Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саид-Абдулазиз Юсупов

Мен миллатимни бошқарилувчи эмас бошқарувчи, тарошланувчи эмас тарошловчи сифатида кўргим келади.

Қардошлик қайғуси

Қардошлик қайғуси

Шавкат Мирзиёев (ўнгдан чапга) ва Нурсултон Назарбоев

Фото: «Akorda.kz»

Одам Ато болалари ўртасидаги зиддият ҳақида кўпчилик ўқигандир. Шайтоннинг қутқуси билан арзимаган нарса деб Қобил Ҳобилни ўлдиради. Шундан бери қўли қонга ботган одамзот қотиллик, фитналар тузоғида ўралашиб келади.

Дастлаб Одам Ато ва Момо Ҳавони, сўнгра Қобилни йўлдан урган Иблис бўлса, бугун унинг фитналарини маҳорат билан ўзлаштирганлар бор. Уларнинг юзу кўзи сиз билан меникидан фарқ қилмайди. Аммо миллатлар, элатлар орасини бузиш, қутқу солишда шайтонга ҳам дарс беришса ажабмас.

Фитнашуносликда синалган бир усул бор: қайсидир оила ёки миллатнинг уйига ўт қўймоқчи бўлсанг, олов ёқиш шартмас. Ака-укани бир бирига гиж-гижлаб қўйсанг бас. Ўзлари ўтин топиб, ўзлари бир-бирининг уйини ёқиб юборади.

Айниқса, дунё бўйича гегемонликка даъво қилувчи кучлар турли халқлар, қардош миллатлар, қўшни давлатлар орасига нифоқ солишнинг ҳадисини олишган. Қандайдир бир сабаб топиб нафақат халқларни, балки давлатларни бир-бирига қарши қилиб қўйиш улар учун ҳеч нарсамас.

Сўзимни оддий мисол билан исботлашим мумкин. Буни эксперимент тариқасида синаб кўриш ҳам мумкин Тасаввур қилинг: иккита ака-ука. Улар бир-бирига жуда меҳрибон, қайишадиган. Ота-онасидан яхши тарбия кўришган, бир-бирига оқибатли бўлиб улғайган. Аммо юқоридаги усул орқали уларнинг-да орасини бузиш ҳеч ишмас.

Қандай қилиб дейсизми?! Одамларнинг ичида аввал кичигини мақтанг, паҳлавон бу денг, худо берган кучи бор денг, роса ақлли денг. Акасига назар солинг: акаси укасини мақтаганингиздан фахрланади. У билан ғурурланади. Гапнинг охирида эса у шундай зўрки, акасидан ҳам зўр деб қўйинг. Акасига назар ташланг. Ҳамияти топталганини сезасиз.

Шеригингиз эса акасини мақтай бошласин. Укасига қаранг. Акаси билан фахрланиб туради. Аммо сўзининг охирида шеригингиз сизга қараб «укасини шунча мақтадинг, аммо акаси уни бир мушт билан ағдара олади» десин. Ана шунинг ўзи кифоя. Ака-ука зимдан рақибга айланади. Умрбод. Ота-онадан юққан меҳр ўрнини қаҳр эгаллайди. Бир умр бири иккинчисидан устунлигини исботлаш учун аввал соғлом рақобат қилади, кейин ноҳалол усулларга ўтади.

Эътибор қилинг, сиз ҳам, шеригингиз ҳам ака-укани бир-бирига ёмонламадингиз. Бир-бирингга душман бўл демадингиз. Шунчаки омма олдида ўз фикрингизни баён этдингиз. Асосли тахминларингизни айтдингиз. Фикр айтиш гуноҳ эмас-ку, тўғрими? Сиз гуноҳ қилмадингиз. Аммо натижа-чи?! Натижа шуки, ҳақиқат суви билан ёвузлик дарахтига сув қуйдингиз, фитна билан адоват уруғини экдингиз.

Буларни нега ёзаяпман?!

Қозоғистонда рўй берган фожиадан хабарингиз бор. 52 кишининг ўлимига сабаб бўлган бу мудҳиш ҳодиса биз учун катта мусибат бўлди. Давлат раҳбари ҳам мазкур ҳодисага муносабат билдирди, кўрилган тадбирлар натижасида фожиа қурбонларининг шахси қисқа муддатда аниқланди, жасадлари юртга олиб келиниб, дафн қилинди. Шунинг баробарида, мусибатзада хонадонларга моддий-маънавий кўмак берилди.

Шу ўринда холис туриб айтиш керакки, мазкур фожиа рўй бергани маълум бўлгач, Қозоғистон имкон даражасида ҳамма ёрдамни кўрсатди: ҳалокатдан омон қолганлар(улар орасида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор)га тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш, фожиа сабабларини ўрганиш, қурбонларнинг жасадларини ёниб кетган автобусдан чиқариб олиш, уларнинг шахсини аниқлаш учун мутасадди органлар сафарбар этилди. Ўзбекистон томонидан фожиа сабабларини ўрганиш учун тузилган ҳукумат комиссиясининг ишлаши учун зарур шароит яратилди, кўмак берилди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 24 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилиб, Қозоғистонда ўзбекистонлик фуқароларнинг вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Икки давлат раҳбари телефондаги сўзлашув чоғида бўлажак учрашув олдидан қилинадиган ишларни муҳокама этишди, жумладан, икки давлат ўртасида ҳал этилиши керак бўлган масалалар ва икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида фикр алмашишди.

Воқеа содир бўлгандан бери қозоқлар биз билан тенг қайғуришди. Ижтимоий тармоқларда улар ёзиб қолдирган изоҳларга кўзингиз тушгандир. Ўзбек халқига, фожиа қурбонларининг оилаларига юракдан билдирилган ҳамдардликда, марҳумларнинг ҳақига қилинган дуоларда ғайирлик йўқ, назаримизда. Қардош бўлса, шунчалик бўлар-да! Бироқ минтақадаги тинчлик, давлат раҳбарлари ўртасидаги тотувликни кўролмаётган кучлар мазкур фожиадан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётир. Қандай қилиб дейсизми?

Ҳалокат содир бўлган 18 январдан бери бу воқеанинг қандай рўй бергани, ёнғин «учинчи қўл»нинг аралашуви натижасида келиб чиққан бўлиши мумкинлиги, 52 эркак автобус ойнасини синдириб чиқолмаганида бир гап борлигини тахмин қилмаган одам қолмади. Эмишки, ҳодисада «рэкетчиларнинг қўли бормиш», «автобусга кимдир граната ташлаганмиш», «ёнғинни қозоқларнинг ўзи чиқарганмиш, шу боис ўзлари тирик қолганмиш» ва ҳоказо...

Албатта, бундай тахминлар ўз-ўзидан тилга чиқмаяпти. Айрим хорижий оммавий ахборот воситалари билдирган тахминлар таъсирида юзага келмоқда. «Нима қипти, тахмин қилиш ҳам мумкинмасми?», — дейишингиз мумкин. Аммо аслида бу хабарлар зимдан одамларнинг онг остига юборилган бўлиб, асл мақсад икки қардош халқ ва дўст давлат ўртасига адоват солишга қаратилган.

Бундан бир йилча аввал Яқин Шарқ мамлакатларидаги катта давлатларнинг, катта кучларнинг катта мақсадлари деярли якун топганини, Ўрта Шарқ лойиҳаси ниҳоясига етиб, навбат Ўрта Осиёга келиши мумкинлиги ҳақида ёзгандим. Бу фикримни рад этиб бўлмас далиллар билан асослаб бергандим ҳам. Вақтнинг ўтиши ана шу фикрнинг тўғрилигини кўрсатмоқда.

Яқинда йирик геосиёсий ўйинчилардан бири Ўрта Осиё минтақасида Қозоғистон лидер эканини таъкидлаган бўлса, иккинчиси Ўзбекистон ўз ривожланиш ва ислоҳотлар суръати билан минтақа лидерига айланаётганини алоҳида эътироф этди. Четдан қараганда бу гаплар холис фикр сифатида айтилгандек туюлса-да, бундан ҳар икки тараф ўз манфаатини кўзлагани тайин.

Энди юқорида қайд этганимиз икки ҳолатнинг параллел рўй бераётганини инобатга олсак, асл ҳақиқат юзага чиқади. Қозоғистон минтақада иқтисоди энг ривожланган мамлакат эканлиги рост. Ўзбекистон эса минтақадаги энг муҳим геостратегик давлат. Аммо улар бир-бирига душман эмас. Қардош миллат ва қардош давлатлар.

Президент Мирзиёев минтақада тинчлик ва ривожланишни таъминлаш учун энг аввало ўзаро муносабатлар(савдо-иқтисодий, сиёсий, маданий алоқалар)ни яхшилаш ташаббуси билан чиқди. Бу таклиф минтақадаги барча давлатлар тарафидан қўллаб-қувватланди. Бу эса, албатта, Ўрта Осиё ҳудудидаги қардош мамлакатларнинг сиёсий-иқтисодий жипслигини истамаётган, минтақада бошқа геосиёсий манфаатларни кўзлаган кучларга маъқул келмаяпти, назаримизда.

Араб мамлакатларидаги нотинчлик сабабларини бир эсланг. Гўёки бир-бирига душман гегемонлар бири Муаммар Қаддофий бошчилигидаги Ливияни, бошқаси эса Саудлар оиласини Араб давлатлари лигасининг лидери сифатида тан олиши ва қўллаб-қувватлашини айтганди. Натижа шу бўлдики, Араб давлатлари лигасида ҳамма ютқазди. Саудлар оиласи зўр деганлар ҳам, Қаддофийни қўллаганлар ҳам. Ютганлар эса яна ўша гегемонлар бўлди. Азалий ҳақиқат ўз иботини топди: қиморда ўйнаган эмас, ўйнатган ютади!

Энди эса ўз уйдирма «ҳақиқатлари» ортидан сенсация яратишга интилаётганлар хусусида. Уларни асло бевосита катта қимор ўйинини ўйнатмоқчи бўлган кучларга бевосита хизмат қилишда айбламайман. Аммо уларнинг хоинлигини ҳам инкор этмайман. Уларга хизмат қилмаса қанақасига хоинлик қилиши мумкин дерсиз?! Жавоб ўрнида Шайх Муҳаммад Ғаззолий ҳазратларининг гапидан иқтибос келтираман: «Хоин бўлишинг учун онгли равишда хиёнат қилишинг шарт эмас, аҳмоқ бўлишинг кифоя!».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг