Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЕЧЛ, чорак финал: «Лейпциг» ўз тарихида биринчи марта Чемпионлар лигаси яримфиналига чиқди

ЕЧЛ, чорак финал: «Лейпциг» ўз тарихида биринчи марта Чемпионлар лигаси яримфиналига чиқди

Фото: «UA-Football»

Европа Чемпионлар лигаси чорак финал босқичининг (плей-офф) кечаги тўқнашувида «Лейпциг» (Германия) «Атлетико» (Испания)ни мағлубиятга учратди.

Иккинчи тайм бошларида Марсель Забитцернинг узатмасини боши билан рақиб дарвозаси узоқ бурчагига жойлаб қўйган Даниэль Ольмо «қизил буқалар»ни олдинга олиб чиқди.

Заҳирадан майдонга тушган Жоау Фелиш 71-дақиқада ўзи ишлаган 11 метрликни голга айлантириб, ҳисобни тенглаштирди.

Ўйиннинг асосий вақти тугашига саноқли дақиқалар қолганида Тайлер Адамс узоқдан йўллаган кучли зарба рикошетга учраб, Облак дарвозаси тўридан жой олди.

Ушбу ғалаба келтирган гол билан «Лейпциг» ўз тарихида биринчи марта Чемпионлар лигаси яримфиналига чиқди.

Турнирнинг кейинги босқичида, 18 август куни Лиссабонда «Лейпциг» ва «ПСЖ» қарама-қаршилигига гувоҳ бўламиз. Ушбу ўйиннинг яна бир аҳамиятли томони немис мураббийлари ўртасидаги тўқнашувдир: Симеоне имтиҳонидан ўтган ёш Нагельсманни бу босқичда Тухель кутмоқда.

ЕЧЛ, чорак финал, плей-офф

«Лейпциг» (Германия) — «Атлетико» (Испания) — 2:1

Голлар: Ольмо (51), Адамс (88) — Фелиш (71 — пенальти).

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг