Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мамаев ва Кокорин барибир қамалади!

Мамаев ва Кокорин барибир қамалади!

Фото: «РИА Новости»

«Мамаев ва Кокорин барибир қамалади!» деди таниқли спорт шарҳловчиси Геннадий Орлов куни кеча эфирга узатилган «ГСО Live» дастуридаги чиқишида.

Айни пайтда замонавий рус футболининг икки таниқли вакили тўрт ойдан буён тергов изоляторида сақланмоқда. Уларга безорилик ва оммавий муштлашувда иштирок этганлик айблови қўйилган. Шарҳловчининг айтишича, Кокорин ва Мамаевнинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди, улар тўрт ойдан буён машғулотлардан четда, бу муддатнинг давом этиши эҳтимоли жуда юқори, ахир суд футболчиларни турли муддатга «кесиб» юбориши ҳеч гап эмас. Чунки, қонунда уларга қўйилаётган айбловлардан биттасининг ўзига («безорилик») саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Хуллас, футболчиларнинг судда озодликка чиқиши имконияти йўқ даражада.

Эслатиб ўтамиз: «Краснодар» ярим ҳимоячиси Павел Мамаев ва «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин «Биринчи канал» телевидениеси бошловчиларидан бирининг ҳайдовчисини, сўнг Россия Савдо-саноат вазирлиги мулозимини аямай дўппослашган. Бунда уларга А.Кокориннинг укаси Кирилл ва унинг яна бир дўсти «яқиндан ёрдам» бергани айтилмоқда.

Мамаев ва Кокорин Россия терма жамоасининг асосий ўйинчиларидан ҳисобланиб, икки йил аввал Монакодаги ўта қиммат ресторанларидаги хурмача қилиқлари учун мамлакат бош жамоасидан четлатилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг