Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Осиё қироличаси» баландликка сакраш мусобақаларида ҳам ғалаба қозонди

«Осиё қироличаси» баландликка сакраш мусобақаларида ҳам ғалаба қозонди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Пойтахтимизда енгил атлетика бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг 200 нафарга яқин спортчиси қатнашиб, ғолиблик учун ўзаро куч синашди. Армия спортчилари мусобақанинг деярли барча йўналиши бўйича баҳсларида иштирок этиб, якунда жами 18 та медални қўлга киритди.  

Яқинда Хитойнинг Цзян Цзинь ва Цзюлунпо шаҳарларида бўлиб ўтган енгил атлетика бўйича икки босқичли Осиё Гран-присидан иккита олтин медаль билан қайтган Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) аъзоси лейтенант Надия Дўсанова мамлакат кубоги баҳсларида ҳам баландликка сакраш бўйича ўз тенгсизлигини намойиш этди ва 1-ўринни эгаллади.

Надия нафақат баландликка, балки узунликка сакраш бўйича ҳам маҳоратга эга ва у буни «Ўзбекистон кубоги – 2019» баҳсларида ҳам намойиш этди. Қизиғи, бу борада ҳам унга МВСК аъзоси, яъни Алина Яблокова қаршилик кўрсатди ва бу сафар ёшлик устун келди, Алина ғолиб чиқди. Аёллар ўртасидаги узунликка сакраш бўйича баҳсларда ҳам мамлакат кубогининг олтин ва кумуш медаллари армия спортчиларига – А.Яблокова ва Н.Дўсановага топширилди.

Эътиборли жиҳати 23 июнь куни Польшада бўлиб ўтган халқаро турнирда Надия Дўсанова 1,86 метр натижа кўрсатиб, ғолибликни қўлга киритди. Италиялик А.Трост иккинчи, украиналик И.Геращенко учинчи ўринни эгаллади.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, МВСК аъзоларидан 100 метрга тўсиқлар оша югуриш бўйича Саидахон Абдумўминова ва Анвар Сафаров, лангар чўпга таяниб сакраш бўйича Азиз Сейтажиев, узунликка сакраш бўйича Беҳзод Алимуродов, уч ҳатлаб сакраш бўйича Ислом Сибагатулин, ядро улоқтириш бўйича Андрей Ретумский кубок баҳсларининг кумуш медалини қўлга киритди.

Мазкур мусобақанинг 100 метрга тўсиқлар оша югуриш бўйича баҳсларида Эргаш Нормуродов ва Валентина Кибальникова ғолиб чиқди. Шунингдек, турли масофаларга югуриш бўйича Г.Шарипова, З.Абдуллаева, М.Мадалиева, З.Худойбердиева, С.Исмоилов, А.Саримсоқов, Х.Аҳмадалиев, Ҳ.Маҳмудов ва Е.Фадеев марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтиб, мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг