Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сувга ғарқ бўлган болакай нега дарров унутилди? Туркия президенти БМТ минбарида «ахлоқсизликнинг чўққиси» ҳақида гапирди

Сувга ғарқ бўлган болакай нега дарров унутилди? Туркия президенти БМТ минбарида «ахлоқсизликнинг чўққиси» ҳақида гапирди

Дунё ҳамжамияти суриялик 3 ёшли Айланнинг ўлимини жуда тез унутди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон БМТ Бош ассамблеяси 74-сессиясидаги нутқида гапирди.

Туркия раҳбари сувга ғарқ бўлган мурғак болакайнинг суратини кўрсатар экан, бундай фожиа исталган халқ бошига тушиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

2015 йил 2 сентябрь куни омонат қайиқда Ўртаер денгизи орқали Европага ўтиш уринган Айлан ҳамда унинг яқинлари сувга ғарқ бўлганди. Масъум болакайнинг соҳилдаги жонсиз жасади сурати бутун дунёни ларзага солган эди.

Туркия раҳбари юксак минбардан дунё ҳамжамиятини Суриядаги гуманитар инқирозни ҳал этишда фаоллик кўрсатишга ундади.

Расмий Анқара БМТ шафелигида суриялик қочқинларни хавфсиз ҳудудга қайтариш бўйича машварат ўтказишни таклиф этмоқда. Президент Эрдўғонга кўра, Фурот дарёсининг шарқий қисмида ташкил этилиши кутилаётган хавфсиз ҳудудга Туркия ҳамда Европадаги юз минглаб қочқинларни жойлаштириш мумкин. Бунинг учун эса дунё ҳамжамияти, хусусан, халқаро коалиция кучлари, АҚШ, Россия ва Эрон бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши талаб этилади.

Суриядаги зиддиятларни бартараф этиш учун дунё давлатлари терроризмга қарши кураш борасида якдил позицияда бўлмоғи лозим. Ҳудудий яхлитлик ва сиёсий бирликни тиклашда эса Сурия конституциявий қўмитаси жонбозлик кўрсатмоғи даркор.

Туркия раҳбари ўз нутқида дунё сиёсатида адолат тамойилига риоя қилиш заруратига урғу берган. Айнан адолатсизликлар сайёрамизда турли инқироз ва ихтилофлар авж олишига сабаб бўлмоқда, деди у.

Кейинги пайтларда БМТ тузилмаларини ислоҳ этиш, унинг самарадорлигини кучайтириш борасида мунозаралар кучаймоқда. Туркия етакчиси ҳам ўз чиқишида БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ этиш лозимлигини таъкидлади.

«Мавжуд ёндашувлар, қоидаларни қайта кўриб чиқиш вақти аллақачон келди. Инсоният келажаги БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларининг қарорларига боғлиқ бўлиб қолиши мумкин эмас, бунга йўл қўйиб бўлмайди», – деди Туркия раҳбари.

Президент Эрдўғон ядро қуролига эгалик ҳуқуқи борасида ҳам фикр билдирди. Унга кўра, ядро қуролига эгалик борасидаги тақиқ барча мамлакатларга бирдек татбиқ этилиши лозим. Тақиқ барчага бирдек қўлланмас экан, у ҳолда, уни бекор қилган маъқул.

Нотиқ ўз чиқишида сайёрамизда исломофия кайфияти кучайиб бораётганини таассуф ила қайд этди. Шу муносабат билан у Янги Зеландиядаги масжидга ҳужум уюштирилган 15 март санасини Исломофобияга қарши халқаро бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф этди.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроил ҳарбийларининг Фаластиндаги тинч аҳолига нисбатан жиноятларини ҳам қоралади.

«Исроил ҳарбийлари томонидан Фаластин аёли ўлдирилаётгани акс этган кадрларни кўриб ҳам дунё аҳлининг виждони безовта бўлмаётган экан, демак, инсоният ахлоқсизликнинг чўққисига чиқибди», – дея аччиқ киноя қилди нотиқ.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз нутқида Кипр, Миср, Эрондаги вазият, Кашмир, Кавказ, Тоғли Қорабоғ можаролари бўйича ҳам муносабат билдирди.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош ассамлеяси халқаро ташкилотнинг асосий тузилмаси саналади. Ҳар йили сентябрь ойида чақириладиган Бош ассамблея йиғинида БМТга аъзо 193 мамлакат вакиллари қатнашади. Машваратда дунё тақдирига молик масалалар муҳокама этилади.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг