Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент топшириқлари юзасидан сенаторлар учун амалий семинар ўтказилди

Президент топшириқлари юзасидан сенаторлар учун амалий семинар ўтказилди

2020 йил 23 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида сенаторлар учун амалий семинар бўлиб ўтди.

Муҳокаманинг асосий мавзуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифаларни бажаришга қаратилган сенаторларнинг фаолиятидаги долзарб масалалар бўлди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева парламент юқори палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида сўз юритар экан, сенаторлар ҳудудлар манфаатларини ифода этишини, бу эса Олий Мажлис Сенатининг қонун ижодкорлиги фаолиятида акс этишини таъкидлади. Келгусида қабул қилинадиган жойларда ҳам сенаторлар, ҳам маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама этилиши лозим бўлган қонунлар сифати учун ҳар бир сенатор масъул эканлиги таъкидланди.

Сўзга чиққанлар Сенатнинг Қонунчилик палатаси билан ҳамкорлик қилиш, назорат-таҳлил фаолиятини олиб бориш, ижро этувчи органлар ишлаши устидан парламент назоратини амалга оширишнинг асосий йўналишларига тўхталди.

Семинарда сенаторлар парламент юқори палатасининг халқ депутатлари Кенгашлари билан самарали яқин ҳамкорлигини таъминлашга доир ўз таклифларини билдирди, намунали халқ депутатлари Кенгашларини шакллантириш бўйича ишларни йўлга қўйишнинг аниқ йўлларини таклиф қилди.

Давлатимиз раҳбарининг маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларида сенатор кабинетини ташкил этиш, шунингдек аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда парламент ва депутатлар сўровларининг механизмларидан кенгроқ фойдаланиш ҳақидаги ғояси муҳим экани таъкидланди.

Шунингдек, Сенат девони фаолиятига оид амалий жиҳатлар, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш ва жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам ёритилди.

Семинар амалий мулоқот, савол ва жавоб шаклида ўтказилди.

Манба: senat.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг