Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Флоренция футболи: ўйин деса ўйинга, уруш деса урушга ўхшамайди (фото)

Флоренция футболи: ўйин деса ўйинга, уруш деса урушга ўхшамайди (фото)

Фото: «News6»

Флоренция — нафақат дунё санъати пойтахти, балки жаҳонга машҳур Данте ва Италия адабий тили ватани ҳамдир. Қанчалик ғалати туюлмасин, ана шу маданий пойтахтда дунёдаги энг қўпол спорт турларидан бири асрлар оша ўйналиб келинади.

Флоренцияча кальчо — замонавий регби ва футболни ўзида жамлаган, фақат бунда тўп билан муомала қилиш маҳорати эмас, муштумзўрлик устун.

(Диққат! Эътиборингизга ҳавола этилаётган суратлар айримларга нохуш туюлиши ёки кимларнидир қўрқитиб юбориши мумкин!)

Флоренция кальчоси ҳақидаги дастлабки қўлёзмалар XIV асрга бориб тақалади. Климент VII, Климент VIII ва Лев XI сингари Рим папалари бақувват жангчилар бўлишган. Айтишларича, кальчо тарихи Рим империяси даврларидан маълум. Легионерлар машғулотининг бир қисми ўйиндан иборат бўлган. У «l Harpastum» деб аталиб, «куч билан суғуриб ол» дея таржима қилинади. Қадимги замонларда аскарлар жамоаларга бўлинган ва коптокка ташланишган.

Ҳозирги кунда легионерларнинг авлодлари ҳар йили 16—24 июнь кунлари ота-боболардан қолган мерос — кальчони ўйнашади. У Флоренция маркази орқали ўтувчи маскарадли парад билан бошланади. Шаҳарнинг тарихий тўртта квартали ўз жангчиларини олиб чиқади. Уларнинг ўз ранглари бор: Санта-Кроче — мовий, Санта-Мария Новелла — қизил, Сан-Спирито — оқ, Сан-Жованни — яшил.

Ўйин Санта-Кроче шаҳар майдонида ўтказилади, у ерда 50 га 100 метр ўлчамда қумли майдон барпо этилади. Ҳар бири 27 кишидан иборат икки жамоа 50 дақиқа давомида ҳар қандай йўл билан коптокни рақиб тўсиғидан ошириб отишга уринади. Ўйин спорт мусобақасидан кўра, ўрта асрлар жангини кўпроқ эслатади. «Жанг»дан олдин жамоалар анъанавий равишда жанговар тартибга сафланади. Ўн беш киши ҳужумда ўйнайди, бешта ярим ҳимоячи уларнинг хавфсизлигини таъминлайди. Орқадаги ҳимояга учта ҳимоячи ва тўрт нафар ёрдамчи жавоб беради.

Санта-Кроче майдонидаги ўйин майдончаси

  

Ўйинчиларга курашиш ва муштлашишга рухсат берилган. Нафақат коптокли одамга, балки рақиб жамоасининг ҳар қандай аъзосига ҳужум қилиш мумкин. Натижада ўйин катта жангга айланади. Фақат яқин йиллардан майдончага шифокорларнинг киришига рухсат этилди: улар ўйинни тўхтатмаган ҳолда майдоннинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатишади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг