Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сульшер «Камп Ноу»га қайтмоқда, Мессидан гол кутамиз, «Аякс»нинг умиди, туринча ҳисоб-китоб: УЕФА ЧЛ 1/4 финали жавоб учрашувлари арафасида

Сульшер «Камп Ноу»га қайтмоқда, Мессидан гол кутамиз, «Аякс»нинг умиди, туринча ҳисоб-китоб: УЕФА ЧЛ 1/4 финали жавоб учрашувлари арафасида

Фото: «Sovsport.ru»

Бугун тунда Испания ва Италияда УЕФА Чемпионлар лигаси 1/4 финалининг иккита жавоб учрашуви ўтказилади. Меҳмонда кичик ҳисобдаги ғалаба (1:0) билан қайтган «Барселона» ўз майдонида «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилса, аввалги ўйинда муроса кўчасини танлаган «Ювентус» ва «Аякс» Туринда тўқнашади. Йигирма йил аввал худди шу стадион — «Камп Ноу»да манчестерликлар сафида «Бавария»ни тор-мор этган Уле-Гуннар Сульшер яна қайтмоқда. Лионель Месси олти йилдан бери давом этаётган чорак финаллардаги «қуруқ серия»га барҳам беришга уриниб кўради. «Ювентус»нинг икки нафар етакчисидан айрилгани «Аякс»га қўл келиши мумкин.

«Барселона» — «Манчестер Юнайтед»

«Манчестер Юнайтед» ўз тарихидаги буюк воқеа — Чемпионлар лигаси финалида «Бавария»ни енгган «Камп Ноу»га қайтмоқда. Йигирма йил олдинги бу ўйин тақдирида бурилиш ясаган «сеҳрли таёқча» — Уле-Гуннар Сульшер ҳамон «МЮ» таркибида, фақат энди у бош мураббий.

Қайсидир маънода тарих такрорланяпти: ҳисоб — 0:1, бироқ ҳозир «қизил иблислар» ихтиёрида бир неча дақиқа эмас, бутун бошли ўйин турибди. Аммо рақиб — «Барселона», каталонияликлар ҳали бирон марта ўз майдонида «Манчестер Юнайтед»га енгилмаган, ЧЛдаги бошқа рақиблар эса 12 ўйиндан бери бу ердан очко олиб кетолмаяпти.

Сульшер жамоаси бу мавсумда «энг хавфли меҳмон»лардан бири — «қизил иблислар» сўнгги тўртта ўйиннинг учтасини ютишди, шулардан иккитасида ғалабага сўнгги дақиқаларда эришилди.

«Элдан аввал суюниш» нималарга олиб келишини «Барселона» бош мураббийи Эрнесто Вальверде жуда яхши билади, Манчестердаги ҳисоб жуда нозик. Масалан, ўтган сафар «Рома» устидан қозонилган 4:1 ҳисобидаги йирик ғалаба ҳам етарли бўлмаганди, ўз уйида ирода намойиш этган римликлар кейинги босқичга йўл олди.

Чорак финаллар охирги йилларда Лионель Месси учун ҳам оғир кечяпти, 2013 йилдан бери шу босқичда гол урганмас. Охирги ўйинда Крис Смоллинг «қуруқ серия»ни тугатишга имкон бермади... Аммо энди баҳона кетмайди — Месси тикланишга улгурди, мухлислар гол кутишмоқда, қолаверса, у «инглизшунос» — Испаниядан ташқаридаги жамоалар орасида айнан шу мамлакат жамоаларига кўпроқ гол киритган — 22 та.

Ўтган ҳафта Вальверде Месси ва бошқа етакчиларга дам берди, «Уэска»га қарши ўйинда дарвозабон Марк-Андре тер Штегендан бошқа ҳеч ким ўзини кўрсата олмади. «Манчестер Юнайтед» эса миллий чемпионатда «Вест Ҳэм»ни 2:1 ҳисобида енга олди. Поль Погба ўн бир метрликдан гол урди. Манчестерликлар «Барселона» билан биринчи ўйиндаги автогол соҳиби, сариқ карточкалари сабаб Каталониядаги жавоб учрашувида майдонга туша олмайдиган ҳимоячи Люк Шоусиз ўйнашди.

«Ювентус» — «Аякс»

«Аякс» ва «Ювентус» мухлислари Амстердам кўчаларида ёқалашиб юрган бир пайтда, уларнинг севимли жамаоалари муроса кўчасини танлашди — 1:1. Роналду биринчи тайм охирида урган голга майдон эгалари иккинчи тайм бошида Нереснинг голи билан жавоб беришди. Давид Нереснинг голи «Аякс» учун 1997 йилдан бери армон бўлиб келаётган ярим финал эшиклари томон йўлни ёритгандек бўлди.

Амстердамликларга осон бўлмайди — барибир ҳозирги «Ювентус» бир бош баланд, кучли саккизта жамоа орасида уни кўп кўрамиз, кейинги босқичга қандай чиқишни билади. Қаторасига уч мавсумдан бери Чемпионлар лигаси кубогини эгаллаб келаётган «Реал» пойгадан чиқди, бироқ Роналду «Ювентус»билан бу имкониятга эга.

Бу мавсумда «Ювентус» уй ўйинида ўзини ўнглаб олишни эплаган, қайтанга ўша ўйин ҳозиргисидан қийинроқ бўлганди. Мадридда «Атлетико»дан мағлубият аламини (2:0) тотиб кўрган туринликлар жавоб учрашувида рақибни қақшатқич мағлубиятга учратишганди. Голландлар 45 йилдан бери «Ювентус»га келиб ғалаба қозонишмаган, охирги тўрт ўйин якунига кўра ҳам улар енгилишди. Бундай статистика амстердамлик мухлисларга умид бағишламаса керак.

Туриндаги ўйин арафасида «Аякс» етакчиларидан бири Френки де Йонг миллий чемпионат ўйинида олинган жароҳати сабабли Италияга келолмайди деган гаплар тарқалди. Бироқ бу гаплар қанчалик асосли? Негаки у жавоб ўйинида майдонга тушадиган ўйинчилар рўйхатига киритилди.

«Ювентус»да эса кадрлар муаммоси етарли. Ҳимоячи Жоржио Кьеллини сонидан олинган жароҳатдан тикланишга улгурмади, Марио Манжукични эса тиззаси безовта қиляпти. Асосий ўйинчилардан айрилиш қандай оқибатларга олиб келади — буни Италия чемпионатининг охирги ўйинлари кўрсатди. Чемпионлик деярли нақд бўлиб турган ўйинда «Ювентус» меҳмонда «СПАЛ»га ютқазиб қўйди (2:1). Мавсумдаги иккинчи бу мағлубият «Аякс»га қарши ўйин олдидан «Ювентус» ўйинчиларига далда бўлармикан?!.

Шуни ҳам унутмаслик керак, «Аякс» кимсан Реал»ни бу йилги Чемпионлар лигасидан бадарға қилди. Тўғри, бу «Реал» кучли эмас эди. «Ювентус» эса истаса натижа учун, истаса чиройли футбол ўйнай оладиган жамоа, буёғи фақат ғалаба учун майдонга тушадиган рақибга ҳам боғлиқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг