Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бош вазир кубоги»да ким фаворит?

«Бош вазир кубоги»да ким фаворит?

Фото: «ЎзА»

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида спортнинг футбол (эркаклар) ва волейбол (аёллар) турлари бўйича ўтказилаётган «Бош вазир кубоги» мусобақаларида кучлилар сараланмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Кеча футбол мусобақаларининг 1/16 финал босқичига старт берилди. Ушбу босқичидаги энг шиддатли ва муросасиз ўйинларидан бири «Қишлоқ қурилиш инвест» ҳамда Давлат Божхона қўмитаси ходимлари ўртасида кечди. Унда кичик устунлик билан «Қишлоқ қурилиш инвест» инженеринг компанияси жамоаси ғалаба қозонди ва нимчорак финалга йўл олди.

Аввалги босқичда ажойиб «камбек» қайд этган, яъни 0-2 ҳисобида ютқазаётиб якунда 4-2 ҳисобида ғалабага эришган Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси жамоасининг муҳим паллада «иштаҳаси очилди» чоғи. Боиси, улар 1/16 финалда Олий аттестация комиссияси жамоасига ҳеч қандай имконият қолдирмади, якуний ҳисоб – 4:0. Умуман, кеча ўтказилган ўйинларда у қадар йирик ҳисоблар қайд этилмади. Бу эса буёғига мусобақада энг кучлилар курашни давом эттиришаётганини англатади.

Қуйида 1/16 финал босқичида қайд этилган натижалар билан танишинг:

1/16 финал. 21 октябрь, душанба

  • Давлат Солиқ қўмитаси – Олмалиқ кон-металлургия комбинати +:-
  • Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи – АТ «Халқ банки» – 0:2
  • «Қишлоқ қурилиш инвест» – Давлат Божхона қўмитаси – 2:1
  • Олий суд – «Ўзбекистон темир йўллари£ АК +:-
  • Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси – Олий аттестация комиссияси – 4:0
  • Адлия вазирлиги – Товар хом-ашё биржаси – 3:0
  • «Кафолат» суғурта компанияси – Энергетика вазирлиги – 2:0
  • Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» жамоалари ўртасидаги ўйин бугунга қолдирилган.

Шу ўринда бир мулоҳаза: «Бош вазир кубоги» мусобақаси Низоми шахсан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан тасдиқланган бўлиб, унга кўра мазкур мусобақа вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари, жисмоний фаол меҳнат режимида бўлмаган ходимларни соғлом турмуш тарзига фаол жалб этишни кўзда тутган.

Аммо, баъзи жамоалар Низомда белгиланган талабларни четлаб ўтишга уринмоқдаки, бу турнир нуфузига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

«Низомда жамоа таркибини шакллантириш ва мусобақадаги иштирокини таъминлашга шахсан вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг биринчи ўринбосари масъул эканликлари белгилаб қўйилган. Шу муносабат билан, барча жамоаларни мусобақа Низомида белгиланган талабларга қатъий амал қилиб, рақиб жамоаларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чорлаб, ажойиб спорт байрамини юқори кайфиятда ўтказишга ўз ҳиссангизни қўшишингизни сўраб қоламиз», дейилади Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборотида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг