Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЕХҲТ Бош котиби билан учрашувда Ўзбекистонда сўз эркинлиги борасидаги ислоҳотлар муҳокама қилинди

ЕХҲТ Бош котиби билан учрашувда Ўзбекистонда сўз эркинлиги борасидаги ислоҳотлар муҳокама қилинди

Фото: «Sputnik»

Жорий йилнинг 20-май куни Ўзбекистоннинг Австриядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси, ЕХҲТ ва Вена шаҳридаги бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Шерзод Асадов ЕХҲТ Бош котиби Томас Гремингер билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқотда ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Словакия ташқи ва Европа ишлари вазири Мирослав Лайчакнинг 2019-йил 19-20-май кунлари мамлакатимизга қилган ташрифи якунлари, шунингдек, ташкилот фаолияти ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Томас Гремингер Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди, ташкилот бундан кейин ҳам муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдор экани таъкидланди.

Бош котиб Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, давлат идоралари масъулиятини ошириш, ижтимоий сиёсат ва демократик институтларни қўллаб-қувватлашни давом этириш, иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган самарали ҳаракатларни мамнуният билан қайд этди. Ўзбекистонда бир қатор хорижий агентликлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар сайтларига кириш тўлиқ тиклангани эътироф этилди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар самарали амалга оширилаётгани, мазкур стратегиянинг мақсади ЕХҲТ кун тартибида турган масалаларга тўла мос келиши алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунига кўра, ҳамкорликда Ўзбекистонда кенг миқёсда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор қўшимча тадбирлар ишлаб чиқиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг