Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Муҳсин Ҳисомиддинов Президент совринига сазовор бўлди

Муҳсин Ҳисомиддинов Президент совринига сазовор бўлди

Фото: «Uza.uz»

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий XV халқаро турнир якунланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Пандемия шароитида ўтказилган жорий йилги спорт байрамида 27 давлатдан юздан зиёд полвон ва меҳмонлар иштирок этди.

Қизғин баҳсларга бой бўлган беллашувнинг мутлақ вазн тоифасидаги курашда ўзбекистонлик машҳур полвон Муҳсин Ҳисомиддинов тожикистонлик Дадахон Қурбоналиевни енгиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 10 минг АҚШ долларига сазовор бўлди.

Иккинчи ўринни эгаллаган тожикистонлик Дадахон Қурбоналиевга 5 минг АҚШ доллари пул мукофоти берилди. Учинчи ўринни қўлга киритган ўзбекистонлик Яхё Имомов ва тожикистонлик Неьматулло Арсланқуловларнинг ҳар бирига 3 минг 500 АҚШ доллари миқдоридаги соврин насиб этди.

Шунингдек, «Алпомиш» стадионида бугун эрта тонгдан эркаклар 60, 66 ва 73 килограм вазн тоифасида, аёллар +70 кило вазнда гиламга тушиб, ўз маҳоратини намойиш этди. Эркаклар ўртасидаги баҳсларда 60 килограм вазн тоифасида тожикистонлик Муҳаммадризо Қуватов биринчи, ўзбекистонлик Абдулазиз Ҳамроев иккинчи ва ўзбекистонлик Акобир Қурбонов ҳамда қозоғистонлик Сеилхон Канатлар учинчи ўринни қўлга киритди. 66 кило вазнда гиламга тушган полвонлар ўртасида ўзбекистонлик Қобулжон Аҳмедов биринчи, қозоғистонлик Амирали Атабек иккинчи, ўзбекистонлик Рустам Бўриев ва афғонистонлик Муҳаммад Юсуф Шуаибҳлар учинчи ўринга сазовор бўлди. 73 килограмм вазн тоифасида биринчи ўрин қозоғистонлик Сабир Сафарбоевга насиб этди. Иккинчи ўринни ўзбекистонлик Умиджон Абдуллаев, иккита учинчи ўринни ўзбекистонлик Ўрол Солиқов ва тожикистонлик Илсокзода Хусайнирлар эгаллади. Аёлларнинг +70 килограм вазндаги беллашувларида ғолиблик шоҳсупасига ўзбекистонлик Покизахон Камолиддинова кўтарилди. Қозоғистонлик Азман Амаева иккинчи ўринни олди. Ўзбекистонлик Флюра Эргашева ҳамда россиялик Гусейо Владиенолар учинчи ўрин билан кифояланди.

Халқаро турнирда биринчи ўринни олган полвонлар 3 минг, иккинчи ўрин икки минг ва иккита учинчи ўринни қўлга киритган полвонларнинг ҳар бири 1000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот билан тақдирланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг