Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев шифокорнинг уйида меҳмон бўлди

Шавкат Мирзиёев шифокорнинг уйида меҳмон бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги «Шарқ тонги» маҳалласида бўлди. У ерда қарийб 3 минг аҳоли истиқомат қилади. Оилалар, асосан, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланади.

Давлатимиз раҳбари шу маҳаллада яшовчи Абдунаби Абдунасимов хонадонига кириб, яшаш шароитлари, фикрлари билан қизиқди.

Абдунаби ота соғлиқни сақлаш соҳасида ишлаб, нафақага чиққан. Турмуш ўртоғи Гулчеҳра ая билан беш фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Айни пайтда фарзандлари, набира ва эваралари эъзозида яшамоқда.

Меҳнат фахрийлари оила ҳаёти, кечаги ва бугунги кунлар фарқи ҳақида сўзлаб берди.

— Илгари давлат, жамият, инсон деган тамойил бор эди. Биз энди инсон, жамият, давлат деяпмиз. Инсон қадрини биринчи ўринга қўяяпмиз. Ҳамма ижро органлари, иқтисодий комплекс қуйи тизимга тушиб, одамларга кўмакчи бўлади. Шу билан бирга, инсоннинг ўзи ҳам ҳаракат қилиши, шароитлардан унумли фойдаланиши керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Хонадондан чиққанда нуронийлар, маҳалла фаоллари билан самимий суҳбат бўлди. Улар мамлакатимиздаги, иқтисодиёт тармоқларидаги ўзгаришлар ҳар бир шаҳар ва туманда сезилаётгани ҳақида гапирди.

— Охирги йиллардаги ҳаракатларимиз туфайли ҳокимликларда маҳаллий бюджет пайдо бўлди. Бу йўқ эди, — деди Президент. — Энди маҳаллаларда бюджет ташкил қилишни режалаштирганмиз. Тасаввур қилинглар, ўзининг пули бўлса, маҳалла қандай ўзгаради — йўлини тўғрилайди, сув олиб келади, шохобча очади. Келгусида маҳаллага пул ҳам киради, талаб ҳам бошқача бўлади.

Нуронийлар юртимизга тинчлик, халқимизга тўқлик-фаровонлик тилаб дуо қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг