Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Sport TV» Ўзбекистон - Қирғизистон ўйинини жонли эфирда трансляция қилади

«Sport TV» Ўзбекистон - Қирғизистон ўйинини жонли эфирда трансляция қилади

Фото: Sport TV

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Қирғизистонга қарши ўтказадиган ўртоқлик ўйини «Sport TV» орқали трансляция қилинмаслиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Бунга сабаб сифатида терма жамоа бош мураббийи Вадим Абрамовнинг трансляцияга қарши бўлгани кўрсатилганди.

Кейинчалик бош мураббий трансляция амалга оширилишига розилик бергани маълум қилинди. Айни вақтда «Sport TV» Ўзбекистон - Қирғизистон ўйинини намойиш этишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда телеканал директори Зоҳид Каримов маълум қилиб ўтди.

«Аслида бу оддий хабар эди. Лекин баъзи ОАВлар Вадим Абрамов ёки бошқаларнинг гапларини негатив сарлавҳалар билан ёзиб, рейтингини кўтаришмоқчи бўлишди, шекилли.

Ўйин эгаси ЎФА. Улар рухсат берса, олиб кўрсатамиз. Улар томондан айтилдики, информацион лавҳалар, репортажлар бераверинглар, фақат тўлиқ трансляция бўлмасин. Сабабини эса мураббийнинг хоҳиши, дейишди. Шу туфайли биз уларга пешвоз чиқдик ва ТВ-дастурга ўйинни киритмадик.

Кейин айрим нашрлар, барчаси эмас, қайтараман, айрим нашрлар «Sport TV» телеканалидаги инсайдерларига таяниб хабар тарқатишди. Аниқ маълумот учун бизга ҳеч ким мурожаат қилмади. Энди эса ЎФА ва Вадим Карленович трансляцияга қаршилигимиз йўқ, дейишмоқда. Биз яна пешвоз чиқамиз уларга. Миллий жамоа ўйинини трансляция қилиш биз учун одатдаги ишимиз, бажонидил кўрсатамиз. Техника ва ижодий гуруҳимиз доим шай.

Трансляцияни амалга оширмаслик ташаббуси биз томондан бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Биз мухлислар учун ишлаймиз!

Умуман олганда, бош мураббий бундай илтимос билан чиқиши нормал ҳолат. Жаҳон футболида ҳам учраб туради. Шунинг учун биз бундан фожеа ясамадик, шов-шув кўтармадик, оддий қарадик. Қолаверса, ўйин ёпиқ эшиклар ортида ўтказилмайди. Истасангиз, стадионга боринг, истасангиз, мана «Sport TV» орқали томоша қилинг», — дейди «Sport TV» телеканали раҳбари Зоҳид Каримов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон - Қирғизистон ўртоқлик ўйини 9 ноябр, соат 17.00да бошланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг