Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон халқаро «Танк биатлони» мусобақасида ҳамон 1-ўринда

Ўзбекистон халқаро «Танк биатлони» мусобақасида ҳамон 1-ўринда

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Бешинчи халқаро армия ўйинларининг диққат марказида турган «Танк биатлони» мусобақаси борган сари қизғин тус олмоқда. Кеча, 6 август куни иккинчи экипаж аъзолари ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди. 

Мазкур босқичда ҳам Т-72 Б-3 танкини бошқариш, тўсиқлардан ўтиш, белгиланган нишонларни яксон қилиш ва имкон қадар қисқа муддатда финиш чизиғига етиб келиш вазифаси юклатилди. Бу гал юртимиз шарафини катта лейтенант Муҳиддин Нуриддинов бошчилигидаги экипаж аъзолари муносиб ҳимоя қилишди.

Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар тарихда илк бор «Танк биатлони» мусобақасида иштирок этмоқда. 

Бугунги баҳсда  вакилларимиз олдинги жамоамизга нисбатан анча яхши натижа кўрсатди. Сарфланган вақт ва йўналиш бўйлаб ҳаракатланиш, тўсиқларни запт этиш борасидаги натижаларимиз таҳсинга лойиқ. Умумий ҳисобда экипаж механик ҳайдовчисикичик сержант Авазбек Мустафоқулов Т-72 Б-3 танкини 73 км/соат тезлик билан ҳар бир тўсиқдан беталофат олиб ўтиб, томошабинлар эътиборига сазовор бўлди.

Эслатиб ўтамиз, «Танк биатлони» мусобақасининг иккинчи гуруҳида жами 11 та жамоа иштирок этмоқда. Вакилларимиз иштирокидаги кейинги баҳслар 8 август куни бўлиб ўтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг