Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мессининг сўзлари рост чиқди. Бразилия – Америка Кубоги соҳиби!

Мессининг сўзлари рост чиқди. Бразилия – Америка Кубоги соҳиби!

Америка Кубоги мусобақасининг финалидан ўрин олган Бразилия ва Перу термалари ўртасидаги учрашув ўз ниҳоясига етди. «Маракана» стадионида бўлиб ўтган баҳсда майдон эгаларининг қўли баланд келди.

Учрашувни ҳар икки жамоа вакиллари фаол тарзда бошлашди. 15-дақиқада Дани Алвесдан пас қабул қилиб олган Габриэл Жезус ҳимоячиларни чиройли тарзда ортда қолдирган ҳолда жарима майдонига узатмани амалга оширди, у ерда Эвертон яқин масофадан осонлик билан дарвозани ишғол қилди.

Биринчи бўлим якунланиши арафасида перуликлар пенальти ишлаб олишди, уни Паоло Герреро аниқ бажариб мувозанатни тиклади. Бироқ бунга бразилияликлар тезда жавоб қайтаришди. Роберто Фирмино майдон марказида тўпни олиб қўйгач, тезликда олдинга ўтди ва марказга қулай узатмани амалга оширди. Тўпни қабул қилиб олган Жезус дарвозанинг пастки бурчагини аниқ нишонга олди.

Иккинчи бўлимни мезбонлар қатор ҳужумлар билан бошлашди ва бир нечта қулай имкониятни кўкка совуришди. Тайм ўрталарига келиб меҳмонлар фаолликни оширишди ва рақиб жарима майдонида босимни юзага келтиришди. Бунинг устига 70-дақиқада Бразилия терма жамоаси бир киши кам бўлиб қолди, Жезус иккинчи сариқ карточкасини олиб майдонни тарк этди.

Шундан кейин ташаббус перуликларга ўтди ва бразилияликлар маълум муддат ҳимояланишга мажбур бўлишди. Бироқ ўйин якунланиши арафасида «пентакампионлар» пенальти ишлаб олишди. 11 метрлик жарима зарбасини Ришарлисон аниқ бажарди ва якуний ҳисобни ўрнатди.

Шу тариқа, Бразилия термаси ўз майдонида ўтган мусобақада чемпионга айланди. Эслатиб ўтамиз, Аргентина терма жамоаси ушбу мусобақада учинчи ўринни эгаллаган, аммо ҳужумчи Лионел Месси бронза медалини олиш учун чиқмаган эди. У ҳакамлар ва коррупция сабабли Аргентина финалга чиқа олмагани ва бу мусобақада барчаси Бразилия ғалаба қозониши учун йўналтирилганини таъкидлаб ўтган эди.

Лионел Мессига бу сўзлари учун қандай чора кўрилиши ҳозирча маълум қилинмаган.

Америка Кубоги, финал
Бразилия – Перу 3:1 (2:1, 1:0)
Голлар: 1:0 – 15 Эвертон, 1:1 – 44, пенальти Герреро, 2:1 – 45+3 Габриэл Жезус, 3:1 – 90, пенальти Ришарлисон.
Бразилия – Алиссон, Маркиньос, Алекс Сандро, Дани Алвес, Тиаго Силва, Каземиро, Коутиньо (Эдер Милитао, 77), Артур, Фирмино (Ришарлисон, 75), Эвертон (Аллан, 90), Габриэл Жезус.
Перу – Гальесе, Самбрано, Адвинкула, Абрам, Трауко, Флорес, Йотун (Руидиас, 78), Куэва, Каррильо (Поло, 86), Тапия (Гонсалес, 82), Герреро.
Огоҳлантиришлар: Габриэл Жезус (30), Тапия (49), Тиаго Силва (53), Самбрано (68), Адвинкула (84), Ришарлисон (90).
Четлатиш: Габриэл Жезус (70).

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг