Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЎФАнинг махсус комиссияси Азиз Турғунбоев иши бўйича томонларни сўроққа тутди

ЎФАнинг махсус комиссияси Азиз Турғунбоев иши бўйича томонларни сўроққа тутди

Фото: «Championat.asia»

Жорий йилнинг 22 январь куни «Пахтакор» клуби Азиз Турғунбоев билан 1 январь куни тузилган шартномани ОФК Чемпионлар лигаси саралаш баҳслари учун рўйхатдан ўтказишга олиб келди. 28 январь куни эса клуб ПФЛ бош директорига мазкур шартномага имзо қўйган футболчи «Навбаҳор» сафида хориж йиғинида иштирок этаётгани юзасидан шикоят аризаси билан мурожаат йўллади. Шундан сўнг мазкур шикоят аризаси ПФЛ томонидан ЎФАнинг «Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмита»сига оширилди, дейилади ЎФА матбуот хизмати хабарда.

Натижада «Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмита» ҳамда «Интизом ва одоб-ахлоқ қўмитаси» комиссияси бугун, 2 февраль санасидан ушбу масала юзасидан иш бошлаган. Шу боисдан бугун ҳар учала томон ЎФА биносига чақирилди ва улар навбатма-навбат тингланди. Дастлаб Азиз Турғунбоевнинг ўзи вазиятга изоҳ берди. Сўнгра «Пахтакор» спорт директори Жаъфар Ирисметов таклиф этилди ва унинг фикрлари эшитилди. Кейин эса «Навбаҳор» вице-президенти Шамшод Сариков ва клуб директори Расул Акрамов комиссия аъзоларига ўз талқинини баён этди. Шунингдек, «Интизом ва одоб-ахлоқ қўмитаси» сўрови билан суҳбатга чақирилган, мазкур вазиятдан бевосита хабардор бўлган «Навбаҳор» жамоаси собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ҳам ушбу низоли вазият юзасидан ўз билганлари билан ўртоқлашди. 

Футболчи ҳам, клублар ҳам ушбу чигал ҳолат қандай юзага келгани борасидаги ўз талқинларини гапириб беришди. Комиссия аъзолари суҳбат давомида вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Азиз Турғунбоевга ҳам, клублар вакилларига ҳам саволлар билан мурожаат қилди.

Якунда ҳар учала томон, шунингдек, «Навбаҳор» жамоаси собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжоновнинг барчаси тинглаб бўлингач, комиссия мазкур чигал вазиятни ечишга ёрдам берадиган далил ва ҳужжатларни тақдим этиш учун томонларга душанба куни соат 12:00гача вақт берди. Комиссия аъзолари мазкур ҳолат юзасидан тўпланган барча фактларни сешанба, 5 февраль куни муҳокама этиш учун яна тўпланади.

Агар ушбу масала бўйича яна қўшимча маълумот ва кўрсатмалар талаб этилмаса, комиссия ўз қарорини 5 февраль куни эълон қилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг