Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турк қўшини Сурия тупроғига кирди. Мақсад нима? Нишон ким?

Турк қўшини Сурия тупроғига кирди. Мақсад нима? Нишон ким?

Туркия қуролли кучлари Сурия шимолида ҳарбий операция бошлади. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 9 октябрь куни Twitter’даги расмий саҳифасида маълум қилди.

Қайд этилишича, PKK/YPG ҳамда ИШИД террорчи ташкилотларига қарши операция “Тинчлик булоғи” (Barış Pınarı Harekatı) деган ном остида ўтказилмоқда.

“Тинчлик булоғи” амалиёти Суриянинг ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш ва Сурия халқини терроризм исканжасидан халос этишга қаратилган”, деб баёнот берди Туркия раҳбари. 

Амалиётда турк ҳарбийлари билан бирга Сурия озодлик армияси аскарлари қатнашмоқда.

Хабарларга кўра, президент Эрдўғон мамлакатдаги етакчи сиёсий партиялар раҳбарларини Сурияда ҳарбий операция бошланганидан хабардор қилган. Шу билан бирга, Туркия ташқи ишлар вазирлигига БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо мамлакатлар дипломатлари чақирилиб, уларга ҳарбий амалиёти хусусида маълумот берилган.


Профессор Фахриддин Алтун: “Ҳарбий амалиёт муваффақиятидан бутун дунё манфаатдор”

“Туркиянинг Сурия шимоли-шарқидан турк халқига узоқ вақтдан бери таҳдид солиб келаётган террочи гуруҳларни бартараф қилиш ва маҳаллий халқни ҳимоя қилишдан ўзга мақсади йўқ”, – дейди Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси раҳбари, профессор Фахриддин Алтун АҚШнинг The Washington Post нашрида эълон қилинган мақоласида.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон 6 октябрь куни телефон орқали АҚШ президенти Дональд Трампнинг билан суҳбатлашган. Қайд этилишича, суҳбат чоғи АҚШ раҳбари ИШИДга қарши курашда амалиётлар етакчилигини Туркияга топширишга розилик билдирган.

“Туркия АҚШдан фарқли ўлароқ маҳв этилиши лозим бўлган йиртқичларни хориждан қидириш пайида эмас. Аммо йиртқичлар бизнинг эшикларимизни бузиб, ватандошларимизга зарар етказишга уринса, унга муносиб тарзда жавоб беришга мажбур бўламиз. Ёш  йигит-қизларни жангга юбориш ҳеч қачон осон бўлмаган.  Жумҳуриятимиз асосчиси Мустафо Камол Отатурк айтганидек, “Миллат ҳаётига хавф туғилмагунча урушлар жиноятдир”. Афсуски,  бугун биз шундай вазиятга тушиб қолдик”, – дейди профессор Фахриддин Алтун.

Таъкидланишича, АҚШ ҳарбийлари Сурия шимоли-шарқини тарк этиши ортидан ИШИДнинг яна бош кўтариши хавфи юзага келмоқда. Туркия ҳарбийлари амалиётидан кўзланган мақсадлардан бири айнан ИШИДнинг яна оёққа туришига йўл қўймасликдир.

“ИШИДга қарши курашда Туркия етакчилик қилган ҳарбий амалиётнинг муваффақиятидан бутун дунё манфаатдор бўлади.  Йиллар давомида жанг майдонларида бўлган Америка аскарлари ўз  ватанига қайтади. YPG томонидан қувғин қилинган маҳаллий халқ ота-боболари ватанига кўчиб ўтади. Хавфсиз ҳудуд Европа учун ҳам фойдалидир.  Чунки у ноқонуний миграция ва радикаллашувнинг негизида турган зўравонлик ва беқарорлик муаммоларини ҳал қилади.  Ниҳоят, бу режа инсониятни террор балосидан ҳимоя қилиш учун хизмат қилади”, – дейди Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси раҳбари.

Хавфсиз ҳудуд нима учун зарур?

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон кўпдан буён Сурия шимолини курд жангариларидан тозалаш ва Фурот дарёси шарқида хавфсиз ҳудуд ташкил этиш лозимлигини талаб қилиб келмоқда.

Расмий Анқара режасига кўра, Фурот дарёси ва Сурия–Ироқ чегарасида 32 км масофада хавфсиз ҳудуд ташкил қилиниши ва у ерда икки миллион қочқиннинг тинч-осойишта ҳаёти таъмин этилиши лозим (Туркия ҳозирга қадар 3,6 миллион қочқинни бағрига олган бўлиб, уларнинг асосий қисми сурияликлардир). Агар хавфсиз ҳудуднинг жанубий чегараси Дайр аз-Зор ҳамда Раққа чегарасига етса, бу миқдор Европадан қайтадиган муҳожирлар ҳисобига 3 миллионга етиши мумкин.

Туркия бунга қадар Сурияда икки йирик ҳарбий операцияни ўтказган. 2016 йил 24 августдан 2017 йил 29 мартга қадар давом этган “Фурот қалқони” (Fırat Kalkanı) амалиётидан сўнг Ҳалаб музофотидаги бир неча минг чақирим ҳудуд жангариларидан тозаланган.

Террор ўчоқларини йўқ қилиш мақсадида 2018 йил 20 январда бошланган “Зайтун новдаси” (Zeytin Dalı Harekâtı) амалиёти ҳам турк ҳарбийлари ғалабаси билан якунланган. Хусусан, Африн шаҳридан жангарилар сиқиб чиқарилган ва хавфсиз ҳудуд ташкил этиш йўлида навбатдаги қадам ташланган. Ушбу амалиётда 3606 террорчи ўлдирилган, 50 га яқин турк аскари ҳалок бўлган. Расмий Анқарага кўра, Туркия қўшни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг терроризмга қарши тўғридаги резолюцияси ҳамда БМТ Низомининг 51-моддасига таяниб ҳаракат қилган.

C.Cалим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг