Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон–Европа иттифоқи: 25 йиллик ҳамкорлик ҳақида 25 факт

Ўзбекистон–Европа иттифоқи: 25 йиллик ҳамкорлик ҳақида 25 факт

Фото: ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонаси

Бундан роппа-роса 25 йил аввал – 1994 йил 16 ноябрда Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилган эди. Ўтган чорак аср мобайнида Тошкент ва Брюссель робиталарида тарихий аҳамиятга молик кўплаб ҳодисалар рўй берди. Эътиборингизга 25 йиллик ҳамкорликка оид 25 факт ҳавола этилмоқда.

1. 1996 йил июнь. Флоренция шаҳрида ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида шериклик ва ҳамкорлик келишуви имзоланди. 1999 йил 1 июлдан кучга кирган мазкур келишув сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар, сармоя, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, қонунчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик, маданий-гуманитар робиталар каби жабҳаларни қамраб олади.

2. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига кўра, мамлакат мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб Европа билан ҳамкорликни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган.

3.«Erasmus+» – ЕИнинг таълим бўйича 2014-2020 йилларга мўлжалланган йирик дастуридир. Мазкур дастур 1994 ҳамда 2007 йилдан амалга татбиқ этилган «Tempus» ва «Erasmus Mundus» лойиҳаларининг мантиқий давоми саналади. «Erasmus+» дастурининг 2014-2020 йиллардаги умумжаҳон бюджети 14,7 миллиард еврони ташкил этади.

Тошкентда ҳам Erasmus+ миллий идораси фаолият юритмоқда. Ушбу дастур доирасида юртимиздаги талаба, докторант, олий ўқув юртлари ўқитувчи-ходимларига «кўҳна қитъа» университетларида қисқа малака ошириш ёки тўлиқ таълим имкони тақдим этилади.

4. 2007 йилдан буён Тошкент ҳамда Брюсселда инсон ҳуқуқлари бўйича, шунингдек, адлия ва ички ишлар бўйича йиллик мулоқотлар ўтказилади.

5. 2011 йил 24 январь. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Брюсселга сафар қилди. Ташриф доирасида Европа комиссияси раиси Жозе Мануэль Баррозу ва бошқа расмийлар билан учрашувлар ўтказилди. Қайд этилишича, мазкур ташриф ЕИнинг Ўзбекистон билан турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни тенг ҳуқуқлилик ва шериклик асосида кенгайтиришга бўлган қизиқишини намоён этди.

6. ЕИ Ўзбекистонда хусусий сектор, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш мақсадида менежмент таҳсил дастурини амалга татбиқ этиб келмоқда. Мазкур дастур доирасида кўп сонли бизнес бошқарвчилари ЕИ давлатларида замонавий менежмент сирларини ўрганиб қайтди.

7. Европа комиссиясининг техникавий кўмагида бизнес ва туризмни ривожлантириш, транспорт логистикаси, чегараларни бошқариш, наркотик воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда 35 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

8. Брюссель Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасига йирик грант маблағлари тақдим этиб келади. Хусусан, 2014-2020 йилларда икки томонлама ҳамкорлик доирасида қишлоқларни ривожлантириш, фермерлар ва қишлоқ аҳолиси даромадни кўпайтириш, секторнинг рақобатбардошлиги ва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида 168 миллион евро ажратилган.

9. Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик келишуви доирасида парламент ҳамкорлиги қўмитаси ҳамда кичик қўмиталарни ўз ичига олган 6 та ҳамкорлик ташкилоти фаолият юритмоқда.

10. 2017 йилда Ўзбекистондан ЕИ мамлакатларига асосан кимёвий моддалар (53 фоиз), саноат моллари (27 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари (10 фоиз) ва бошқа товарлар экспорт қилинган.

11. 2011 йил 31 май. Ўзбекистонда ЕИнинг ваколатхонаси расман аккредитациядан ўтди. 2016 йил 19 сентябрдан буён латвиялик дипломат Эдуардс Стипрайс ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқда. Э.Стипрайс ЕИнинг юртимиздаги учинчи элчиси саналади.

Элчи Эдуардс Стипрайс. Фото: ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонаси

12. 2017 йил 9-10 ноябрь кунлари Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини «Европа иттифоқи – Марказий Осиё” вазирлар учрашувида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ушбу ташриф доирасида у президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди.

13. 2018 йилда Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 3,73 миллиард АҚШ долларига етди.

14. 2017 йилдан Европа инвестиция банки (ЕИБ) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистон билан ҳамкорликни янгидан йўлга қўйди. 2017 йил октябрда Ўзбекистон ЕИБ билан ҳамкорлик бўйича битим имзоланди, 2017 йил ноябрда ЕТТБ Тошкентда ўз ваколатхонасини очди.

15. ЕИ 2003-2019 йилларда BOMCA дастури доирасида Марказий Осиё мамлакатларига 40,1 миллион евро ажратди. BOMCA (Border Management Programme in Central Asia) дастури 2003 йилда амалиётга жорий этилган бўлиб, у Марказий Осиё давлатлари ўртасида чегаралар бошқаруви бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

16. 2018 йил 27 март Тошкентда «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги машварат ўтказилди. Унда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини ҳам қатнашди. У ўз нутқида Афғонистондаги вазиятни барақарорлаштиришга оид расмий Тошкент ташаббусини қўллаб-қувватлаши, бу масала Брюсселнинг ҳам доимий эътиборида эканини қайд этди.

17. 2018 йил якунига кўра, Германия (874 миллион), Литва (795 миллион), Латвия (497 миллион), Италия (340 миллион) ҳамда Франция (267 миллион) Ўзбекистоннинг ЕИдаги асосий савдо ҳамкорлари саналади.

18. 2017 йилда Ўзбекистон раҳбарияти Брюсселга шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни янгилаш таклифи билан мурожаат қилди. 2018 йил 23 ноябрда кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим юзасидан расмий музокаралар бошланди.

19. Мамлакатимизда ЕИга аъзо давлатлардан жалб қилинган инвестициялар иштирокида 1000 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

20. 2019 йил 31 май. Тошкентда Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳамда Европа кенгаши президенти Дональд Туск учрашуви бўлиб ўтди. Музокараларда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида конструктив сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инновацион, илмий-техник ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик ривожланиб бораётгани қайд этилди. Европа кенгаши раҳбарининг Ўзбекистонга илк ташрифи дипломатик алоқаларнинг 25 йиллигига тўғри келди.

Шавкат Мирзиёев ҳамда Дональд Туск. Фото: “Twitter/eucopresident”

21. 2019 йил июль. Европа иттифоқи барқарор истеъмол ҳамда ишлаб чиқариш ва минтақада яшил иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Марказий Осиё учун «Осиё ўзгаришларини қўллаб-қувватлаш» (SWITCH-Asia) дастурини амалга оширишга киришди. Ушбу дастур 2007 йилда ЕИ томонидан жорий этилган бўлиб, унинг доирасида ўтган йиллар давомида Осиёдаги ўнлаб мамлакатлардаги барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш жараёнлари рағбатлантирилди. Эндиликда дастур Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонни ҳам қамрайди.

22. 2019 йил 12 ноябрь. Евроиттифоқ Ўзбекистонга GSP+ тизими доирасида 6 мингдан ортиқ товарларни бож тўловисиз олиб киришда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳамда ЕИнинг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Фил Ҳоганнинг Брюсселда ўтган учрашувида тариф ва тарифсиз тўсиқларни бартараф этиш, стандартлаштиришнинг Европа тизимларини киритиш, сертификатлаш ва сифатни бошқариш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

23. 2019 йил 17 июнь. ЕИ Марказий Осиё бўйича янги стратегия қабул қилди. «Европа иттифоқи ва Марказий Осиё: мустаҳкам ҳамкорлик учун янги имкониятлар» деб номланган ҳужжат Бюрсселнинг минтақа давлатлари билан муносабатлари тарихида янги саҳифа очиши кутилмоқда. Брюссель расмийларига кўра, янги геосиёсий воқелик ҳамда робиталарни мустаҳкамлаш талаби ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишга ундади.

«Биз – европаликлар, бу ерда (Марказий Осиёда) асло геосиёсий манфаатлар ёки ўйинларни кўзлаётганимиз йўқ... Бу ерда эканимизнинг боиси шуки, биз ушбу минтақанинг салоҳиятига, энг асосийси ушбу минтақа халқларининг салоҳиятига ишонамиз. Марказий Осиё бўйича янги стратегиямизнинг ўзак-моҳиятини ҳам шу ташкил этади», – дейди Федерика Могерини.

  1. Федерика Могерини Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари билан. Фото: Ўзбекистон ТИВ

24. 2019 йил 11 ноябрь. ЕИ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши учун 5 миллион евро грант ажратди. Ушбу маблағ ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида зарур ҳужжатларни тайёрлаш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг ЖСТ келишувлари ва халқаро савдо тизимига оид билимларини оширишда ишлатилади.

Айни пайтда глобал савдонинг 96 фоизи ЖСТга аъзо 164 давлат ҳиссасига тўғри келади. Собиқ Иттифоқ давлатларидан 12 таси (Арманистон, Эстония, Латвия, Литва, Украина, Молдова, Россия, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистан) халқаро ташкилотга кирган, Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбойжон ҳали аъзо бўлганича йўқ.

25. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йил 12 ноябрь куни Брюсселда ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида ҳал этиб бўлмас масала қолмаганини маълум қилди. Вазир икки ўртадаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим 2020 йилда президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга ташрифи доирасида имзоланишини билдирди.

Собир Салим тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг