Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Футбол нималигини билмайман!

Футбол нималигини билмайман!

Фото: «tv.esn-24.ru»

Сирдарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маданий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Абдуғаниевга очиқ хат!

Муҳтарам Отабек Абдуҳамидович!

Юқоридаги сўзлар ким томонидан айтилганини сизга эслатиб ўтишим ножоиздир балки, чунки футболга қизиқмаслигингиз сабабли яқинда «Kun.uz» сайтида «Сирдарёга футбол керак эмасми?» мақоласини ҳам ўқимаган бўлсангиз керак. Аммо, сизга ёқадими-йўқми, футбол – миллионларнинг севимли ўйини ва шундай бўлиб қолади. Айтиш лозимки, айнан сиз вилоятда юритаётган ёшлар сиёсатининг ўзагини спортсевар, соғлом турмушга интилувчан ёшлар ташкил қилади. Чунки замонавий ёшлар ўқиш, тил билишга қанча қизиқса спортга ҳам шунча қизиқади. Сиз вилоятимизнинг ҳар бир тумани ва шаҳрида иккитадан бештагача футбол тўгараги, Гулистон шаҳрининг ўзида ўнга яқин футбол тўгараги борлигидан хабардормисиз? Ушбу тўгаракларда 3 мингдан зиёд бола тўп суриш сирларини ўрганаяпти. Улардаги алоҳида қобилиятга эга болалар танлаб олиниб, Янгиер футбол мактабига юборилади. Ўзбекистонда Янгиер футбол мактаби ҳамда футбол клубини билмайдиган одам йўқ, айниқса кўп йиллар «Янгиер» клубида тўп сурган Игорь Шквирин, Геннадий Денисов, Тўра Шоймардонов, Гали Имомов, ака-ука Давлатовлар, 2011 йилда ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Сардор Раҳмонов, Жавлон Мирабдуллаев, Аббос Махситалиев, Бобур Давлатов, Асилбек Мансуровлар Ўзбекистон термаси таркибида муваффақиятли қатнашиб, ўзбек футболини жаҳонга танитишди.

Сиз буни билмассиз, аммо Лутфулла Тўраев, Даврон Ҳошимов, Шоҳназар Норбеков каби бир қатор футболчилар ҳозирги кунда ҳам Ўзбекистоннинг турли клубларида, Достон Ҳамдамов эса Россияда тўп суриб келаяпти. Лекин қарийб 53 йиллик тарихга эга «Янгиер» футбол клуби бугунги кунда қарзга ботиб, ёпилиш арафасида турганидан хабарингиз бор. Чунки «Янгиер» ҳамда «Гулистон» футбол клубларига молиявий ёрдам сўраб кирмаган эшигим қолмади. Албатта, сизга ҳам шу соҳага масъул бўлганингиз учун бир неча бор мурожаат қилдим. Аммо сиздан юқоридаги гапни эшитдим.

«Футбол клуби банкрот бўлса, стадионни тортиб олишади-ку?» деган гапимга «Менга нима, қаерда ўйнатсанг ўша ерда ўйнат» деган ножоиз жавоб қилдингиз. Ахир сизга вилоятимизда ёшлар сиёсатини олиб бораётганингиз ва ижтимоий ривожлантириш ҳамда маданий-маърифий ишлар бўйича масъул шахс бўлганингиз учун кўмак сўраб борган эдим. Вилоятимиз ҳокими Ғафуржон Мирзаевга ҳам футбол клубларининг иқтисодий ва молиявий имкониятларини кенгайтириш, келгусида ўзини ўзи таъминлаши бўйича таклиф берганман. Аммо клубларни шу кунда оёққа турғазиш учун дастлабки кўмак зарур. Чунки «Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази» МЧЖ ҳамда вилоят ИИБ патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасидан 60 млн. сўмга яқин қарзимиз бор. Бундан ташқари ходимларнинг иш ҳақларидан 90 млн. сўм ва шахсий жамғариб бориладиган пенсия жамғармасидан 1 млн. сўмга яқин қарзни вилоят ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотларнинг кўмагисиз тўлашнинг иложи йўқ.

Ҳурматли Отабек Абдуҳамидович!

Мени хафа қиладиган жиҳати сиз ҳеч бўлмаса республикадан ёки вилоят спорт бошқармасидан мутахассислар чақириб, шу аҳволни текшириб кўришга ҳам эринганингиз бўлди. Ахир ёшлар сиёсати деганда турли давраларда чиройли шеърлар ўқиб берадиган ёки катталар ёзиб берган сўзларни тўтидек такрорлайдиган ўғил-қизларгина эмас, балки жамиятимизда ҳамма ёшлар назарда тутилмаяптими? Бугунги кунда айнан ёшлар ўртасида жиноятчилик урчиб кетди, Бахт ўғил болалар махсус коллежи, Зангиота вояга етмаганлар колониясида анча-мунча сирдарёлик ёшлар ҳам мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Яна қанчадан-қанчаси маҳаллаларда ва ИИБларда профилактик рўйхатда турибди. Агар шу «Гулистон» ҳамда «Янгиер» клублари фаолиятига панжа орасидан қаралмаганида футболчиларимиз аллақачон суперлигада тўп сураётган, бу эса ўғил болаларнинг футболга ҳавасини янада оширган, спортсевар йигитлар ва соғлом турмуш тарафдорлари сезиларли даражада кўпайган бўларди.

«Kun.uz» сайтида чиққан мақолага ҳам сиз «ҳеч ким кўрмади, ҳеч ким билмади» йўсинида муносабатда бўлганингиз мени қўлимга яна бир бор қалам олишга мажбур қилди. Чунки спортга, айнан футболга Президент Шавкат Мирзиёевнинг муносабати сизникидан буткул фарқ қилади. Шу йил январь ойида Хитойда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғалаба қозонган футбол жамоамизни давлат раҳбари ҳар томонлама рағбатлантириб, шахсан қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Ишонтириб айтаманки, «Гулистон» ҳамда «Янгиер» футбол клубларида ҳам ана шундай иқтидорли футболчилар бор ва нафақат Ўзбекистон, балки халқаро майдонларда ҳам муносиб тўп сура олишади. Аммо сиз каби масъулиятини ҳис этмаган раҳбарлар туфайли Сирдарёда бугун футбол клублари сарсон-саргардон.

Агар шундай бўлмаганда эди, ҳозир Фарғонанинг «Нефтчи» жамоасида тўп сураётган Аббос Махситалиев, Муборакнинг «Машъал» жамоасида ўйнаётган Сардор Раҳмонов, Олмалиқнинг ОКМК жамоасида тўп сураётган Лутфулла Тўраев ва Хуршидбек Мухторовлар ўз тенгдошлари билан «Гулистон» ва «Янгиер» клубларини олий лигага олиб чиқишга ҳаракат қилган бўлар эди.

Буларнинг барчаси аччиқ, лекин очиқ гаплар. Сирдарё футболига энди эътибор берарсиз...

Ҳасанбой Эгамбердиев, «Гулистон» ҳамда «Янгиер» футбол клублари бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг