Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЎФА тотализатор ва келишилган ўйинларда иштирок этаётган шахсларни аниқлади

ЎФА тотализатор ва келишилган ўйинларда иштирок этаётган шахсларни аниқлади

Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошида ташкил этилган махсус инспекция тотализатор ва келишилган ўйинларда иштирок этаётган шахсларга нисбатан кескин курашиб келмоқда. Ана шундай чора-тадбирлар натижасида тотализатор ва келишилган ўйинларда иштирок этаётган шахслар аниқланди, деб хабар берди ташкилот матбуот хизмати.

«Зарангари» футбол клуби раҳбари Ф.Тоировнинг ЎзПФЛга тақдим этган хати асосида ЎФА махсус инспекцияси суриштирув ишларини олиб борди. 

Хатда «Зарангари» футбол клубининг беш нафар футболчиси келишилган ўйинларда гумон қилинаётгани айтилган бўлиб, уларнинг исм-шарифлари аниқ кўрсатиб ўтилганди. Кейинроқ маълум бўлдики, клуб раҳбариятининг ўзи ноҳалол футболга йўл очиб берган ва бу ишга унамаган футболчиларни туҳмат тариқасида жамоадан четлаштириш чорасини кўрмоқчи бўлган. 

«Зарангари» футбол клуби раҳбари Ф.Тоиров «Зарангари»да молиявий муаммолар борлигини рўкач қилиб, жамоанинг барча ишларига эндиликда Ш.Сатторов жавобгар бўлишини футболчиларга расман маълум қилган (Шерзод Сатторов ЎзПФЛ рўйхатидан «Иттифоқ-Бухоро» футбол клуби бош мураббийи сифатида ўтган). «Зарангари» футболчилари Ф.Тоировдан ҳозирги кунгача бўлган молиявий ҳисоб-китобни қилишини талаб қилишган. Мана шу масалада муаммо келиб чиққан.

Кейинроқ Ш.Сатторов барча масалани ўзи ҳал қилишини, керак бўлса трансфер ойнаси очилмаёқ янги футболчиларни жамоага олиб келишга қудрати етиши ҳақида айтган. Ойликдан ташқари пул ишлаш ниятида бўлган футболчилар унинг кўрсатмаси билан тотализаторда иштирок этишлари кераклигини уқтирмоқчи бўлган. 

ЎФА махсус инспекцияси Ф.Тоиров ҳамда Ш.Сатторовларнинг футболчилар билан суҳбатлари ёзилган аудиоёзувни тўлиқ қўлга киритди. Маълум бўлдики, Ш.Сатторов ҳамда Ф.Тоиров режасига унамаган футболчиларни ЎзПФЛ орқали гумонлантирилиб, улардан халос бўлишни истаган. Раҳбарлардан фарқли ўлароқ, футболчилар алоҳида-алоҳида суҳбатдан ўтказилганда, уларнинг фикрлари асосли бўлиб чиқди, жамоа аъзолари фактлар асосида кўрсатма бердилар.   

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ЎФА Интизом ва одоб-ахлоқ (этика) қўмитаси қарор қабул қилди. Унга кўра «Иттифоқ-Бухоро» жамоаси бош мураббийи Ш.Сатторовнинг қилмишлари  кечириб бўлмас, деб ҳисобланди ва у бир умрга футболга алоқадор барча фаолиятдан четлаштирилди. Ш.Сатторов Бухоро вилоятидаги мактаблардан бирида жисмоний тарбиядан ҳам дарс бериши ҳақида айтиб ўтди. Ёш авлодни унинг каби кишилар бошқармаслиги керак деб ҳисобланиб, ЎФА қўмита қарорини мазкур мактабга ҳам тақдим этади. Шунингдек, аудиоёзувларга кўра, Ш.Сатторов ЎФА ҳамда ЎзПФЛнинг айрим ходимларини ҳақорат қилган, уларга жиддий туҳматлар ёғдирган. 

ЎФА Интизом ва одоб-ахлоқ (этика) қўмитаси «Зарангари» футбол клуби раҳбари Ф.Тоировни 1 йилга футболдан четлаштирди ва 20 миллион сўм жарима жазоси қўллади. Кейинги текширувлар жараёнида унинг ҳам келишилган ўйинларга алоқадорлиги факти топилса, жазо ўзгартирилади. 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси футбол соҳасида фаолият юритаётган барча инсонларни огоҳлантиради: мураббий, фуболчи, мутахассис — ким бўлишидан қатъи назар келишилган ўйинларга алоқадорлиги аниқланса, белгиланган тартибда қатъий жазога тортилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг