Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Футбол. «Бош вазир кубоги» қайси жамоага насиб этади?

Футбол. «Бош вазир кубоги» қайси жамоага насиб этади?

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида «Бош вазир кубоги» учун футбол мусобақалари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар бериб ўтди.

Эртага қизғин ва муросасиз курашларга бой тарзда ўтаётган мазкур мусобақаларга якун ясалади. Бугун эса «Бунёдкор» футбол академияси майдонларида «Бош вазир кубоги» учун футбол мусобақаларининг финалчилари аниқланди.

Ярим финалнинг илк ўйинида майдонга Олий суд ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги жамоалари тушишди. Ушбу баҳсда борган сари ўйини очилиб бораётган Олий суд жамоаси йирик ғалабага эришди – 3:0.

Кези келганда таъкидлаш керак, мусобақа аввалида ҳеч ким судялар жамоасининг бу қадар узоққа боришини кутмаганди. Аммо «иштаҳа тушликда келади» деганларидек, ҳар бир ғалабадан кейин Олий суд жамоаси аъзоларининг ўзларига бўлган ишончи ортиб борди ва жамоа ўйини ҳам кучайди. Энди улар финалда кубок учун астойдил курашса ажабмас.

Иккинчи ярим финал жуфтлигида эса Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзбектелеком» акционерлик жамияти жамоалари тўқнаш келишди. Бу ўйин ҳам кутилганидек кескин ва ўта муросасиз курашларга бой тарзда кечиб, унда омад «Ўзбектелеком» жамоасига кулиб боқди. Улар 3:1 ҳисобида муваффақият қозонишди ва эртага бўладиган финал ўйинида Олий суд жамоаси билан «Бош вазир кубоги» учун кураш олиб боради.

«Бош вазир кубоги».
½ финал

Олий суд – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги — 3:0

Сув хўжалиги вазирлиги – «Ўзбектелеком» АЖ — 1:3

Финал.
27 октябр, соат 16:00

«Миллий» стадион

Олий суд – «Ўзбектелеком»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг