Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғофур Раҳимов машҳур боксчи Руфат Рисқиевга мактуб ёзди (фото)

Ғофур Раҳимов машҳур боксчи Руфат Рисқиевга мактуб ёзди (фото)

Фото: Бокс федерацияси матбуот хизмати

Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлари ва аъзолари машҳур боксчи Руфат Рисқиевнинг хонадонида бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати «Daryо.uz»га маълум қилди.

Кеча, 23 май чоршанба куни амалга оширилган учрашувда Руфат Рисқиев хонадонида дилдан суҳбат бўлди. Собиқ чемпион терма жамоа аъзоларига ўз маслаҳатларини берди.

Шунингдек, бокс бўйича миллий терма жамоа аъзолари афсонавий ўзбек спортчисига AIBA вақтинчалик президенти Ғофур Раҳимовнинг мактубини етказишди.

Фото: Бокс федерацияси матбуот хизмати

«Сиз бокс бўйича жаҳон чемпионига айланган биринчи ўзбек спортчисисиз. Айнан сиз туфайли Ўзбекистонда буюк чемпионлар авлоди етишиб чиқди. AIBA ижроия қўмитаси аъзолари ва мен сизга ва сизнинг оилангизга сиз учун оғир бўлган ҳозирги дамларда барча томонлама қўллаб-қувватлов тақдим этишга тайёрмиз», — дейилади мактубда.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг сентябрь ойи охирларида Тошкент шаҳридаги 16-шифохонада шифокорлар веналар тромбозининг оғирлашиши сабабли Руфат Рисқиев ўнг оёғининг тиззадан пастини кесиб ташлаш учун жарроҳлик амалиётини ўтказганди.

Фото: Бокс федерацияси матбуот хизмати

Маълумот учун, 68 ёшли Руфат Рисқиев – 1974 йилги жаҳон чемпиони ва 1976 йилги Олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори. АҚШ, Куба, Австрия, Собиқ Югославия, Испанияда ўтказилган халқаро турнирлар ғолиби.

Фото: Бокс федерацияси матбуот хизмати

Марказий Осиёдаги илк халқаро тоифадаги профессионал бокс ҳаками. «Ҳурмат Белгиси», «Буюк хизматлари учун», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари кавалери. Яқин ўтмишда – Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг вице-президенти, айни пайтда – нафақада.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг