Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент ва Самарқандда Олимпия шаҳарчалари қурилади

Тошкент ва Самарқандда Олимпия шаҳарчалари қурилади

Ўзбекистонда ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди (2019 йил 14 май, 401-сон).

Қарор билан ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш учун муносиб инфратузилмани яратишга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди.

Дастурга кўра, халқаро нуфузли мусобақаларни юқори савияда ўтказиш бўйича жамғарма ташкил этилади, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Олимпия шаҳарчалари қурилади.

Эслатиб ўтамиз, навбатдаги XIX ёзги Осиё ўйинлари 2022 йил Ханчоу шаҳрида (Хитой), XX ёзги Осиё ўйинлари 2026 йил Нагоя шаҳрида (Япония) бўлиб ўтиши белгиланган бўлиб, 2030 йил XXI ёзги Осиё ўйинлари ўтказилиши жойи белгиланмаганлиги сабабли Ўзбекистон даъвогар сифатида Осиё Олимпия Кенгашига буюртма бериш имкони мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил, декабр ойида Олий мажлисга қилган мурожаатномасида ёзги Осиё ўйинларидан бирига мезбонлик қилиш бўйича ҳаракатларни бошлаш кераклигини айтиб ўтган эди.

Шундан сўнг Миллий олимпия қўмитасининг собиқ президенти Умид Аҳмаджонов Осиё Олимпия Кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабах билан учрашув ўтказганди. Учрашувда шунингдек, AIBA'нинг собиқ президенти Ғофур Раҳимов ҳам иштирок этди. Унда томонлар 2030 йилги Осиё ўйинларини Ўзбекистоннинг Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳарларида ўтказиш масалаларини муҳокама қилишган эди.

Эътиборли томони, куни кеча Умид Аҳмаджонов Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарлигидан истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси сифатида фаолият олиб борган Рустам Мавзурович Шоабдураҳмонов  сайланди.

Аввалроқ 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун шунингдек яна Қатар, Ҳиндистон ва Филиппин давлатлари ҳам даъвогарлик қилиши хабар қилинган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг