятли.

Душманни заиф билма, дейишади. Майдонга тушган рақиб жамоалар ҳам анойи эмас. Уларга нафақат мутахассис сифатида маҳоратни кўрсатиш, жанговар ва жисмоний тайёргарликни намойиш қилиш, балки мусобақа низомига мувофиқ ҳаракатланиш тартибини ҳам исботлаб туриш лозим. Бунинг учун эса жамоа раҳбари майор Зокир Яллакаев анчагина тер тўкишига тўғри келди.

Шиддатли бўрон билан бошланган мусобақа қуёш чарақлаб турган ҳолатда якунига етди. Бир-бирларига рақиб сифатида қараган жамоалар табассум билан биргаликда суратларга тушишди. Ахир улар 50 кмлик машаққатли йўлнинг заҳматини бирдек чекишди.

Натижаларга кўра Россия Федерацияси жамоаси 1-, Хитойлик вакиллар 2-, Ўзбекистонлик иштирокчилар эса 3-ўринни забт этди. Ғолиб ва совриндорларга медаль ҳамда Халқаро армия ўйинларининг эсдалик совғалари тантанали топширилди. Ҳарбий ансамбль ва оркестр, маҳаллий санъаткорлар иштирокида концерт дастури ташкил қилинди.

Таъкидлаш керакки, биринчи маротаба қатнашаётган бўлишига қарамасдан совринли ўринни қўлга киритиш юртимиз ҳарбий хизматчилари учун тажриба эгаллаш баробарида эътирофга арзигулик ютуқ бўлди.

Куни кеча Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида «Саян юриши» мусобақасида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган юрт ўғлонлари тантанали кутиб олинди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда мудофаа вазирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари полковник Қодиржон Турсунов ва бошқалар мамлакатимизда миллий армия қудратини янада юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Шундай эътибор натижасида Ватанимиз ҳимоячилари ҳар йили нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритаётгани алоҳида қайд этилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг