Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Саудия Арабистони жамоаси совуқда Ўзбекистонга қарши қандай ўйнамоқчи?

Саудия Арабистони жамоаси совуқда Ўзбекистонга қарши қандай ўйнамоқчи?

Фото: Google.com

Саудия Арабистони бош мураббийи Херве Ренард жаҳон чемпионати саралаши доирасида Ўзбекистонга қарши кечадиган ўйин олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида иштирок этди ва журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

— Эртага бўладиган ўйининг аҳамияти жуда юқори. Биз Фаластинга қарши кечгани сингари яхши ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Гуруҳда биринчи ўринни олган жамоа кейинги босқичга 100 фоиз чиқади, иккинчи ўрин эгаси эса муаммоларга дуч келади. Биз эса муаммо бўлишини истамаймиз.

— Эртага бўладиган ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси сизга қандай муаммолар туғдириши мумкин? Жамоанинг кучли ва кучсиз томонларини айта оласизми?
— Ўзбекистон терма жамоаси Осиёда ўз ўрнига эга. Унга қарши ўйнаш ҳар доим қийин бўлиб келган. Бу жамоага қарши Марокаш бошқарувида ўйнаганман. Ўшанда ҳам бизга осон бўлмаган.

— Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ ўйинларини омадсиз бошлади. Аммо мураббий ўзгарганидан сўнг иккита ғалабага эришди. Рақиб сифатида бу ҳақда нима дея оласиз?
— Фаластинга қарши сафарда ўйнаш ҳар доим қийин бўлиб келган. Мен бу ўйинни кузатиб борганман. Ўзбекистон терма жамоаси Фаластинга қарши яхши ўйнаган эди, фақат гол ура олмаган эди. Биз ҳам шунга ўхшаш ҳолатга тушдик, сафарда Фаластин билан дуранг қайд этишга мажбур бўлдик.
Жаноб Купер жуда яхши мураббий, мен уни жуда ҳурмат қиламан. У кетгандан сўнг бошқа мураббий жамоага келди ва ғалабаларга эришди. Биз учун ёмон томони, гуруҳда қолган тўрт ўйиндан фақат биттасини ўз майдонимизда ўтказамиз.

— Эртага мухлислар стадионга кўп келиши кутилмоқда. Боз устига об-ҳаво ҳам сиз учун ноқулай. Мана шу омиллар Саудия Арабистонига салбий таъсир ўтказмайдими?
— Об-ҳаво эртага бизга ҳалал бериши мумкин, биз иссиқда ўйнашга ўрганганмиз. Тошкентга икки кун олдин келдик, бу ерда +3 даража ҳолос. Бу ҳолатда футболчиларимизга осон бўлмайди. Аммо шуни ҳам унутмайликки, жавоб ўйини июнь ойида, Жиддада бўлади. Бу вақтда Саудия Арабистонида жазирама бўлади. Ўшанда Ўзбекистон терма жамоасига ҳам осон бўлмайди.

— Сиз олдин Африка жамоаларини бошқаргансиз. Энди эса Осиёда ишлаяпсиз. Африка ва Осиё футболини ўзаро солиштира оласизми?
— Фақат жаҳон чемпионатидаги натижага қараб терма жамоалар кучига баҳо бериш мумкин. Саудия Арабистони эса охирги жаҳон чемпионатида Мисрни мағлуб этди. Шундай экан, бу жамоа жуда яхши савияда, деб айта оламан. Саудияда жуда кўп иқтидорлар бор. Эртага бўладиган ўйинда совуқ бўлади, деб айтдик. Демак, бундай об-ҳавода кўпроқ ва янада кўпроқ югуриш керак. Шунда ноқулай об-ҳавога қарши туриш мумкин бўлади.

— Ўзбекистон терма жамоасида ўйин услуби ва мураббий алмашиши сизга қийинчилик туғдириши мумкинми?
— Биз буни кўриб чиққанмиз, охирги ўйинларни ўрганиб чиқдик. Шундай экан, янгиланган Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйнашга тайёрмиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг