Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тоқаевни ишончли ғалаба билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тоқаевни ишончли ғалаба билан табриклади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди. 

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевни кеча бўлиб ўтган Қозоғистон Президенти сайловида ишончли ғалабага эришгани билан самимий табриклади.

Сайлов натижалари Қозоғистон халқи Қасим-Жомарт Тоқаевни кенг қўллаб-қувватлаши ва унга улкан ишонч билдиришини, унинг мамлакат барқарор тараққиётига ва халқаро нуфузини оширишга ҳиссасини юксак баҳолашини яна бир бор намойиш этгани, амалга оширилаётган сиёсат ва энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг изчил давом эттирилишига қатъий ишончнинг ифодаси бўлгани алоҳида таъкидланди.

Қозоғистон Президентининг жорий йил апрель ойидаги Ўзбекистонга илк давлат ташрифи дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга ўзаро интилишнинг тасдиғи бўлиб, икки томонлама ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлагани қайд этилди.

Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликка доир, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.

Келгусидаги, жумладан, кўп томонлама ташкилотлар тадбирлари доирасидаги олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Президентлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш устувор аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидладилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг